25 July 2020
18:36 - Хитой дипломатлари Хьюстонни тарк этишгани хабар қилинди
Хитой Халқ Республикасининг АҚШдаги Хьюстон шаҳрида жойлашган Бош Консуллиги ходимлари энди ишларини, Америка ҳукумати талаби билан ёпиб қўйилган бинони ташлаб чиқиб кетишгани сабабли, бошқа жойлардан давом эттиришади. Бу ҳақда “Houston Chronicle” газетасига асосланиб хабарлар тарқатилди.

Дипломатик миссия вакиллари консулликни кеча маҳаллий вақт билан 16:00 да бўшатишлари лозим эди. Белгиланган муддатга яқин полиция бино атрофидаги ҳудудни беркитди, яна бироздан сўнг Бош консуллик ичкарисидан 3 та фургон чиқиб кетди. Автомобилларнинг иккитаси дипломатик рақамли эди.

Тахминан 16:40 ларда бинонинг орқа томонидаги эшигидан бир неча киши кириб кетди. “Houston Chronicle” ахборотида улар орасида Давлат Департаменти вакили ҳам борлиги айтилган.

Аввалроқ “Reuter” агентлиги америкалик мулозимлар экани фараз қилинган одамлар консуллик биносининг орқа эшигини куч билан очмоқчи бўлганликлари ҳақида хабар берганди.

Эслатиб ўтамиз, Қўшма Штатлар 22 июль куни ХХРнинг Хьюстондаги Бош консуллигини ёпиш талаби билан чиққан ва бу қарорни интеллектуал мулкни ва америкаликлар шахсий ахборотини муҳофазалаш зарурати билан асослаганди. Пекинда эса воқеани сиёсий можаро сифатида талқин қилишди ва бунга "кескин жавоб берилиши"ни ваъда қилишди.

Хитой томонидан дастлабки жавоб қадами АҚШнинг Сычуань провинцияси Чэнду шаҳридаги Бош консуллигини ёпиш талаби тўғрисидаги қарор орқали ташланди. Хитой ТИВ масъуллари бунинг учун масъулият тўлиқ Вашингтон зиммасида эканини таъкидлашди.

Сўнгги пайтларда АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабаталар анча кескинлашгани яққол намоён бўлмоқда. Вашингтон ва Пекин бир-бирига кўплаб иқтисодий эътирозлар билдиришяпти. Бундан ташқари, Америка маъмурияти Хитойни коронавирус билан боғлиқ вазиятдан виждонан хабардор этмаганликда ҳам айбламоқда, Пекин эса Вашингтон мамлакатнинг ички ишлари, жумладан Гонконг билан муносабатларига аралашувини қаттиқ қораламоқда.