16 July 2009
08:20 - Чечен ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлдирилиши бўйича жиноий иш очилди
Кеча эрталаб Жавҳарқалъада ҳуқуқ ҳимоячиси, Мемориал марказининг ходими Наталья Эстемирова ўз уйи олдида ўғирлаб кетилгани, кейин унинг жасади топилгани ҳақида хабар бергандик.

Рус ахборот агентликларидан маълум бўлишича, Наталья Эстемированинг жасади Жавҳарқалъадан 100 км узоқликда, Ингушистин ҳудудида “Кавказ” трассаси бўйидан 100 метрча ичкариликда топилган экан. Бу ҳақда Ингушистон бош прокурори Юрий Туригин маълумот берган. “Жиноятчиларни Наталья Эстемирова ўғирлаб кетилган ерда қидириш керак” деган Ингушистон бош прокурори, бу жиноят бўйича маъсулиятни Чеченистонга юклади.

Бу қотиллик бўйича жиноий иш очилганини билдирган Юрий Туригин, бу ишни Чеченистон ва Ингушистоннинг тегишли органлари ҳамкорликда олиб боришлари кераклигини гапирган.

“Мемориал”нинг Наталья Эстемированинг ўлими ҳақида тарқатган баёнотида, бу жиноятнинг орқасида Чеченистон президенти Рамзон Қодиров тургани очиқча айтилади.Чеченистон расмийлари, хусусан Рамзон Қодировнинг ўзи ҳуқуқ ҳимоячисини қўрқитишга ҳаракат қилиб келганлари хусусида аниқ фактлар келтирилади. Рамзон Қодиров президент Медведевга ёқиш учун шундай ишлар қилаётгани алоҳида урғуланади.

Президент Дмитирий Медведевнинг ўзи бу қотилликни қоралаб, қотиллар шафқатсиз жазоланиши кераклигини айтган бўлса, Рамзон Қодиров шубҳаларни ўзидан соқит қилиш мақсадида бўса керак, бу ишни шахсан назорат остига олгани, бундай қотиллик қилганлар жамият учун террорист ва ваҳобийлардан ҳам кўпроқ хавф солишини айтган.