15 July 2009
01:42 - Самарқандда навбатдаги операция - “Қорадори-2009”
“Гиёҳвандлик иллатидан дунёдаги қанчадан-қанча инсонларнинг ёстиғи қуриётганлиги ҳаммага аён. Бироқ шунга қарамасдан уни етиштириб, ўзгалар ҳаётини заҳарлаш эвазига бойлик тўплашга уринаётган шахслар орамизда ҳамон учраб турибди. Бундай шахсларнинг қилмишини фош этиб, заҳри қотил йўлига ғов қўйиш мақсадида туман ИИБ ходимлари томонидан «Қорадори-2009» тадбири амалга оширилди” дейилади , - дейилади Иштихон туман ИИБ ХООБ бошлиғи Б.Жамолов имзоси билан босилган Zarafshon газетасидаги (№82, 4 июль, 2009 йил) хабарда.

Бу операция натижасида 9 кишига нисбатан жиноий иш қўзғатилган, айбдор шахсларнинг томорқасида ўстирилган 1750 туп кўкнори ўсимлиги йўқ қилинган.

Ҳа, ҳар йили баҳорнинг охири ёзнинг бошида мазкур тадбирнинг ўтказилишига вилоятимиз аҳолиси кўникиб қолган, - дейди маҳаллий бирликчиларнинг етакчиси Холиқназар Ғани. -Осмонда қўққисдан пайдо бўлган вертолёт пастлаб, баъзан учувчисини ердагилар бемалол кўрса бўладиган баландликда, аҳоли яшайдиган жойларнинг устида чарх уриб у ёқдан бу ёққа уча бошлайди. Майда болалар учун бу қизиқ томоша. Лекин катталар уни асосан тушуниш билан қабул қилсаларда, кўнгилда беҳузурлик туядилар. Ахир, уйингнинг нах устида бир неча тонналик темир-терсак муаллақ осилиб турса, бунга қандай қилиб баҳузур қараб туриш мумкин.