14 June 2020
20:25 - Абдураҳмон Ташанов: Муаммо тизимда эмас, тузумдадир!..

Андижонлик йигитни мелисалар уриб ўлдиргани борасидаги ижтимоий тармоқ муҳокамаларига қўшилмоқчи эмасдим. Чунки қийналаман, юрагим оғрийди. Мелисанинг шунчалар ваҳшийлиги, тизимнинг чириб битгани, бундан аввалги қийноқ фактлари кўз олдимдан лентадек ўтаверади. Мудом жазоланмай қолаётган миршаббошилар ёки қотиллиги учун қамалиб, бир йилдаёқ озодликка чиққан ҳайвонсифат жиноят қидирув ходимлари эсимга тушаверади.

2009 йилда бир гуруҳ милиция ходимлари опа-сингил Соатоваларни изоляторда зўрлашди. Мазкур ишдаги терговчи ҳозирда ИИВнинг энг муҳим бошқармаларидан бирига раҳбарликка тайинланди. Қашқадарёда бир туманнинг ўзида 2 йигитни уриб ўлдирганлар ҳозир ҳам ишлаб юрибди. Қарши шаҳрида гумондорнинг к..тига дубинка тиққанлар ҳам озодликда.

Ўтган галги постимда халқ артисти Юлдуз Усмонованинг мелисаларни ҳақорат қилгани ортидан уюштирилган ажиотаж ҳақида ёзгандим. Халқ вакилини ҳимоя қилиб, икки оғиз гапирганимга бутун тизим оёққа турди. Бир томондан троллар армияси, иккинчи томондан милиция генералларининг арзандалари, хотинлари, учинчи томондан Юлдузни эси оққанга чиқарган ИИВ мулозимлари...

Юлдуз запретга тушди, тизимни танқид қилмоқчи бўлганларнинг оғзига кишан урилди...

Натижада Андижонда тизимнинг бундай метин ҳимоясидан руҳланган мелисалар туппа-тузук навқирон йигитни уриб ўлдирди. Қани, энди гапиринг “халқ жонкуярлари”!

Йўқ, гапира олмайсизлар. Чунки таомил шунақа. Мелиса уриб ўлдиради, уч-тўрт кунлик шов-шув, кейин Бош Прокуратура навбатчисининг шоуси. Шу билан вазият яна изига тушади, кейинги қийноқ қурбонигача лўттибоз расмийларимизнинг қийноқ ҳали ҳам бор экан-а, деган енгилгина иқрори. Ҳамма президентнинг бу борадаги бир оғиз каломини кутади: алмисоқдан қолган гаплар...

Биз иккиюзламачилик билан яшамоқдамиз, азалдан ҳам иккиюзламачи бўлиб келганмиз. Ўттиз йил қийналдик, дардимиз ичимизда эди, деймиз. Аммо ўша қийнаганлар, қийноққа солганларга ҳайкал қўйиб, унинг пойини гуллар билан тўлғазамиз. Бу билан унинг йўлини давом эттираверамиз.

Агар йўқ десангиз, жавоб беринг - силжимаётган ислоҳотлар?! Баландпарвоз шиорлар, ҳатто формати ўзгармаган ТВ?! Милиция, қийноқлар... Тизим тепасидаги алматовлар, матлубовлар?!

Андижондаги қотиллик юзасидан ижтимоий тармоқларда депутат Кушербаев мелисаларнинг тиз чўкиб кечирим сўраши кераклиги ҳақида ёзибди. Кўплаб жамоатчилик вакиллари Саакашвили сценарийсини таклиф қилмоқда. Яна кимдир милицияни - полицияга айлантириш тарафдори. Балки тўғридир. Оломонга қўйиб берсангиз, ҳатто Америка воқеаларини содир этишдан тоймайди.

Аммо масаланинг ечими аввало вазиятга аниқ баҳо бериш ва унга тўғри ташхис қўйишдан, касалликни тан олишдан бошланади. Зотан, касалликни тан олмай туриб, уни даволаш мумкин эмас.

Менимча, ташхис - муаммо тизимда эмас, тузумдадир. Чунки тузум адолатли бўлганида, бундай шармандали тизимни аллақачон сиқиб чиқарган бўлардик.



Расмда: Шу мақоланинг ёзилишига туртки бўлган даҳшатли воқеа – одам ўлдириб юзи қон ичида қолган ҳайвон ва шу ҳайвондан ўрганиб ўлдирилган андижонлик бир бечора тадбиркор.

Abdurakhmon Tashanov
Facebok саҳифасидаги мақола