14 June 2020
15:41 - Кечикиб келган даҳшатли хабар: Тошкент вилояти Сурум маҳалласидаги фожеанинг айбдорлари ким?

Ўтган йилнинг 11 ноябрида Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани Сурум маҳалласи хонадонларидан бирида ер остидан ўтган юқори босимли газ қувури тешилиб, ундан сизиб чиққан газ Рустам Каримов хонадонини портлатганди.

Рустамнинг ўзи, онаси ва кейинчалик ўғли вафот этган, икки қизи ва аёли тананинг 75 фоизли куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилган, ҳозир ҳам шифохонада. Жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ тумани судида ана шу фожеа айбдорлари устидан суд жараёни бошланди ва шу жараённи кузатиб боряпман.

Маълум бўлишича, “Саноатгеоконтехназорат” Давлат инспекцияси рухсати асосида Ўртачирчиқ туманида жойлашган “Бинокор” газ тақсимлаш станциясидан Сергели тумани Кичик халқа йўли кўчаси 120-уйда жойлашган “Mega oil biznes” номли автомобилларга газ қуйиш шаҳобчасига ер остидан полиэтилен газ қувурларини ўтказиш ишлари сифатсиз бажарилган. Боз устига, фожеа содир бўлган куни газчиларимиз заправкага ҳотамтойлик қилиб, меъёридан ортиқ босим берган. Натижада бир хонадон бошига тушган фожиани таърифлашга тил ожиз.

Жиноят иши доирасида қамоққа олинган икки нафар шахс участка профилактика нозирлари. Улар жиноят ҳақида хабар бермаслик ва совуққонликда айбланмоқда. Очиқдан судга қатнаётган яна 4 киши газ идораси ходимлари - судга ўзларининг айбдор эмаслигини уқтиришга уринмоқда.

Жиноят иши материлаларига кўра, газ заправкага станциядан 10 720 метр узунликдаги полиэтилен трубалари стандартларга зид равишда ётқизилган. Трубани изоляцияловчи қум ва бошқа ҳимоя воситалари қўйилмаган. Натижада труба ёрилиб, фуқаронинг уйига 47,5 метр (!) узоқликдан ер ости орқали газ сизиб кирган.

Фожеадан сўнг трубанинг 500 метрлик қисми алмаштирилган, холос. Мантиқан олганда, яроқсиз трубанинг қолган қисми потенциал портлаш хавфи билан ишлаб турибди. Яна қачон, кимнинг уйи портлайди, худо билади...

Билганимиз шуки, параллеллик ўтказилганида бу хам Сардоба каби қурилиши сифатсиз бўлган иншоот. Унинг тафтишлари даврида ҳам қилни қирқ ёрадиган терговчиларимизнинг малакаси, профессионал лаёқати шундоқ бўй кўрсатмоқда. Фикримча, ҳозирги жиноят иши доирасида бундай юзаки айбловлар билан ҳеч ким қамалмайди.

Шунингдек, ўлган уч одам ҳаётга қайтмайди. Уч нафар ногирон эса қайтиб оёққа турмайди...

“Эзгулик” Жамиятининг Интернетдаги сайтида 12 июнда эълон қилинган хабар

* * * * *

“Ҳаракат”: Интернетдаги бу саҳифанинг бошқарувчилари билан алоқа қилиш имкони бўлмади. Аммо, айтиш керакки, бу даҳшатли хабарга видео-лавҳа ва яна бир нечта расм илова қилинган, уларнинг ҳаммасини бу ерга қўйиш имконимиз бўлмади.