13 July 2009
02:45 - Эрон Хитойни Уйғуристондаги мусулмонларни ҳимоя қилишга чақирди, Марказий Осиё давлатлари ҳали ҳам жим
Эрон Хитойни Уйғуристондаги мусулмонларни ҳимоя қилишга чақирди, Марказий Осиё давлатлари ҳали ҳам жим

Эрон ташқи ишлар вазири Манучехр Моттаки хитойлик ҳамкасби Ян Цзечи билан телефонда гаплашди ва Уйғуристонда бўлаётган воқеалар туфайли хавотирлигини билдирди.

Бу ҳақда Эрон оммавий ахборот воситалари хабар тарқатишди. Масалан, ISNA агентлигининг билдиришича, Манучехр Моттаки Хитойда яшайдиган мусулмонларнинг хавфсизлиги ва тинчлиги ҳимоя қилиниши кераклигини алоҳида уруғулаган. Айни замонда, дебди Эрон вазири, бу автоном ўлкада барқарорликни бузмаслик учун ташқи кучларнинг у ердаги воқеаларга аралашишига йўл берилмаслик керак.

Аммо, ташқи кучлар деганда нима тушунилиши хабардан маълум эмас. Пекин ҳукумати ҳам Уйғуристонга нисбатан ташқи кучми ёки йўқ?

Хитойнинг вазири Шинжон-Уйғур ўлкасида аҳвол нормаллашаётгани, Хитой ҳукумати диний ва миллий озинликларнинг ҳуқуқларини тўла таъминлаётганини гапирибди.

Диктаторлик ҳукумрон бўлган Хитойдек мамлакат вазирининг ҳақ-ҳуқуқлар ҳақидаги сафсаталари диққатга лойиқ эмас. Лекин, Эроннинг бу маслада бепарво қолмаётганини олқишлашга ҳам шошадиган жойи йўқ. Чунки, бу мамлакат ҳукуматининг ўзи яқиндагина сайлов натижаларига қарши чиққан мухолифатни қонга ботирган эди.

Диққатга сазовор бўлган нарса, Марказий Осиёдаги туркий давлатларини Уйғуристондаги воқеаларга кўз юмиб туришидир.
.