12 July 2009
22:38 - АҚШ ҳайъати Ўзбекистонга сафарини фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашишдан бошлади
Бугун Тошкентга келган АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уилям Бернс ва АҚШ Президентининг махсус ёрдамчиси, Миллий Хавфсизлик Кенгашининг Россия ва Евросиё бўлими директори Майкл МакФол сафарини фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувдан бошлашди. АҚШнинг мамлакатимиздаги элчилигида ўтган учрашувда “Бирлик” Партияси МК аъзоси, адвокат Руҳиддин Комилов, Тошкент шаҳар Адвокатлар палатаси собиқ раиси Гулнора Ишанханова, Тезкор Аксилтаъсир Гуруҳи таҳлилчилари Шуҳрат Ғаниев ва Суҳроб Исмоилов, “Эзгулик”чи журналист Абдураҳмон Ташанов ҳозир бўлишди.

АҚШ элчиси Ричард Норланд меҳмонларни таништиргач, сўз адвокатларга тегди ва Гулнора Ишанханова Ўзбекистон ҳукумати ҳамкасбларини тўла жиловлаб олгани, адвокатлар қонунчиликдаги сўнгги “ислоҳот”лар жабрини узоқ тортишини мисоллар билан тушунтирди. Руҳиддин Комилов эса вазиятни далиллар орқали изоҳлар экан, ўзининг тегишли лицензиядан маҳрум қилинганини таъкидлади. Суҳроб Исмоилов мамлакатда диний эркинликлар, сиёсий маҳбуслар ва инсон ҳуқуқларига доир вазият, мавжуд ижтимоий аҳвол ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниев эса мамлакатда мигрантлар муаммоси туфайли юзага келган қалтис ижтимоий сиёсий-вазиятни таҳли этди.

“Эзгулик”чи журналист Абдураҳмон Ташанов мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти сиёсий ислоҳотларни талаб қилиши, токи халқаро ҳамжамият, хусусан, демократик Ғарб ва АҚШ Ўзбекистон ҳукумати олдига кескин сиёсий қадамлар қўйиш талабини ташламас экан, вазиятнинг позитив томонга ўзгаришига умид қилмаслигини айтди. Ўзбекистон ҳукуматига босим ва унга таъсир механизми аввало сиёсий интеграция эканини урғулаб, дипломатик муносабатларни юқори даражага кўтариш лозимлигини қайд қилди. АҚШ Президентининг махсус ёрдамчиси Майкл МакФол: “Жаноб Ташановнинг АҚШ билан муносабатлар борасидаги гаплари менда қизиқиш уйғотди, бироқ Президент Обама ана шундай стратегия тарафдори бўлгани ҳолда АҚШ сиёсатчилари орасида бундай бу мамлакат билан яқинлашув тактикасини қўлламайдиганлар ҳам бор” деди.

Айни пайтда “Ҳаракат” агентлиги мухбири ҳам бўлган А. Ташанов “Бирлик” партиясининг 25 минг имзолари 2005 йилдаёқ Адлия вазирлигига топширилгани, мамлакатда сиёсий ислоҳот бўлиши учун минимал даражада бир мухолиф партиянинг рўйхатга олиниши лозимлигини таъкидлади. АҚШлик меҳмонлар ҳайъати эртага турли доираларда учрашувлар ўтказишини, учрашувлар графиги тиғиз эканини айтиб, хайрлашдилар. Уларнинг Оқсаройда қабул қилиниши ҳақида маълумотларга эга эмасмиз, дейди мухбиримиз.