12 July 2009
01:56 - Чўнтак партияларнинг овози чиқмоқда, демак сайлов ўйинлари яқин
Бугун Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясининг тўртиничи Пленуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда маҳаллий радио ва телеканаллар хабар қилмоқда. Ўзбекистон ТВнинг информацион дастурларига кўра, Миллий тикланиш шу йил охирида Парламентга ўтказиладиган сайловларда юртбошининг юксак ишончини оқламоқчи: Парламентнинг аксарият ўринларини эгалламоқчи. Шунинг учун ҳам бугунги пленумда элбурутдан партиянинг сайловолди дастури эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, совет Ўзбекистонида узоқ йиллар коммунистик партия мактаби раҳбари бўлган Салом Турсуновнинг ўғли Ахтам Турсунов раислик қиладиган Фидокорлар партияси 2000 йили Ватан тараққиёти партиясини ўзига қўшиб олганди.

Ўтган йили у Миллий тикланиш партиясини ўзига қўшиб олди, аммо бу сафар президент Ислом Каримнинг топшириғи билан партиянинг номи Миллий тикланиш деб белгиланди.

Бугунги пленумдаги гап-сўзларга қараганда, уч сиёсий чўнтак партиясининг бирлашмаси бўлган Миллий тикланиш партияси келаётган сайлов ўйинларида ўзини жиддий ўйинчи қилиб кўрсатмоқчи.