Туркия парламенти, яъни Олий Мажлисига ҳозир Президент Ражаб Эрдўған раислигида ҳукмронлик қилаётган Адолат ва Тараққиёт Партиясидан сайланган депутат, нафақадаги армия генерали Ширин Уналнинг (Şirin Ünal) Анқарадаги уйида, унинг касал хотинига бир неча йилдан бери қараш билан шуғулланаётган 23 ёшли ўзбекистонлик ўзбек қиз Нодира Қодирова шу йил 23 сентябрь куни ўзини-ўзи Ширин Уналнинг тўппончаси билан отиб ўлдирди.
Унинг акаси Муҳаммадалининг қуйидаги гаплари Туркиядаги оммавий ахборот воситаларида, жумладан, Миллиёт ва Жумҳурият газеталарида эълон қилинди. Мана унинг гаплари:
“23 сентябрь куни соат 20:48 да менга Ширин Унал телефон қилди ва Нодира унинг тўппончасини олиб, ўз хонасига бекиниб олганини айтди. Шу пайтда эшикни кимдир ураётгани ва бақираётганини эшитдим. Телефон тўсатдан ўчди. Дарҳол таксига ўтириб, уларнинг уйига кетдим. Ширин Унал синглим ўзини-ўзи отганини айтди. Энди касалхонага қараб учдим. У ерга келишим билан доктор менга “Бошингиз соғ бўлсин” деди. Синглим ўлиб бўлган экан.
У ўзини-ўзи ўлдирадиган аёл эмасди. Туркия фуқаролигини олиш ва университетда ўқишга кириш учун тайёрланмоқда эди. Тўппончани бошига эмас, юрагига ёпиштириб туриб отибди. Ўзбекистон консуллигига мурожаат қилдим. Жасадни жўнатиш учун пул керак дейишди. Ширин Уналнинг шофери билетлар учун 2 минг доллар атрофида пул берди.”
Ўзини-ўзи ўлдириш олдидан Нодира шу уйда хизматкорлик қиладиган бошқа бир аёлга “Бошимга бунақа бало келади деб ҳеч ўйламаган эдим. Энди акамга нима дейман” деб йиғлаган экан.
Хуллас, Жумҳуриёт газетасининг хабарига кўра, Нодиранинг жасадини Ўзбекистонга олиб келишибди, жасад бугун 26 сентябрь куни эрталаб тупроққа берилибди, аммо қайси вилоятда берилгани айтилмаган.
Туркиянинг бошқа газеталарида ҳам бу фожеавий воқеа ҳақида хабарлар берилди. Масалан, Миллиёт газетасининг сайтида ҳукуматнинг тегишли органлари расмийлари бу воқеа тўла ўрганилганини айтишгани ҳақида хабарлар бўлди, аммо, ҳеч қандай тафсилот берилмади.
Ўзбекистонда Ташқи Ишлар Вазирлиги ва бир қатор оммавий ахборот воситалари Туркияда “Ўзбекистон фуқароси Н.Қ. вафот этди” деган қисқа хабарни бугун тарқатдилар. Масхарабозликка қаранг, Н.Қ. ўзини-ўзи отмабди, вафот этибди холос.
Туркияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам, ҳеч ким бу аёл нимага ўзини-ўзи ўлдирди деган савол қўймаётгани қизиқ кўринади. Бизнинг фикримизча, тахмин қилиш мумкинки, Ширин Унал ўзбек қизини жисмоний зўрлаган ва бечора қиз нима қилишини билмасдан ўзини-ўзи ўлдирган.
Ширин Унал ҳокимиятда диктаторлик қилишга уринаётган Адолат ва Тараққиёт Партиясининг депутати бўлгани сабабли, бу воқеанинг тафсилотлари эълон қилинмаяпти. Аммо, шубҳасиз, бу фожеавий воқеанинг ҳамма тафсилотлари эртами-кеч маълум бўлади, айбдорлар жазоланади.
Расмда – Нодира Қодирова ва Ширин Унал.