12 July 2019
13:34 - Ўзбекча халқаро масхарабозлик: Ўзбекистон олтиннинг бир қисмини хорижий облигациялар билан алмаштиради
Ўзбекистон ўз валюта захираларида олтин улушини камайтириш ва унинг ўрнига АҚШ ғазначилик мажбуриятларини сотиб олишни режалаштираётгани маълум бўлганди. Бу захираларни диверсификация қилиш учун зарурлиги хабар қилинди.

Энди маълум бўлишича, Марказий банк нафақат АҚШ, балки бошқа давлатларнинг ҳам облигацияларини қўлга киритмоқчи. Бу ҳақда Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуродов Bloomberg нашрига хабар берди.

«Биз Америка қимматли қоғозлари ва бошқа давлатлар, шу жумладан, Хитойнинг қарз мажбуриятларини сотиб олишни истаймиз. Олтиннинг улуши тахминан 50 фоизни ташкил этади, аммо келажакда бу кўрсаткич пастроқ бўлиши мумкин», - деди Нурмуродов Санкт-Петербургдаги Халқаро молиявий конгресс давомида нашрга.

Бу бошқа мамлакатлардаги вазиятга қарама-қаршидир, дея эътибор қаратган Bloomberg. Савдо урушлари ва иқтисодий ўсишнинг сустлиги бошқа давлатларни олтинни кўпайтиришга мажбур қилаётган бир пайтда, ўз иқтисодиётини очаётган ҳамда ислоҳ қилаётган Ўзбекистон бошқача йўл тутмоқда.

«Олтиннинг улуши камроқ бўлади. Биринчидан, захиралар ўз-ўзидан ўсиб боради, иккинчидан, биз кўпроқ олтин сотамиз», - дейди Нурмуродов.

Унинг сўзларига кўра, тўрт-беш йилдан кейин Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари жаҳон бозорида олтинни тўғридан-тўғри сотиш имкониятига эга бўлади. Ҳозирча эса Марказий банк харидор ҳисобланади, у мамлакат ичкарисида олтинни сўмга сотиб олмоқда ва уни ташқи бозорда долларга сотяпти.

«Биз сўмнинг айирбошлаш курсини қўллаб-қувватламаяпмиз, тебранишларни бартараф этишга уринмаяпмиз. Бизнинг бозордаги иштирокимиз - валютани қўллаб-қувватлашга аралашиш эмас, балки олтин хариди учун компенсация», - дея аниқлик киритди Марказий банк раҳбари. // Kun.uz

"Ҳаракат": Қаранг, бу соҳаларда дунё тарафидан тан олинган Bloomberg ташкилоти "Бу бошқа мамлакатлардаги вазиятга қарама-қаршидир" деган фикр билдирибди. Аммо, Ўзбекистон Марказий Банки раҳбари, масхарабоз Мамаризо Нурмуродов ўз раҳбарлари айтганини қилдирмоқчи.