Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Мозори-Шарифга ташрифи Афғонистон Ислом Республикаси матбуотида кенг ёритилиб, жамоатчилик ва сиёсий доиралар вакиллари томонидан юқори баҳоланди.
Хусусан, Афғонистоннинг етакчи “Tolo news” телеканали қуйидагиларни қайд этади:
“Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистон ҳукумати раҳбари Абдулла Абдулла билан учрашувда “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоғи қурилиш лойиҳаси қийматининг 45 миллион АҚШ долларига туширилиши ҳақида маълум қилди. Бу ўзбек халқининг ҳақиқий дўстона муносабатидан дарак беради. Биз Ўзбекистоннинг афғон халқи билан доим ёнма-ён эканига, ҳар қандай вазиятда кўмакка тайёр эканига яна бир бор амин бўлдик”.
Хабарда, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати қўшни ва биродар мамлакатда тинчликка эришиш мақсадида Афғонистон халқи ва ҳукуматини қўллаб-қувватлашга тайёр экани, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни бундан кейин ҳам мустаҳкамлаб боришдаги қарори қатъий экани таъкидланади.
Афғонистон томонининг фикрича, Мозори-Шарифда ташкил этилган Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси афғон ишбилармон доиралари вакилларининг эътиборини жалб қилиш баробарида, келажакда икки томонлама маҳсулот айирбошлаш ҳажмининг ортишига, Ўзбекистоннинг Афғонистон бозоридаги иштирокини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Афғонистонлик тадбиркор К.Наби-зоданинг эътироф этишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Афғонистонга ташрифи Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон билан дўстона ва яқин алоқалар ўрнатиш, Афғонистон иқтисодий инфратузилмасини тиклашга қаратилган сиёсатининг амалий ифодасидир”.
– Бу ўзаро муносабатларимиз тарихида янги давр, – дейди тадбиркор. – Бу ўзбек халқининг Афғонистонда тинчлик ва иқтисодий барқарорликка эришиш йўлида қўшган бебаҳо ҳиссасидир.
Бу каби ижобий фикрлар “Daily outlook Afghanistan” газетасида чоп этилган мақолада ҳам қайд этилади. Мақолада шундай дейилади: “Шубҳасиз, Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг Афғонистонга ташрифи куннинг муҳим янгилиги бўлди. Моҳиятан мазкур ташриф Афғонистон учун улкан имкониятлар эшигини очади. Аввало Афғонистонга кириб келаётган Ўзбекистон маҳсулотлари ҳажми, қолаверса, Афғонистон маҳсулотларининг Ўзбекистонга экспорти ортади. Ўзбекистон Афғонистонга инвестиция киритишга, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади. Бу қардошлик муносабатларининг ёрқин намунасидир“.
“Afghanistan news” янгиликлар порталида чоп этилган хабарда Ўзбекистон Бош вазири асосий эътиборни иқтисодий масалаларга қаратгани, бу бугунги кунда Афғонистон учун жуда муҳим экани таъкидланади.
“Бу “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоғи қурилиши нархининг 45 миллион АҚШ долларига туширилиши, Афғонистон билан ҳеч қандай воситачиларсиз, тўғридан-тўғри савдо амалиётларини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистондан истеъмол маҳсулотларини Афғонистонга арзон нархларда етказиб беришда намоён бўлади“, дейилади хабарда. // ЎзА
* * * * *
"ҲАРАКАТ": Қаранг, Ўзбекистон Бош вазири Афғонистонга борибди, буни биз Афғонистон ахборот воситаларидан билмоқдамиз. Президент Шавкат Мирзиё қаерда?