02 July 2019
14:25 - “Бирлик” ва “Ҳаракат” каби ўйлайдиган Нидерландиялик мутахассиснинг фикри: Давлат режаси билан юритиладиган қишлоқ хўжалиги самарали бўлолмайди

KUN.UZ: Нидерландия қироллиги, халқ тилида – Голландия. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича йирик давлатларни ортда қолдириб, дунёда иккинчи ўринни эгаллаб турган давлат. Инновациялар ўчоғи. Юқори технологик қишлоқ хўжалиги. 140дан ошиқ мамлакатлар Голландия тажрибасини ўзлаштиришяпти.

Тошкентга ташриф билан келган нидерландиялик қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳатчи Меувес Браувер Kun.uz учун берган интервьюсида икки давлат ўртасида режалаштирилган тадбирлар билан таништириш баробарида мухбир саволларига жавоб берди ва фермерларнинг мустақиллиги билан қишлоқ хўжалиги самараси ўртасидаги боғлиқлик ҳақида гапирди. Эътиборингизга мазкур видеоинтервью ва ундан олинган иқтибосларни матн шаклида ҳавола қиламиз.

Kun.uz: Жаноб Браувер! Нидерландия қироллиги бор-йўғи ярим миллион гектар ишлов бериладиган ери бўла туриб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Нидерланд фермерининг муваффақияти сабабларини тушунтириб берсангиз. Токи биз ерни тўғри истифода этиш борасида тегишли хулосаларни чиқариб олсак.

Меувес Браувер: Ҳақиқатан Нидерландия кичик мамлакат. Ўзбекистон билан таққослаганда Нидерландия 10 баробар кичик. Шунинг учун биз ердан ўта унумли фойдаланишимиз керак. Ўта муҳим жиҳат – бизда фермер ва ишлаб чиқарувчилар ҳамкорликда ишлашади. Ўзбекистон учун ҳам айнан шу нарса муҳим: фермерлар, давлат, таълим даргоҳлари – ҳамма ўзаро ҳамкорликда ишлаши керак. Тажриба шуни кўрсатяптики, биз нидерландияликларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида эришган улкан ютуқларимиз ўзаро ҳамкорлик натижасидир. Шу тарзда ишлаш соҳага инновациялар киритиш имкони яратади. Инновациялар ёрдамида катта натижаларга эришиш мумкин. Янги навларни юзага келтириш, генетик тадқиқотлар олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Биз Ўзбекистонга қуйидаги уч йўналишда ёрдам беришимиз мумкин:

- мева сабзавот етиштириш,
- сут етиштириш,
- паррандачилик.

Ва биз икки йил аввал бу йўлда ҳаракатларни бошлаб юборганмиз. Энди иккинчи босқичга ўтяпмиз – ўсимликшунослик бўйича махсус инновацион таълим марказини қуришга шайланяпмиз. Бу ерда фермер ва талабалар билимларини оширишлари мумкин бўлади.

Kun.uz: Ўзбекистонда аксар фермерлар эркин эмас. Яъни аксар фермерлар давлат нима экишни буюрса, ўшани экишади. Асосан пахта ва буғдойни. Нима деб ўйлайсиз, жаноб Браувер, бундай ҳолат қишлоқ хўжалиги самарадорлигига қай даражада зарар келтиради?

Меувес Браувер: Биз албатта, бозорга қараймиз, бозор талабига мувофиқ иш тутамиз. Фермер бозор талаб қиладиган, ўзига кўпроқ фойда келтирадиган маҳсулотни етиштириши кераклигига аминмиз. Аммо маҳсулот хавфсизлиги деган тушунчалар ҳам бор, уларни ҳам, менимча, ҳисобга олиш керак. Бироқ бу нарса эркин бозорга дахл қилмаслиги керак. Баъзи давлатлар экспортни ривожлантириб, импортга чегараларини ёпиб қўйишади. Биз ундай қилмаймиз. Маҳсулот алмашиши, талаб-таклифдан келиб чиқадиган табиий мувозанат жорий бўлиши керак.

Kun.uz: Нидерланд фермери озодми?

Меувес Браувер: Мен ўзимнинг укамни мисол келтираман. Укам ҳам фермер. 300та сигири бор. У қанча сут етиштиришни ўзи ҳал қилади. Бошқа тарафдан, баъзи чекловлар мавжуд. Масалан, у ўзининг ҳудудида ҳаддан ташқари кўп сигир боқолмайди, чиқинди ва бошқа жиҳатларни ҳисобга олиши керак.

Бизда фермерлар доим кучли рақобат шароитида фаолият юритишади. Бошқача қилиб айтганда фермер рақобатбардош бўлиш учун доим ўз устида ишлаши керак бўлади. Шу сабаб ҳам, масалан, Нидерландияда фермерлар технологик янгиликларга ташна бўлишади. Бу – рақобатнинг яна битта улкан фойдаси. Яшаб қолиш учун фермерлар қаттиқ изланишади, ривожланишади. Фермер эркин бўлмаса изланмайди.

Kun.uz: Нидерланд фермерининг ери унинг хусусий мулкими?

Меувес Браувер: Фермерларнинг бир қисми хусусий ерларида фаолият юритишади, бошқа қисми ерни ижарага олади.

Kun.uz: Жаноб Браувер, сиз биздаги каби давлат режасига мувофиқ фаолият юритадиган, шу билан бирга яхши самара берадиган, рентабелли, меҳнаткашларни хушнуд қиладиган қишлоқ хўжалигига эга давлатни биласизми?

Меувес Браувер: Мен, албатта, эркин, мустақил фермерга ишонаман. Қарорларни ўзи қабул қиладиган фермерга. Биз улкан, аммо самарасиз фермер хўжаликларига эга мамлакатларни биламиз. Шу билан бирга, биз кичкина, аммо ўта самарали, ўта сифатли маҳсулот етиштирадиган, маҳсулоти билан халқаро бозорларга чиқадиган оилавий фермер хўжаликларини ҳам биламиз.

Албатта, мен давлат буюртмасига асосан фаолият юритадиган қишлоқ хўжалиги истиқболига ишонмайман. Давлатнинг вазифаси биринчи навбатда – фермерни билимлар билан, яхши дастурлар билан, молиялаштириш, тадқиқот материаллари билан таъминлаш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш. Бу – давлат қилиши керак бўлган ишлар.

Ижозат берсангиз, бир мисол келтирсам. Юз йил аввал бутун дунё қишлоқ хўжалигида инқироз юз берди – дунё бўйлаб жуда кам маҳсулот етиштирилди. Бундай пайтда кўплаб мамлакатлар ўз чегараларини ёпиб қўйишга қарор қилди. Фақатгина Нидерландия «биз чегараларимизни очиб қўямиз, маҳсулот алмашинув бўлаверсин» деди.

Шу билан бирга, Нидерландия ҳукумати таълимга, илмий тадқиқотлар учун шароит яратишга, қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацияларни олдинга суришга маблағ сарфлашга қарор қилди.

Фикримча, Нидерландия ҳукуматининг айнан ўша пайтда қабул қилган мазкур қарорлари узоқ муддатли натижаларни келтириб чиқарди. Ва айнан ўша қарорлар ҳозирги вазиятимиз – Нидерландиянинг ўша – сиз айтган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича дунёда иккинчи бўлиб турганига сабаб бўлди.

Kun.uz: Ўзбекистонда 4 миллион гектарга яқин ишлов бериладиган ер бор. Шу билан бирга жуда кўп одамларимиз меҳнат қилиб пул топиш учун чет элга, масалан Россияга кетишади. Бу ҳолат ҳақида нима дея оласиз?

Меувес Браувер: Бунча ерга ишлов бериш учун, албатта, ишчи қўллар керак бўлади. Албатта бунда Ўзбекистон ўз аҳолисини – она халқини иш билан таъминлаши керак бўлади. Аммо бу учун янгича ишлашга ўтиш, хусусан қишлоқ хўжалигига инновацияларни киритиш керак бўлади.

“ҲАРАКАТ”: Нидерландиялик мутахассис Меувес Браувер мутлақо ҳақ. Фермер бозор талаб қиладиган, ўзига кўпроқ фойда келтирадиган маҳсулотни етиштириши керак. Демак, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги фундаментал ислоҳотларга муҳтож. Бундай ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётганидек, Ўзбекистонни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказиш ғояси ётиши керак.

Шундай экан, халқ майдонларга чиқиб, жорийдаги Шавкат Мирзиё раҳбарлигидаги тожиклар режимидан ватан ва миллат муаммаолари билан жиддий шаклда шуғулланишни, Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилиши керак. Бундай ислоҳотлар натижасидагина Ўзбекистонни сиёсий маънода демократик, иқтисодий маънода тўла бозор иқтисодиётига асосланган давлатга айлантириш мумкин бўлади.

Ана ўшанда ҳақиқий фаровонликка эришамиз, чет элларда ишлаётган миллионлаб ватандошларимиз Ўзбекистонга қайтишга бошлайдилар.

Бундай қизиқ суҳбатни уюштирган Kun.uz Интернет нашрига ва жаноб Меувес Брауверга миннатдорчилигимизни билдирамиз.