29 March 2019
06:25 - Россия Президенти кеча бир кун Бишкекда бўлди, Қирғизистон билан стратегик алоқалар янада чуқурлаштирилмоқда. Аммо, ўзбек хабарчилари ухлашмоқда!
Владимир Путиннинг учоғи Бишкекдаги халқаро "Манас" аэропортига кеча 28 март куни эрталаб маҳаллий вақт билан соат 07.33 да қўнди. Уни Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков шахсан кутиб олди. 24.kg Интернет нашри Путиннинг ҳар бир қадамини дақиқама-дақиқа ёритиб борди.

Путин ўзининг президент автомобилини ҳам ўзи билан олиб келган экан, у фақат ўз автомбилида ҳаракат қилибди. Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков Россия Қирғизистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 30 млн доллар садақа қилиш қарори олганини журналистларга айтди.

Расмий кутиб олиш маросимидан кейин икки президент тор ва кенгайтирилган форматда учрашувлар ўтказдилар. Учрашув натижалари бўйича 17 та ҳужжат ва қўшма баёнот имзоланди. Русларнинг Қирғизистондаги “Кант” ҳарбий базаси учун йиллик аренда пули $4,5 миллиондан $4,794 миллионга кўтарилганини айтишни ҳам қирғиз хабарчилари унутмадилар.

Ўзаро савдо айланмаси 17 фоизга ортгани, қиймати $71 миллион бўлган 12 та қўшма лойиҳа ишга туширилаётгани урғуланган.

Сўнгра 2 президент ўтган куни иш бошлаган “Стратегик ҳамкорлик ва интеграциянинг янги горизонтлари” номли 8-чи ҳудудий Россия-Қирғизистон конференциясига қўшилдилар. Соат 18.40 да конференция ўз ишини тамомлади, Путин ўша ердан аэропортга жўнади ва Москвага учиб кетди.

Эслатиш керакки, Ислом Карим замонида Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари фақат 5 кун кундуз куни ишлашарди ва асосан Ўзбекистонга оид 10-15 та хабар тарқатиш билан чекланишарди. Ҳозир улар кунига тахмина 15 соат ишламоқдалар, чет элдан олинган хабарлар сони кескин ўсди. Аммо, уларнинг кўпчилиги бир тийинга қиммат, ўзбекларни қизиқтирмайдиган хабарлар.

Мана, Путиннинг Қирғизистонга келиши ҳақида Ўзбекистоннинг баъзи ахборот воситалари номигагина, бир тийинга қиммат биттагина хабар тарқатдилар. Путиннинг 1 кунга Қирғизистонга келиши, Қирғизистонни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракатлар кучайиб бораётгани билан Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларининг иши ҳам йўқ.

Қисқа қилиб айтсак, Ўзбекистонда ҳатто хабарчиликда ҳам жиддий ўзгаришлари бўлаётгани йўқ. Содда ўзбекларни лақиллатиш учун мамлакатимизда гўёки катта ўзгаришлар бўлаётганини кўрсатиш ўйинлари бўлмоқда холос.