АҚШ-ЎЗБЕКИСТОН ўртасидаги йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар: Стратегик шерикчиликнинг янги даври
АҚШ Давлат департаменти Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича давлат котиби биринчи ўринбосари, элчи Элис Уэллс ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентда муваффақиятли ўтган АҚШ-Ўзбекистон йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларга бошчилик қилди. Элчи Уэллс ва Ташқи ишлар вазири Комилов икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикчиликнинг янги даврини бошлаб берган, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида Қўшма Штатларга қилган тарихий ташрифи ва унинг Президент Дональд Трамп билан учрашувидан кейинги АҚШ-Ўзбекистон муносабатларидаги энг муҳим қирраларни алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Муҳим иқтисодий ва бошқарувга оид ислоҳотларни қабул қилиш ҳамда ён қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан савдо ва инвестиция учун янги имкониятлар эшигини очиш орқали Ўзбекистон дунёга янгидан танилди. Ўзбекистон жаҳон майдонидаги ҳаққоний ўрин эгаллагани ортидан бутун Марказий Осиё фойда кўрмоқда. Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг қайта туғилишини қўллаб-қувватлайди ва рағбатлантиради,”- деди элчи Уэллс очилиш маросимида сўзлаган нутқида.
АҚШнинг бундай шерикчиликка содиқ экани ҳамда Президент Мирзиёевнинг илҳомбахш ислоҳотларини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлар экан, элчи Уэллс 2018 йилда АҚШнинг Ўзбекистонга кўрсатган ёрдами қарийб 28,1 миллион долларга ўсгани, бу кўрсаткич 2016 йилда 10,1 миллион доллар бўлганини қайд этди. АҚШ делегацияси сиёсат, иқтисод, таълим, хавфсизлик, маданият ва бошқа соҳаларга оид кенг кўламли алоқаларни келгусида янада чуқурлаштиришга рағбатлантириб, Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қизғин қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.
Элчи Уэллс ва Ташқи ишлар вазири Комилов икки мамлакат манфаатларига, шунингдек, минтақадаги тинчлик ва барқарорликка хизмат қилишга имкон берувчи ҳамкорликнинг аниқ шаклларини мустаҳкамлаш учун яратилган имкониятга алоҳида эътибор қаратди.
Йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар натижасида делегация энергетика ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган иккита англашув меморандумини имзолади.
Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон икки томонлама муносабатлардаги ўсишни батафсил кўздан кечириш ва давомий ҳамкорликни кенгайтириш учун самарали платформа сифатида Йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларнинг аҳамияти катта эканини тасдиқлади. Томонлар навбатдаги Йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларни 2020 йили Вашингтонда ўтказишга келишиб олди.
АҚШ элчихонаси матбуот хизмати
* * * * * *
“ҲАРАКАТ”: Дунёнинг энг демократик ва фаровон ўлкаларидан бири бўлган АҚШ билан Ўзбекистон ўртасида ўтказилаётган икки томонлама маслаҳатлашувларни сўзсиз қўллаб қувватлаймиз. Ўзбекистонда айбсиз ёки майда-чуйда айблар билан узоқ йилларга қамоққа ташланганларнинг озод қилиниши ҳам олқишга сазовор. Аммо, мустақиллик учун курашиб, Ўзбекистонни мустақилликка қовуштирганларнинг кўпчлиги ҳали ҳам чет элда яшашга мажбур бўлиб қолмоқдалар. Улардан бири “Бирлик” Партиясининг лидери Абдураҳим Пўлат АҚШда яшайди ва Президент Барак Обама замонида ҳатто Кэмп Дэвидга таклиф қилинган. Бу ҳақда хабар “Ҳаракат”нинг сайтида ҳам расм билан берилган - http://harakat.net/news/?id=16766.
Аммо, Ўзбекистонда ҳали ҳам демократия йўқ, тўла бозор иқтисодига ўтиш бўлмаган. Қўғирчоқ Олий Мажлис, қўғирчоқ сиёсий партиялар ва қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари билан Ўзбекистон демократия томон ҳеч олға кетолмайди. Бунинг устига, майда-чуйда хусусий бизнесгагина йўл берилганини ҳисобга олмасак, Ўзбекистон ҳали ҳам социалистик иқтисодиёт билан яшаётганини, демак, Ўзбекистон фаровон ўлка бўлолмаслигини тан олишга мажбур бўламиз.
Икки томонлама маслаҳатлашувлар доирасида бу камчиликлар мутлақо тилга олинмагани – маслаҳатлашувлардан фойда бўлишига шубҳа уйғотади. Тўғрироғи, Ўзбекистон фундаментал демократик ислоҳотларсиз ва тўла бозор иқтисодиётига ўтмасдан – жиддий ўлчовда олға кетолмайди, фаровон давлат бўлолмайди. Бизда ўртача ойлик, ҳатто қўшнимиз Қозоғистондан кўп марта кам бўлиб қолаверади. Демак, сони миллиондан кўп бўлган ўзбекистонликлар ойлаб-йиллаб оилаларини ҳам кўролмасдан бир бурда нонга пул топиш учун Россия, Туркия ва бошқа мамлакатларда қуллардек ишлайверадилар. Улар юбораётган тахминан 6 миллиард доллар пул билан Ўзбекистоннинг бор-йўғи тахминан 7 миллард долларлик Давлат Бюджети оёқда турибди.
АҚШлик дўстларимизга эслатиш лозимки, айнан АҚШнинг Freedom House ташкилоти 2018 йил натижалари бўйича Ўзбекистонни инсон эркинликлари бўйича “Ёмонларнинг ёмони” бўлган 13 давлатнинг рўхатига қўшди, Transparency International ташкилоти Ўзбекистонни коррупция ва порхўрлик бўйича дунённинг энг ёмон давлатлари ичига қўйди, Жаҳон Банки эса, “Бизнес юритиш - 2019” (Doing Business - 2019) йиллик рейтинглар рўйхатида Ўзбекистонни МДҲ давлатлари ичида фақат Тожикистондан олдинга қўйди.
“Бирлик” Партиясининг асосий мақсади – Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишдир. Биз бу ҳақда тўхтовсиз маслаҳатлар бермоқдамиз, аммо Президент Шавкат Мирзиё АҚШга борганда Абдураҳим Пўлатнинг Ўзбекистон элчихонасига берган мактубига қарамасдан у билан учрашишни ҳам истамади. Бундай учашув ўтказишга ёрдам бериш АҚШ Президенти Доналд Трампдан ҳам сўралганди, аммо Доналд Трампдан келган жавобда айнан асосий мавзу тилга олинмаган эди.
Тошкентга икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш учун келган АҚШ делегацияси аъзолари, жумладан, АҚШ Давлат Департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё Бюроси раҳбари Элис Уэллс хоним буларни билмайдиларми? Абдураҳим Пўлат Элис Уэллс хонимга хат ҳам ёзганди. Аммо, жавоб ҳам бўлмаган.