
Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё Сирдарё вилоятидаги Ховос туманига келиб, бу ерда қилинаётган ишлар билан танишгани, ховослик нуронийлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар билан суҳбатлашгани, ўзи раҳбарлигида олиб борилаётган ўзгаришларнинг ижобий натижалари ҳақида гапиргани хабарларда айтилмоқда. Масалан, ЎзА Шавкат Мирзиёнинг “Фаровон яшашга интилишимиз керак” деган сўзларини хабар сарлавҳасига чиқарибди.
Жойи келгани учун эслатиш керакки, ватан ва халқимизнинг аҳволи ғариблигини ҳар қандай давлат иқтисодиётининг асосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот бўйича Ғарб давлатларидан 30-50 баравар орқадалигимизни қўйиб туринг, ҳатто қўшнимиз қозоқлардан бир неча марта орқада эканлигимиз кўрсатиб турибди. Бунинг устига, сони миллиондан кўп бўлган ватандошларимиз бир бурда нонга пул топиш учун Россия, Қозоғистон, Туркия ва бошқа мамлакатларда ойлаб-йиллаб ўз оилаларини кўролмасдан мардикорлик қилмоқдалар. Бизда профессорларнинг ойлиги қозоқларнинг ўртача ойлигидан кам.
Шавкат Мирзиё ўтган йили мактаб ўқитувчилари ва бошқа турли касб эгаларининг ойлигини 10-20 фоизга орттириди. Аммо, бизда инфляция 15 фоиздан кўп бўлгани сабабли, ойлик орттирилишидан ҳеч ким сезиларли фойда ололмайди.
Шу ерда жаноб Шавкат Мирзиёнинг косметик ислоҳотлари сезиларли натижа бермаслигини, Ўзбекистон ва унинг халқини ҳозирги ғариб аҳволдан олиб чиқиш учун фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш кераклигини яна бир марта урғуламоқчимиз.
Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.
Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзимизнинг инвесторларимиз синфини яратиш шарт.
Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.
Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, «Бирлик» Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.
Маълумки, мамлакатимиз демократлари 19 март, яъни ўзбек миллати ўз тарихида биринчи марта митингга чиққан кун - МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИнинг 30 йиллигини, шу йил 19 март куни Тошкентдаги Мустақиллик Майдонида умумхалқ байрам сифатида нишонлашга тайёрланмоқдалар. Ўша куни ватан ва миллат олдидаги ҳамма фундаментал муаммоларимизни Шавкат Мирзиё олдига қўйиш, мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказишни талаб қилиш керак.
Ўзбекистонда тарқатилган хабарларга фақат Шавкат Мирзиёнинг ўзи ва баъзида яна бир неча киши билан кўринган расмлари илова қилинган. Улардан биттасини биз ҳам ишлатмоқдамиз.