Узметроном сайти ҳамма нарсадан хабардор бўлганлигига ишонилган манбаларига асосланиб хабар қилишича, Президент Шавкат Мирзиё охирги пайтда Ўзбекистон Миллий Гвардияси раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаётган Ботир Турсуновни Ўзбекистон КГБси (бизда уни Давлат Хавфсизлик Хизмати дейишади) раисининг ўринбосари этиб тайинлабди. Шу пайтгача бу лавозимда ўтирган Жаҳонгир Эгамов шу йил январнинг бошида қандайдир қинғир ишлари учун ҳибсга олинган экан. Бундан ҳам аввал у прокуратура органларида ишлагани ҳам айтилади.
Ботир Турсунов махсус хизматлардаги ишини Ўзбекистон КГБсида халқаро терроризмга қарши курашдан бошлагани ҳам хабарда айтилади. Ҳозир Афғонистдаги террористик гуруҳлар Марказий Осиё давлатлари чегаралари яқинида фаоллашаётгани туфайли, экспертлар Шавкат Мирзиёнинг бундай қарорини тўғри деб баҳолаётган эмишлар.
Бу ҳақда, дейди “Ҳаракат” мухбири, Узметроном тилга олмаган яна бир ҳақиқат бор. Гап шундаки, ҳозир ДХХ раиси ўринбосари вазифасига тайинланган Ботир Турсунов Шавкат Мирзиёнинг катта куёви Ойбек Турсуновнинг отаси, яъни Шавкат Мирзиёнинг қудасидир.
Демак, Шавкат Мирзиёнинг бу қарори - ҳокимиятни ўз қариндошлари ва яқинлари билан тўлатиш йўлидаги яна бир қадамдир холос.
Яна бир нарсани айтиш лозим. ДХХ раиси ўринбосарининг фамилияси кўп хабарларда Эгамов деб кўрсатилган, аммо расмий ҳужжатларида унинг фамилияси Игамов деб ёзилганини айтаётганлар ҳам бор. Кўрамиз, вақти келиб ҳақиқат ўртага чиқса керак.