27 January 2019
21:18 - Тошкентда оламшумул воқеа: Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Қурултойи бўлиб ўтди

Тошкентда оламшумул воқеа: Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Қурултойи бўлиб ўтди

Бугун эрталаб Тошкентда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг навбатдаги Қурултойи бўлиб ўтди. Халқлар Дўстлиги майдонидаги кафелардан бирида ўтказилган қурултойнинг кун тартибида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятига баҳо бериш, “Эзгулик”нинг ҳозирги вазиятдан келиб чиқувчи стратегиясини белгилаш ва ташкилий масала бор эди.

Қурултойга “Эзгулик”нинг 10 вилоятдаги ташкилотларидан 38 киши етиб келди. Бир вилоятдан 2 киши, Хоразм вилоятидан эса ҳеч ким етиб келолмади. Улардан ташқари, бу йиғилишга мамлакатдаги деярли барча мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳларининг раҳбарлари меҳмон сифатида келишди. Меҳмонлар “Эзгулик”дек тизимли ташкилот тажрибасидан баҳраманд бўлишди ва бу ташкилот шундай даражадаги йиғилиш ўтказолаганидан ҳайронликларини изҳор этишди.

Йиғилишда Адлия Вазирлигининг бошқармаларидан бирининг раиси ва унинг ўринбосари кузатувчи сифатида иштирок этдилар.

Бугунги йиғилишини Абдураҳмон Ташанов олиб борди. Чунки, ўтган йили “Эзгулик”нинг раиси Васила Иноят кутилмаганда оламдан ўтганидан кейин, унинг вазифасини вақтинча бажариш Абдураҳмон Ташановга топширилган эди. Шу сабабли, бугунги мажлиснинг кун тартибига ташкилий масала, яъни “Эзгулик” раисини сайлаш масаласи киритилган эди.

Раисликка икки номзод кўрсатилди. Жамиятининг Тошкент шаҳарлик фаоли Ҳайитбой Абдуллаев ва раис вазифасини вақтинчи бажараётган Абдураҳмон Ташанов. Бу икки номзод қисқа нутқ сўзладилар. Ҳайитбой Абдуллаев пичоққа илинадиган бирон нарса айтгани йўқ. Аммо, Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистондаги ҳозирги аҳволдан келиб чиқиб қилиниши керак бўлган ишларни гапирар экан, инсонларнинг сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳақиқий демократик партияларни Адлия Вазирлигида рўйхатдан ўтказиш каби масалалар билан шуғулланиш муҳимлигини урғулади.

Сайлов очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилди. 32 киши Абдураҳмон Ташанов учун, 6 киши Ҳайитбой Абдуллаев учун овоз берди. Шундай қилиб, “Эзгулик” Жамиятининг расмий раиси Абдураҳмон Ташанов бўлди.

Расмда – йиғилиш қатнашчилари раис сайлашда очиқча овоз бераётганларини кўрмоқдасиз.