Аввалги хабаримизда Демократик Кучларнинг Миллий Кенгаши номи остида бирлашган Озорбайжон демократлари 19 январда “Меҳмон Гусейнов ва бошқа сиёсий маҳкумларга озодлик!” шиори остида Боку шаҳридаги “Мехсул” стадионида 20 минг кишилик митинг ўтказганларини, эртаси куни минглаб мухолифатчи демократлар шаҳар марказидаги Шаҳидлар Хиёбонига келиб, кучларини кўрсатганларини хабар қилган эдик. Эслатиш керакки, охирги воқеалар 2 йилдан бери қамоқда ётиб, март ойида озод қилиниши керак бўлган блогер Меҳмон Гусейнов устидан янги жиноий иш бошлашга тайёргарлик кетаётгани ҳақидаги хабарлардан кейин бошланган эди.
Тан олиш керакки, мухолифат ҳозир ғалаба қозонди. Мухолифатчиларга яқинлиги билан танилган Туран Агентлиги Озорбайжон Бош Прокуратурасига асосланиб хабар қилишича, Меҳмон Гусейновга қарши жиноий иш бекитилган. Бош Прокуратура бундай қадам Президент Илҳом Алиевнинг “ҳар қандай ишни адолат доирасида олиб бориш керак” деган маслаҳатлари асосида қилинганини билдирибди.
Меҳмон Гусейнов очлик эълон қилиб, овқат ейишни тўхтатган, унинг тарафдорларидан бир неча киши Мусават Партиясининг бош офисида очлик эълон қилган эди. Ҳозир ҳамма очликни тухтатибди.
Мухолифатчиларни таъқиб қилиш давом этаётган бўлса ҳам, охирги воқеада айнан мухолифат ғалаба қозонгани муҳимдир. Шундай экан, Озорбайжон мухолифатчиларини бу ғалаба билан табриклаймиз.