19 December 2018
10:24 - Юсуф Жума: Арзимас нарса учун ўлаётганлар

Биз нима учун яшаяпмиз?
Ўзбекистон ДХХсининг бош тўраси ўринбосари Жаҳонгир Игамов ким?

“Бизнинг халқни ер ютсин! ” (Абдулла Қодирий)

“Бу элнинг оловидан кириб кулидан чиқдим. Ҳеч бири менга дўст бўлмади, Сенга дўст бўлармиди?! Нега бунчалик куйинасан бу номард эл учун, ўғлим! ”
Отам Оллоқули Жумақули ўғли сўзлари

Элки танимаса оқу қорани -
Бундок ақл билан яшаш жиноят.
Агар очган бўлса ордан орани -
Бундоқ ақл билан яшаш жиноят!

Шарафсиз тўралар тўрда тўрласа,
Ёғий талон этиб юртни хўрласа,
Эл кўзи қурқувдан чиқиб кўрмаса -
Бундоқ ақл билан яшаш жиноят!

Боболар қонлари жўшмаса қонда -
Ҳеч ким англамаса эл жони - шонда.
Эрлари тушмаса ор деб майдонга -
Бундоқ ақл билан яшаш жиноят!

Эласа онг - онгдир - элакнинг кўзи,
Ялоққа етади - кўппакнинг кўзи,
Эркка етмаган кўз - эшакнинг кўзи -
Бундоқ ақл билан яшаш жиноят!

Эссиз эл - эсиз эл - эссиздир - эсиз,
Ўзига - азизга эсли эл - азиз,
Қўрқоқ - чўккан уч тиз - боши ҳам бир тиз -
Бундоқ ақл билан яшаш жиноят!

Элки юрт дардидан эмасми эзгин,
Эрку ўч йўлида бўлмасми яшин -
Жазоси- Тангридан қирғиндир-кирғин-
Бундоқ ақл билан яшаш жиноят!

Тоёта Приус (Toyota Prius) машинаси устига дарахт қулади. Машина эгаси чинордай киши қамишдай бўлди. Юрак хуружидан ўлди.
Ҳамма кулди: “Арзимас нарса деб ўлди кетди”.

Мен кулмадим, ахир: бу очунда ким арзийдиган нарса учун ўлади?! Кимки арзийдиган нарса учун яшаса ўша арзийдиган нарса учун ўлади. Арзийдиган нарсалар учун яшаяпмизми?! Умримизни сарф этган нарсалар умримизнинг бир дамига арзийдими?!

Ҳамон Тўралик қилаётган Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими Самойиддин Ҳусейнов бошчилигида Бухорода юзлаб йигитлар сўйилиб тана аъзолари четга сотилди. Вилоятдаги пагонлилар ёвузлигида кўп кишиларнинг бошига етди. Далиллар билан Тошкентдаги энг катта амалдорлар билан узоқ тортишганимдан сўнг Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Ички инспексияси бошлиқларидан - ҳозир ДХХ бош тўрасининг ўринбосари - Жаҳонгир Игамов бошчилигидаги текширувчилар Бухорога келдилар. Бесаноқ қотилликлардан фақат биттаси ҳақида калтароқ битаман, бошқалари ҳам шундай. Ногирон Тўраев Ҳамро Қоракўл шаҳар ИИБ тўралари томонидан ўлдирилди. Ярим каллласи, қулоқлари, бурни қийноқларда йўқотилган. Онаси уни чўлоқ оёғидан таниди. Жаҳонгир Игамовга Тўраев Ҳамронинг онаси, акаси, сингли ва бошқа бегона гувоҳлар қотилликни далиллар билан ошкор этдилар. Онаси, акаси, сингли - қотил пагонлилар жазоланишини талаб этдилар. Ҳамронинг акасида савдо дўкони бор эди. Жаҳонгир Игамов унга дўконингни текширтираман деб қўрқитди.

Қотил зўравон пагонлилар жазоланишини талаб қилиб турган ака: Укам ўз ажали буилан ўлди. Калласи бутун эди, қулоқ бурунлари жойида, танасида қийноқ излари ҳам йўқ эди Ўз қўлим билан гўрга қўйдим. Мен биламанми, Юсуф Жума биладими?! - деб ёзма кўрсатма берди.

Онаси ҳам: Ўғлим ўз ажали билан ўлди, куни битган экан, - деб кўрсатма берди видео камера олдида.

Ҳамронинг сингли ҳам онаси ва акасидай чиндан тонди.

Эсимда 17 ёшимда чўлда ўлдирилган Бекбоев Эгам деган бечора учун ҳам қотил жазолансин деб кўп ёзганман. Эгамнинг оила аъзолари ҳам уни бир савдо дўкони сотиқчилиги учун сотишган эди.

Онагинам қулоғимга қуярдилар: Кунига икки марта ҳожатга кам борсанг бировнинг қўлига қарамайсан, бировмимг оғзига қарамайсан - эр бўласан - икки дунёда хор бўлмайсан - сени Тангрим қўллайди.

Изоҳ:
Бировнинг қўлига қараш - таъма.
Бировнинг оғзига қараш - қарамлик.

Тўраев Ҳамронинг руҳига акаси, сингли ҳатто онаси кунига икки марта ҳожатга бориш учун хиёнат этдилар.

Уларни шу сотқинликка мажбурлаган - Террорчи аталган Тоҳир Йўлдош эмас - бугунда ДХХ бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Игамовдир - текинга эмас албатта.

ДХХ дан илонлар кетиб - ўринларига аждаҳолар келмадиларми?! Шундоқ кимсани элу юрт тақдирини ҳал этадиган идора пешволаридан этиш фожеалигини билиш учун катта ақл шарт эмас! ДХХ давлатнинг дунёдан ҳаққини оладиган тиши бўлиши керак. Ҳатто ўрисча атамаси Игамов - Эгамов эмаслиги - онгига кўзгу.

Калта ақл билан кулба ҳам қуриб бўлмайди. Вайрон бўлади. Давлат катта ақл билан қурилади. Калтабин Каримов ўттиз йилда давлат эмас, Москванинг қуллар лагерини қурди.

Америка нега буюк - буюк ақл - мотори - ўзаги катта ақл билан қурилган - катта ақл билан бошқарилади. Яқинда бир америкалик дўстимга Американи доимий ягона Президент бошқаради десам, ҳайрон бўлиб ким у дейди. Қонун, - дедим, - қонун Американинг доимий Президенти. Катта ақл шу Президент қўриқчилари.

АҚШ иқтисодини икки йилда янада юксакка кўтарган Доналд Трампдай Президентнинг энг яқин одамлари терговда. Буни адолат дейдилар. Биздачи, Ўзбекистон фожеаси нимада?!

Туманда энг доно ким, туман ҳокими.
Вилоятда энг доно ким, вилоят ҳокими.

Республикада ўттиз йил иркит Каримов худолик этди. Ўзбекистон маънавияти деган чексиз томлик китоб ёзганман. Икки сўздан иборат, Ислом Каримов, Ислом Каримов, Ислом Каримов…
Нодон эл улуғларини (Ҳатто Мирзо Улуғбекния) ўлдириб китобларини ёқдилар. Инглизлар улуғларни асраб очун китобларини йиғди. Ҳатто ўзларига қарши улуғларни ҳам асрашган.

Нодон эллар сотқинларига - лаънати Амир Музаффару Иркит Каримовларга сиғиндилар. Инглизлар сотқинларини ўлган бўлса гўридан чиқариб осдилар. Бизда сотқинлар осилса юрт бўшаб қолади. Иркит Каримов - иркит икки қизи - оиласининг ҳожатга икки марта кўпроқ бориши учун орсизларча яшаб - юртни ўрисга сотиб, минг йилларда ҳам тугамас шартномаларга имзо чекди.

Ўзбекистоннинг ҳисоблаш идораси 2018 йилнинг биринчи чорагида четга 400 миллиондан сал кўп долларлик газ сотилганини эълон этди. Бу хабарда юрт фожеаси борлигини ўттиз уч миллионлик халқдан ҳеч ким сезмади. Ҳамма шоиру бирорта шеър йўқ - худди шундоқ - ҳамма сиёсатчи. Бирон кўзи очиқ йўқ.

Ўзбекистондан 50 милярд куб метр газ олинишини 2018 йилда кўпайтирилиши айтилганди. Янги газ конлари ишга тушди. Ўрис доим икки уч карра камайтириб айтади. Ер остини Оролдай қуритмоқда. Жаҳон санксиясидан кўҳна Турон ер остини талаб қутилмоқчи. Юз милярд куб метрдан кўп газ олаяпди. Майли тан олганлариданн келиб чиқиб 60 милярд деганда ҳам уч ойда 15 милярд сотилган бўлсин. Юз доллардан бўлганда ҳам 1.5 миллиард бўларди. 1.5 милярд эмас - 400 миллион. Демак ўрис Ўзбекистонга ҳар минг куб метр газ учун 30 доллар тўлаб - 500 доллардан сотмоқда. Тилло ҳам, уран ҳам ҳаммаси шундай талон. Йилнинг биринчи чорагида 1.5 миллиардлик олтин сотилибди. Кўҳна Туроннинг уйи куйибди. Ўрисга олтин тоғи кетибди. Шавкат Мирзиёев бир сўзида бошқа давлатлар билан газ бўйича шартномаларни бузиб бўлмаслигини алам билан эслатди. Сотқин Ислом Каримов Ўзбекистонни ўрисга минг йиллар қарам қилиб кетди, шартномаларда.

Катта элнинг ёвуз хони
Босиб олди кичик элни.
Тутқун юртга шу маконлик
Хоким излаб - нотинч кўнгли.

Тилаган кўб - харидорнинг
Барин йиғди бир кишлоққа.
Бошлаб борди оч -ночорнинг
Эшигига - хор авлоққа.

Ҳар биринг айт - не қилардинг
ҲОКИМИ БЎЛСАНГ БУ КУЛБАНИ?
Бири деди- кўшк бўларди,
Ҳашарга йиғсам ҳаммани.

Бошқаси дер теграсини
Ўратардим девор билан.
Ўзгаси дер- яшнатардим,
Атрофини гулзор билан.

Устаси дер- бу вайрона,
Сарф айлайман бир оз тилло-
Тиклатаман зўр кошона-
Томидан паст бўлсин само.

Барин тинглаб жимжит биров,
Сен нетардинг—деди тождор.
Индамасдан йокди олов-
Кулбага ўт қўйди ғаддор.

Кўкка ўрлар ёнғин дуди-
Ёнайотганларнинг зори.
Ўт қўйган ҳокимдир - деди
Катта элнинг ҳукмдори.

Иркит Пётр 1 - олтин давлатнинг жон томири деб - Туркистонни забт этишга буюрган - Туркистоннинг жон томири узилиши ҳисобидан Россиянинг жон томири омон. Буни порадан бошқа нарсага ақли етмас Жаҳонгир Игамовлар билармиди?! Икки марта ҳожатга бориш учун жигарларини - боласини, оғасини сотаётганлар юртини сотмайдими?!

Юртда ор аҳли қолмади
Юртда аҳли ҳожат қолди.

Юртнинг зўрлари зиндонларда дердилар зиндонларда ҳам кўрдим. “Энг зўрларини” ҳам кўрдим: Пагонлилар қулоқларига бир гўгирт донасини тўртга бўлдиладилар - ким қулоқлик қилса бир донанинг тўртдан бири берилади. Бири бирини шунга сотади. Қарийб ҳамма сотқин. Сотқинлик зиндонларда шараф ҳисобланади. Бир одамнинг нархи бир гугурт донасининг тўртдан бири. Тамаки чекишади, бир отим носга сотишади. Отани сотган ўғли? , ўғилни сотган ота тиқилиб ётибди. Мана “зўрлар”, мана “эрлар” мана “эл”.

Андижондаги балиқчи туманининг собиқ ҳокими ҳоким пайти элни уриб Тайсон деб ном чиқарган. Жаслиқ" да погонлиларнинг соясига келин салом қилади, бир эмас минг. Бухоронинг бир собиқ ҳокими ҳам элни тепкилаган, Жаслиқда тепки еб ўтирибди. Ўлмасин деб ёнини олдим, Вақти келса пагонлилар Сизни тепкилаганини айтасизми, десам, мени аралаштирманг дейди, - ноэр.

“Жаслиқ” - зиндони шундай даҳшатли маконки - кишилар ақлдан озади. Бировнинг ёнини олиш нари турсин - ўзини ҳимоя этолмайди. Шу жаҳаннамда ҳам ҳамманинг ёнини олдим. Супурги уруғдан овқат тайёрланадиган тамуғда ора ярим балиқ пиширадиган бўлишди. Чирик эски кийимлар берилишига қарши чиқдим. Чексиз қийноқлар эвазига - маҳкумлар янги кийимлар берилишига эришдим. Ўзим овқатини емасдим - ўзининг нафси учун этаяпди демасинлар деб - қарийб оч яшардим. Пагонлилар диндор тутқунлар билан бошқа тутқунлар орасида низо чиқармоқчи бўлганларида олдини олардим. Қийноқларнинг кучайишига тўсқинлик қилардим.
Афсуски - барча менга хиёнат этди - бир отим носга, текинга сотди. Ҳатто номозхонлари ҳам сотди. Хўш мен арзийдиган нарса учун умримни сарфладимми?! Шу хоин эл умримнинг бир онига арзийдими?! Ё иркит - қирғиндан бошқа нарсага арзимайдиган мухолифатнинг сотқин қисми - бир дамлик умримга арзийдими?! Аслида кейинги ўттиз йиллик фожеага - шу сотқинлик боис. Сотқинлар дорга тортилиши шарт.

Фақат Ўзбекми - арзимас нарса кунига икки марта ҳожат учун яшаётган?!
Милярд милярд инсоният бир бурда нон деб қирилиб битмаяпди.
Умрни сарфлашга арзийдиган нарсалар:
Ор номус, юрту эрк ҳақида биронтаси бир зум ўйлайдими?! Бурунги замонларда кишиларда қуллигини англайдиган даражада онг бўлган, бугунки милярд-милярд қулларда қуллигини биладиган эси йўқ.

Эс бўлмагач эсида тил бўладими, тарих бўладими, ор номус, эрк, она юрт бўладими?!
Биронта тўғри тушунчали йўқ
Бирон тушунадиган йўқ!
Бирон тушунтирадиган йўқ!
Тўғри тушунчали бўлса тушунади.
Тушунган тушунтиради - бу эсдир!

Эсини еган эл ош учун яшайди. Ош учун яшаган эл ўлади, очдан ўлмаса ҳам тириклай ўлади. Ор учун яшаган элда ҳамма нарса бўлади. Ҳеч нарсаси бўлмаганда ҳам ҳамма нарсадан қиммат ори бўлади.

Ўзбек на тилини, на тарихини, на асл адабиётини билади. Юртдагилар қандай бўлса чeтдагилар ҳам шундай. Озодликнинг ўзбўк бўлимидаги эси йўқ мухбирчалар ўзларини доҳий санаб Одам Атодан қиёматгача иккинчиси бўлмайдиган Улуғ Амир Темурни ерга уради. Лекин йигит билан қизни икки ошиқ ўзини поезд остига ташлади деб ёзади. Ҳатто кекса кампирлар ҳам ошиқ маъшуқ дейди. Начора ёппасига аҳли ҳожат қалам аҳли. ББCининг ўзбек бўлими аллақачон бир жинсларнинг бўлимига айланган. Ўзбекнинг олтину гази қаёққа кетаяпди. Уларга нима, энг муҳими тожиклар газ ёқаяпди, Амударёга банд уриб ток олаяпди.

Сарт сўзи ҳақида ўрис манбалари асосида эшиттириш берган ёввойи тозилару, шимол тўнғизларидан бурун очун бўлмаганми?! Улуғ Маҳмуд Қошғарийни ўқимай қандай жоурналист бўлганлар?! Сарт ҳозирги тадбиркор, бузнесмен сўзларига тенг сўз. Турк сўзи, ҳақорат сўз эмас, шонли сўз.
Маҳатма Ганди: Тилимиз нозик фикрлар ифодалай олмайди десангиз - бундан кўра ҳаммамиз қирилиб кетганимиз яхши эмасми?! - деган, шунинг учун ҳам Ҳиндистон бор, Турон йўқ.

Абдулла Орифнинг “Соҳибқирон” асаридан:
Боязид: “Манов аёл Мариядир
Бизнинг завжамиз…

Темур:
Кўнсанг кўнмасанг -
Уни бирон Насронийга ҳадя этамиз.

(Буқаламунни имлаб чақиради)
Никоҳингга олгин буни! ”

Даюсона сатрлар. Улуғ Соҳибқирон Амир Темурга туҳмат - жала!
Жаҳонгир бугунгилардай даюс бўлмаган.

Амир Темурни қўшмачи деб ёзиш жиноят.
Амир Темур ёнида буқаламун бўлмаган, саййидлар, авлиёлар бўлган. Буқаламун ғарбга тақлид. Ғарб шоирлари пиесаларида шоҳлар ёнида буқаламун бўлади.

“Асрлар бўйи камситилган, ҳақоратланган Амир Темур бобомиз образи менинг учун халқнинг обрў эътиборини, қадрини белгиловчи образ бўлиб кўринди. Соҳибқирон асарини ўтмишга боқиб букун учун ёзганман”.
Шўрлик Абдулла Орифнинг китобидан (1-том 13 бет)

Водариғ, мана миллатнинг “биринчи шоири - даҳоси, қаҳрамони. Мадҳия муаллифи.

Ҳеч битта - ҳатто ёвлари ҳам Жаҳонгирни ерга бунчалик урмаган. 20 ёшлик Абдулла Қодирий Амир Темурни даҳо деб ёзган. Унинг тўрт ёшини яшаган Абдулла Ориф учун образ.

Абдулла Орифнинг Соҳибқирони Ўзбекистоннинг барча театрларида қўйилган. Академиклар, профессорлар мақташган. Аҳмоқона сафсатани ҳамма улуғлаган. Мана элнинг “маънавияти”.
Маънавият сўзининг ишлатилишининг ўзи маънавиятсизлик. Ахир Эрдам деган улуғ сўзимиз бор. “Маънавиятдан ҳам, тарбиядан ҳам, тафаккурдан ҳам кенг. Тенгсиз Абдулла Қодирий ёзганидек:
“Эналаринг арапга текканми?!” Меҳробдан чаён - 29-бет.

АҚШ нинг Сенат йиғилишига келган - Умрининг сўнги кунларини яшаётган - саратон билан олишаётган - Жон Маккейн жон куйдириб Америка ва дунё муаммоларига дунёнинг диққатини қаратди. Мана эрлар қандай яшайди. Бир умр ор - номус, эрку юрт учун жон тикишга арзийдиган улуғ Тангрининг улгулари учун яшади.

Бизда-чи?

“Бир неча бўлакка бўлиниб кетган Ватанимизни Ислом Каримов мужассам тди. Халқимизнинг ғурур ва ифтихори, маънавий камолоти билан доимий шуғулланди. Халқнинг қаддини ҳам қадрини ҳам қаддини кўтарди. Ислом ака, улуғ инсонпарвар шахс эди. ”

Қандай бўлакларни бирлаштирди, Туркистонни туздими?! Иркит Каримов миллатни Қулу чўрига айлантирмадими?! Юқоридаги кўчирма А Орифнинг Ислом Каримов хотирасига битган “Буюк Бунёдкор” мақоласидан. Шўрлик ўғри шоир мустабиднинг майитини ҳам ялаб - юлқаб бутун умр икки марта ҳожат учун яшаб гўрга кирди.

Ёвуз Ислом Каримов милёнлар бошига етмадими. Зиндонларда, мардикорликда, ночорликда қирилди. Эл-- олтину газ, уран конлари устида яшаётган орсиз халқ бир бурда нон излаб очунга сочилди. Милёнлаб зурёдлар туғилмай қирилди. Ҳозирда бутун оламда бўлаётган урушларда ҳам бунчалик қирғин бўлмади. Нодонлар, малайлар бир гапни такрорлашади Каримов юртни тинч сақлади.

Тинчлик - ё эзгулик ёвузликни енгса, ё ёвузлик эзгуликни енгса бўлади. Эзгулик енганини кўк ҳам кўрмаган. Ёвузлик ғалабасини ҳамма кўрган.

Эгизаклар - Уруш ва Ўлим қочиб борардилар - сўрадилар.
Сизлар қўрқиб қочадиган ҳам даҳшат борми?

Бор- бу ёвузликнинг эзгулик устидан бутунлай йенгани - тинчлик. Энди эзгулик учун курашадиган ҳам, ўз ажали билан ўладиган ҳам йўқ. Ҳамма даҳшатли тинчлидан қирилади.

Ёвуз Каримов шу даҳшатли тинчликка эришди. Ўзининг қўлидан келмасди, бу талончи Московга керак эди.

Сўзларимни уқадиганлар бор - нега улар бир умр жим.Қўрқув кучли.
Энг даҳшатли қўрқув занжири қўрқувдир. Юракдан боғлайди - жондан банди қилади.
Эл қўрқувдан, нодонликдан (нодонлик бошдан боғлайди) қутилмас экан юрт на обод, на озод бўлади. Сиёсат қўрқитиш экан - эл қўрқувда экан- бу сотқинлар ва хоинларнинг ғалабаси - элу юрт фожеасидир.

Америка аксинча - ўтган ёзда Неварам Ҳушёршоҳга Мактабда мақтов ёрлиғи берилибди. Ҳайрон бўлдик: акалари, опалари кўп ёрлиқлар олишган - бироқ эътибор ҳам бермайди. Лекин Ҳушёршоҳ ҳали биринчи синфда. Яқин- яқингача отини ёзишга қийналади. Нега менга узун от қўйдинглар - акаларим Жайхун ва Сайхуннинг ҳам отлари олти ҳарфли, Уммонники беш ҳарфли - қандай яхши- менинг исмим 11 та ҳарф, Шоҳ десанглар етардику дерди. Отини Шоҳ деб ёза бошлади. Нега Шоҳга мақтов ёрлиғи берилди, нимани қойил қилган, Америка Америка асоссиз ҳеч натрса берилмайди. Ўзбекистон эмас, ҳатто эплаб бир тўртликни ёза олмаганлар халқ шоири саналади. Ҳатто ҳайкаллар қўйилади. Билсак Жасурлиги учун берилибди. Доим ожизлар ёнини оларкан. Ҳеч кимдан ҳеч нарсадан ҳайиқмас экан. Шоҳнинг олган мақтов ёрлиғи ноёб мақтов ёрлиқ бўлиб бу яқинда ҳеч бир болага берилмаган экан. Мана Американинг қудрати Жасурликни қадрлайди. Жасур эли бор юрт буюк бўлади. Ҳушёршоҳ ҳозир иккинчи синфда ўқийди Отини тўлиқ ёзиб билади, ўқишда ҳам ҳаммадан ўзиб бормоқда. Лекин ўқитувчилар Шоҳ деб атайдилар ва ёзадилар.

Ўғлим Бобурнинг дўсти Жошуа - спортчи йигит, оддий оиладан чиққан. Отаси Америка учун жангларда бўлган, ҳозирда оддий ишчилар. Амакиси 26 йил ҳарбий учувчи бўлган - ҳозирда Америка иззатини жойига қўйган, яхши яшаяпди. Жошуа кўнгилли бўлиб ҳарбий хизматга ёзилган. Ота-онаси:

Тўғри қилдинг, дунёда тинчлик бўлсин. Мабода уруш бўлса сени Тангри қўлласин. Америка учун урушасан - агар урушда ўлсанг Америка учун ўласан - қаҳрамон бўласан, - дейишган.

Мана Американинг кучи. Ҳаёт ширин, аммо қўрқиб яшашга арзимайди деб ёзганман бир шеъримда.

Бизда бир умр қўрқувга асосланган сотқинлик ўргатилади.
Доскага ким чизди? - сўрайди Ўқитувчи
Фалончи, - дейди ҳамма Ўқувчи.
Фалончи жазоланади, сотқинлар адобли саналади.
Нега бошингни кўтарасан, нега гапиряпсан, ўчир овозингни…
Элнинг овози ўчган. Тили кесик, боши эгик -- ҳатто жигарлари сўйилса ҳам.

Бухорода Қора Сайёҳ фирмаси орқали юзлаб бақувват соғлом ёш кишилар сўйилиб тан аъзолари четга сотилди. Жиноятчилар жазолансин деб узоқ тортишдим. Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси Ўткир Комилов ёнимни олди. Президентнинг хатлар бўлимида кекса киши раҳбар эди. Бир гал ўкиниб деди:

Биласанки бу элни - нима қиласан нима қиласан бу номард эл учун жонингни тикиб?!
Ўйласангчи, ўша сўйилганларнинг минглаб қариндоши бор - бири нега фалончам сўйилди деб сас чиқардими?! Бу ерга бир оғиз ёзса - мен билардим?! Сенга нима бу элнинг ҳаммасини сўймайдиларми?! Бу халқ шунга лойиқ! Ёнингни битта Ўткир Комилов олганди шу боис йўқотдилар. Ўзбекистондаги ягона тоза амалдор энди йўқ, бу ерга келиб энди оввора бўлма.
Шу ўринда Ўзбекистон Президентига дейман: Букунги ДХҚда Жаҳонгир Игамовлар эмас, Ўткир Комиловлар ишлаши шарт - токи юртга элга фойда тексин.

Бизда ҳамма соҳанинг зўрларини топса бўлади.

2002 йилда МХХ ертўласидан зиндондан чиққанимдан сўнг - Тошкентга катта бир халқаро ташкилотнинг тўралари келишди. Улар билан кичик даврали учрашувга мен ҳам бордим.
Ўйлардим: Бухорода сўйилиб сотилганлар ҳақида сўйлайман дунё даҳшатга тушади Диктатор Каримовни бир ёқлик қилишади. Менга сўз берилди, сўйладим…
Бирортанинг пинаги бузилмади. Бари бепарво. Мен даҳшатга тушдим, дунё ҳам ўзбек эканку, Тангрим, сен нега жимсан, Сен ҳам Ўзбекмисан?!

Аҳли очунки - арзимас нарсалар учун яшаяпди, Сен-чи?!

Пушмон ўлчашолмас хеч ким мен билан,
Армон ўлчашолмас хеч ким мен билан.

Жон не - суғурди юз кўкдан Тангрини,
Йўк жон - ўлчашолмас хеч ким мен билан.

Қулади бошимга барча кўклари -
Осмон ўлчашолмас хеч ким мен билан.

ОЛти кунда қурди - бир охда йиқдим -
Вайрон ўлчашолмас хеч ким мен билан.

Оллоҳ деб оҳ урдим - оҳимда Оллоҳ-
Раҳмон ўлчашолмас ҳеч ким мен билан.

Китоб бўлиб тушди - ёнар додимда-
Қурьон ўлчашолмас хеч ким мен билан.

Юсуф ёлғон -ёлғон - Тангри деганим-
Ёлгон ўлчашолмас хеч ким мен билан.

Ҳеч ким мен чивиндан хафаман демайди, ахир уят, чивин хафа бўлишга арзимайди. Мен эшакдан хафаман дейиш ҳам уят - ир.

Мен дўстларимдан хафа эмасман, хафа бўлишга арзийдиган дўстим йўқлигидан хафаман.

Дўстинг қора кунингда ёнинг олиб чиқмаса ҳам - сотмаса, панд бермаса?

Мен қаламкашлардан хафа эмасман, хафа бўлишга арзийдиган бирор қаламкаш йўқлигидан хафаман. Зўр нарса ёзмаса ҳам уқадиган бўлса, тушунса.

Мен тўралардан хафа эмасман - бирон хафа бўлишга арзийдиган тўра йўқлигидан хафаман. Менга душманлик қилса ҳам юртимни сотмаса.

Мен элимдан хафа эмасман, хафа бўлишга арзийдиган элим йўқлигидан хафаман.

Менга тош отса ҳам - ўзининг номуси, юрти - эрки - арзийдиган нарсалар учун - Тангри берган улгулар учун яшаса. Хафа бўлишинга арзиса - бу чин бахт!
Мен чексиз бахтсизман…

Тангрининг ўчи.

Хамма сотиб бир умр
Мардни айлар хун бағр.
Лек юртни ёв босаркан
Элни жангга бошлар эр.

Бир умр Тангрим деди -
Йўлида турди тоғдек .
Нечун бугун қўлламас-
Элининг куни оғди.

Кўкка тоатидир дод-
Фиғон-юрак ёнган ич.
Садо келди сен учун
Тангри олайотир ўч.

- Кандок, деди мард ботир -
Ёнимда бўлса ўзи-
Қирилмоқда улусим-
Гўрга дўнди ер юзи.

- Тангринг ёв томонида -
Тағин келар сас-чақмоқ.
- Ёғий тарафда туриб,
Ўчимни олар кандок.

- Сотқин - душмандан баттар,
Сен ёвдан баттар билан.
Қиради ёппасига -
Бири-биридан тубан.

- Йук,йук,ҳатто Тангрига
Қарши бораман - қарши.
- Сен учун ўч олади -
Ҳатто сендан хам Тангри.