29 October 2018
13:42 - Сенсациями, ёки фойдаси кам қадам: Тадбиркорларга энг кам иш ҳақининг 1000 бараваригача микрокредит берилади

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзА Адлия Вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналига асосланиб, аммо ҳеч қандай таҳлилсиз хабар қилишича, мамлакатимиз ҳукуматининг қарори билан “Микрокредитбанк” Акциядорлик Тижорат Банки фаолиятини ташкил этиш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилибди.

Эндиликда микрокредитлар тадбиркорликни бошлаш ва ривожлантириш (кенгайтириш), шу жумладан, ишлаб чиқаришни технологик жиҳозлаш ва модернизация қилиш учун замонавий технологик ускуналар ва техникалар сотиб олишга, шунингдек, айланма маблағларни тўлдиришга берилади.

Микрокредитлар тадбиркорликни ривожлантириш (кенгайтириш) ва айланма маблағларни тўлдириш учун кичик тадбиркорлик субъектларига (шу жумладан, микрофирмалар, кичик корхоналарга), деҳқон ва фермер хўжаликларига 24 ойгача муддат билан энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 бараваригача миқдорда берилади. Илгари бу миқдор 500 бараварни ташкил этган.

Бу янгиликка ЎзА бермаган таҳлилни биз берамиз. Маълумки, ҳозир Ўзбекистонда минимал иш ҳақи $21, Президент Шавкат Мирзиёнинг 2018 йил 13 октябрдаги қарори билан минимал иш ҳақи 1 ноябрдан $24,78 бўлади. Демак, тадбиркорлар шу пайтгача 10,5 минг долларлик микрокредит олиш имконига эга эдилар, энди 21 минг долларгача кредит олиш имкониятига эга бўладилар.

Билмаганлар учун билдириш керакки, микрокредит турли сабаблар билан оддий кредит ололмайдиган тадбиркорларга берилади. Бу тушунча АҚШда олий таълим олиб, ўз мамлакати Бангладешда иш олиб борган иқтисодиёт профессори Муҳаммад Юнус тарафидан киритилган ва айнан шу киши 1974 йилда ўз мамлакатидаги очликка қарши кураш доирасида бир неча аёлга ўз чўнтагидан 27 доллардан кредит берган, 1983 йилда эса, “Грамин” банки яратиб, микрокредитлар бериш системасини жорий қилган.

Профессори Муҳаммад Юнус ҳеч шубҳасиз яхши иш бошлаган, унинг тажрибасидан ҳозир бутун дунё фойдаланмоқда. Аммо, шуни ҳам билиш керакки, Бангладешда ҳар қандай давлат иқтисодиётининг асосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми Муҳаммад Юнус 40 йил аввал бошлаган ишнинг натижасида ўтган йили бор-йўғи 1601 долларга чиққан эди. Яъни, Бангладеш ҳали ҳам қашшоқ давлат. Аммо Ўзбекистонда Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ўтган йили 1490 доллар эди, Давлат Статистика Қўмитасининг шу кунларда эълон қилинган янги маълумотлрга кўра эса, бу рақам 900 долларга тушди. Яъни, Ўзбекистон қашшоқларнинг қашшоғи.

Хўш, буёғи нима бўлади, ўта қашшоқ бўлган Ўзбекистонимиз 40 йилдан кейин оддий қашшоқлик даражасига чиқадими? Шу савол устида ўйласангиз тушунасизки, микрокредит системасини мукаммаллаштириш яхши қадам, аммо мутлақо етарсиз.

Эй, ўзбеклар! Яна бир бор қайтарамиз, кўзингизни очинг, бунақа президент, бундай тожиклар режими, бу режимнинг қўғирчоқ ахборот воситалари билан келажагимиз йўқ. Майдонларга чиқиб, Шавкат Мирзиёдан ва унинг тожиклар режимидан ватанимизда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни, хабарчи/журналистлардан бўлаётган воқеаларни объектив ёритишни талаб қиладиган вақт келиб бўлди.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё жинояткорона қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, демократик мухолифат билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Ҳурматли ўқувчиларимиз! Бундай таҳлилий хабаримизга жиддий эътибор беринг. Бу хабарга ва умуман бу саҳифага "ёқтириш" (лайк) белгиси қўйиш билан ватанимзнинг келажаги ҳақида ўйлаётганингизни кўрсатинг.