АҚШдаги NBC News телеканалига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, АҚШ прокурорлари 2017 йил 31 октябрь куни Нью-Йоркда кирага олинган мини юк автомобили билан йўл четидаги йўловчилар устига юриб, 8 кишини ўлдирган ўзбекистонлик муҳожир Сайфулло Саиповга ўлим жазоси беришни талаб қилишга таёрланмоқда эканлар. Нью-Йорк штатида 1953 йилдан бери ўлим жазоси қўлланмагани ҳам айтилмоқда.
Ҳозир 30 ёшга кирган Сайфулло Саипов 2010 йилда грин-кард лотореясини ўхшаш бошқа бир лотореяни ютиб АҚШга кетгани, унинг ота-онаси диний экстремизмда айбланиб, энг кўп жавобгарликка тортилган фуқаролар истиқомат қилувчи пойтахтнинг “Шарқ гули” маҳалласида яшаётанини 1 йил аввалги хабаримизда билдирган эдик.
Машҳур NBC News телеканали шундай хабар берган бўлса, тахмин қилиш мумкинки, Сайфулло Саиповга ўлим жазоси берилади. Адолат нуқтаи назаридан бундай жазони тўғри деб баҳолаш кераклиги ҳам ўз-ўзидан маълум.
Аммо, бундан ҳам муҳим бўлгани, ислом терроризмини тўхтатиш масласидир. “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётганидек, ислом терроризмининг илдизлари Ислом динининг Қуръонни хато тафсиридан келиб чиққан хато тушунчаларидадир, демак, ислом терроризмини куч билан енгиб бўлмайди. Уни тўхтатишнинг ягона йўли Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, биринчи навбатда, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир.
Аввалги хабарларимдан маълумки, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат аввалги АҚШ Президенти Барак Обамага ва ҳозирги Президент Доналд Трампга мактублар йўллаб, Ислом уламолари ва, қолаверса, Ислом дунёси Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказишга тайёр эмаслигини урғулаш билан биргаликда, инсониятнинг прогрессив қисми мумсулмонларга бу масалада ёрдам бериши кераклигини урғулаган эди. Иккала президентдан олинган жавоблар кўрсатмоқдаки, ҳатто Оқ Уйда ҳам бу масалани тўла тушунишмаяпти. Аммо, начора, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш масаласини кун тартибидан туширмаслик ва тўла ғалабагача бу йўлдаги курашни давом этириш керак.
Сайфулло Саиповнинг бу расми унинг ҳайдовчилик гувоҳномасидан олинган экан.