27 June 2009
16:48 - НАТО Осиёга Қозоғистон орқали ҳам кирмоқчи, Ўзбекистон яна четда
Қозоғистон демократик мамлакат бўлмаса ҳам, унинг президенти Нурсултон Назарбойнинг хатти-ҳаракатлари билан Ғарбга яқинлашиш жиддий шаклда йўлга қўйилган.

Маълумкин, 2010 йилда Қозоғистон Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотида раислик қилади. Собиқ Совет мамлакатлари ичида биринчи бўлиб Қозоғистон халқаро майдонда бундай юксак савияга кўтарилди. Бошқа йўналишларда ҳам ишлар олға кетмоқда.

НАТОга яқинлашиш шундай йўналишлардан энг муҳимидир. Шу кунларда Остонада иккита жиддий тадбир ўтказилди.

Улардан бири - 24-25 июнь кунлари бўлиб ўтган Евро-Атлантик Ҳамкорлик Кенгашининг йиғилиши бўлди. Унда НАТОнинг Бош котиби Яал де Хоп Схеффернинг қатнашиши (расмда) ва нутқ сўзлаши тарихий воқеа ҳисобланиши керак.

Иккинчи тадбир – НАТО Парламентар Ассамблеясининг 71-чи “Роуза-Рота” семинари. Бу семинар Марказий Осиёда экологигияни ҳимоя қилиш, иқтисоднинг ривожланиши, фуқаролар жамиятининг қурилиши мавзуларига бағишланди. Номидан ҳам кўриниб турганидек, бу семинарда жиддий масаллар муҳокама қилинган.

НАТОнинг Осиёга қилган биринчи жиддий қадами, унинг Афғонистонда террорга қарши урушда бош роль ўйнаётгани бўлса, иккинчи қадам сифатида унингҚозоғистон билан амалий ишлар қилаётганини гапириш мумкин.

Бу масалаларда ташаббусни тамомийла Қозоғистон президентига бериб қўйган Ислом Карим, тамошабин роли билан чекланмоқда ва Марказий Осиёда иккинчи даражали лидер савиясига тушганига кўникмоқда. Ислом Карим кўникиши мумкин, аммо ўзбеклар кўникмасликлари керак. Бу минтақада асосий роль ўйнаб келган ўзбеклар мавқеларини тиклашлари керак. Минг афсуски, Ислом Карим ўрнатган режим туфайли бу иш кун сайин оғирлашиб бормоқда.

Шундай бўлса ҳам, келажакни ўйлайдиган мухолифат, унинг асосий кучи бўлган “Бирлик” Партияси ташаббусни қўлга олиш учун ҳаракат қилишдан тўхтамаяпти. Партия раиси Абдураҳим Пўлат навбатдаги қурултойга тайёрланиш бўйича сафдошларига йўллаган мурожаатида Ўзбекистонни НАТОга аъзо қилиш масаласини кун тартибига олиб киришни таклиф қилганди. Ҳеч шубҳасиз, бу иш давом эттирилади.