28 August 2018
19:22 - Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Сирдарё вилояти ташкилотининг МУРОЖААТНОМАСИ (Шикоят тартибидаги очиқ хат-2)

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Сирдарё вилояти ташкилотининг
М У Р О Ж А А Т Н О М А С И (Шикоят тартибидаги очиқ хат-2)

№ Э/37
14.08.2018-йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига

Барча ОАВларга ижтимоий тармоқлар орқали


Ш.М.Мирзиёевнинг 02.08.2017-йилда бўлиб ўтган йиғилишдаги нутқидан иқтибос: “Биз янги Прокурор тайинлаб, ташкилотни аввалги чиқиндилардан тозаладик. 70-80 % ходимларни алмаштирдик. Барибир прокуратурада яна 15-20% аввалги ўғри тизимдан қолган ходимлар ишламоқда. Бу прокурорлар халқ бошига битган бало бўлди. Агар тўғри ишламаса, ҳаммаси ишдан кетади”

Сирдарё вилояти прокуратурасининг Ўзбекистон Президентига нисбатан навбатдаги жинояти.
1.Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Сирдарё вилояти фаоллари (вилоят бўлими раиси ёки аъзоси деёлмаймиз. Чунки 2006-йилдан буён жамиятнинг Сирдарё вилояти бўлимини қайта давлат рўйхатидан ўтказишликни сўраб, вилоят Адлия Бошқармасига барча талаб этилган тегишли хужжатларни илова этган ҳолда йўллаган 15 та мурожаатларимиз МХХ топшириғига кўра, шу кунгача қайта рўйхатга олинмаяпти.) йиллардан буён Сирдарё вилоятидаги айрим аҳоли вакилларига (фуқароларга нисбатан) содир этилган жиноятлар:

- қотиллик,
- номусга тажоввуз этиш,
- коррупция,
- мансабни суиистеъмол қилиш,
- босқинчилик ва талончилик,
- давлат ва жамоат мулкини талон-тарож этишлик,
- тавламачилик ҳамда фирибгарлик,
- ҳокимият ва бошқарувдаги сохтакорлик,
- прокуратура харакатсизлиги (коррупция жиноятларини қасддан яшириш)
- МИБ ва ИИБ зўравонлиги,
- ноқонуний ҳибс этиш, тергов жараёнида қийноқлар қўллаш ва адолатсиз Суд ҳамда шу каби Давлат ва жамият учун ҳавфли бўлган инцидентлар (ҳолат, воқеа, қилмиш ва ҳаракат...) тўғрисида йиллардан буён амалдаги Давлат идораларига, унинг Бошқарув, Қонунийлик ва Ҳуқуқ-тартибот идораларига юзлаб, ҳатто минглаб мурожаатлар йўлладик...

2. Минг афсуски, охирги 5-6 йилда, аниқроғи 2012-йилдан бошлаб жамиятда ижтимоий адолат даражаси сезиларли тарзда салбий тарафга пастлаб бошлади, фуқароларнинг ўз бузилган қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш борасида давлат идораларига (органларига) йўллаган асосли мурожаатлари кун сайин беэътибор қолиб, Давлат ва унинг органлари ўз легитим функциясини бажариш лаёқатидан оға бошлади...

Г.Каримованинг жиноятлари Европа иттифоқи жамоатчилиги тарафидан фош этила бошлагач, давлат элитасидаги саросималик, бир-биридан ҳадиксирона ва фош этиш оқибатларида жамият фалаж ҳолатга тушиши, давлат органлари бошқарув жиловини бой бера бошлагач, аҳолининг, унинг илғор қатлами (мамлакат ичкарисидаги ва ташқарисидаги) норозилигини бостириш мақсадида марказдаги ҳамда минтақалардаги (вилоятлар) фаол инсонларни; диний уламолар, муҳолифат вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва эркин журналистларни қатағон қилишнинг янги тўлқинлари бошлаб юборилди... (Бу алоҳида мавзу. Кейинроқ бу масалаларга албатта қайтамиз)

3. ... 2018-йил 23-июнь куни жамиятдаги тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, Ўзбекистон Конститутциясини ҳимоя қилиш, Қонун устуворлигини таъминлаш, амалдаги ҳокимиятга (марказий ва маҳаллий) имкон қадар кўмаклашиш мақсадида ваколатимиз доирасида жамиятимизга 2016/2018-йиллар давомида Сирдарё вилояти фуқароларидан келиб тушган, уларнинг Қонун билан қўриқланадиган фундаментал бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш мақсадида, уларнинг ёзма мурожаатлари ва тақдим этишган далиллий хужжатлари асосида, ўзимиз шоҳиди бўлган ҳолатлар юзасидан 2 йиллик умумий, 2018-йилнинг 5 ойи давомидаги асосий хулосаларимиз бўйича, таклиф ва тавсияларимиз баён этилган “Сирдарё вилояти прокуратурасининг Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳиёнати” умумий сарлавҳаси остида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига (Мурожаат рақами: 79949-s/18. Ҳолатни текшириш коди: 04a8842498) ва бир вақтнинг ўзида БМТ, ЕХҲТ ваколатхоналарига ва ОАВ (dunyouzbeklari.com, harakat.net ва ihrou.org) ларга ташкилотимиз томонидан 22.06.2018-йилда қайд этилиб йўлланган Э/34-сонли мурожаатимизга амалдаги тегишли қонунчиликка зид равишда 15 кунлик муҳлат, узоғи билан 1 ойлик давр ичида ҳам муносабат ёки асослантирилган жавоб хати берилмагач, биз одатга кўра интернетдан мурожаатимиз ҳолати билан танишдик...

4. ...2018-йил 13-август куни орадан 50 кун ўтиб (1 ярим ой) мурожаатимиз ҳолатини текшириб кўриб, натижасидан ҳайратга ҳам тушмадик!..

... Мурожаат 2018-йил 23-июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида 79949-s/18-сон билан рўйхатга олиниб, ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига оширилибди...

Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси эса, қонунга зид равишда асосли мурожаатимизни устиларидан шикоят этилаётган қуйи поғона Давлат органи-Сирдарё вилояти прокуратурасига ижро учун “юмалатишибди”...

Ўйлашингиз мумкин, демак мурожаатдаги қонунбузарликлар, жиноятлар ўз жойида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Прокуратура ва Суд-ҳуқуқ соҳасидаги инқилобий ислоҳотлари таъсирида муқаддам коррупция иллати ортидан ёпиб юборилган жиноятлар, адолатсиз Суд қарорлари, шу кунларда ҳам давом этаётган давлат органларидаги суиистеъмолчиликлар ҳолатлари ўз қонуний ечимини топишга бошлаган бўлса керак-да, деб!..

Чучварани хом санабсиз. Ким ҳам ўз ўтирган шохни болта билан чопар эди. Айниқса, кейинги 10-15 йилда фош этилаётган, ёпиб юборилган (қасддан яширилган) жиноий ишларни (коррупцион схемалар) бевосита ва билвосита амалга оширган маҳаллий давлат идоралари мансабдорлари ўз “имидж”ларини ўзгартиришиб, қўшни вилоят идораларида, туман ва шаҳар прокуратураларида, янги тузилган МИБ, ҳатто Республика пойтахтида фаолият олиб боришаётган бўлишса... (худдики, собиқ СССР комунистлари кадрлар номенклатураси каби)

5. ... Бевосита интернетдаги (вилоят прокуратураси томонидан Президент Девонига, демакки Президент номига юборган) жавоб хатини талил қиламиз:

... “Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан асосий муаллифлари бўлган бизнинг кўрсатилган юридик манзилга эмас, фақат Ўзб. Респ. Бош прокуратурасига 17.07.2018-йилда йўллашган ҳисоботда гўёки 14 та жиноий ҳолат бўйича ташкилотимизга ёзма мурожаат этишган жисмоний шахсларнинг вакили эканлигимизни тасдиқловчи хужжатларни тақдим этмаганлигимиз (?) боис, мурожаатимиз кўрилмасдан қолдирилибди”!?

Қойил!!! Бу каби сурбетликни фақат кўча жиноят олами авторитетларигина (воръi законь-қонундаги ўғрилар) ёзишга журъат этишлари мумкин. Аслида улар ҳам ҳеч қандай хужжатга асло имзо чекмайдилар!
Ахир, мурожаатимиз мазмуни ҳамда унда қайд этилган 14 та факт ҳолатлари замирида фақат-жиноят таркиблари;

- қотиллик,
- номусга тажоввуз этиш,
- коррупция,
- мансабни суиистеъмол қилиш,
- босқинчилик ва талончилик,
- давлат ва жамоат мулкини талон-тарож этишлик,
- товламачилик ҳамда фирибгарлик,
- ҳокимият ва бошқарувдаги сохтакорлик,
- прокуратура харакатсизлиги (коррупция жиноятларини қасддан яшириш)
- МИБ ва ИИБ зўравонлиги,
- ноқонуний ҳибс этиш, тергов жараёнида қийноқлар қўллаш ва адолатсиз суд каби Прокуратура аталмиш Давлат органи компитентциясига боғлиқ жиноятлар эди-ку?!

...Демак-Сирдарё вилояти прокуратураси иддаоси бўйича Адлия вазирлигидан қонуний давлат рўйхатидан ўтган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Низоми, унинг 2-бўлим 2.2-бобидаги “Инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳборот тўплаш, уни таҳлил қилиш ва тарқатиш, яъни мониторингни амалга ошириш” вазифаси қатъий белгилаб берилган бўлса ҳам сариқ чақалик аҳамияти йўқ экан-да?

Шу боб мантиғининг ўзи фуқарони (ёки фуқароларни) шикоят тартибидаги мурожаатини ўрганиб, (таҳлил қилиб) муаммони бартараф этиш мақсадида тегишли давлат идораларига, уларнинг “ғўддайган” мансабдорларига етказиш учун етарли эмасми?

Демак вилоят прокуратурасининг иддаосига (мантиқсиз-мантиғига) таянадиган бўлсак, қонуний рўйхатдан ўтган мазкур юридик ташкилот-ННТ.га фуқаролар ўз бузилган ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этилиши борасида ёзма мурожаат билан биргаликда нотариал идоралар орқали пул тўлаб, ишончнома ҳам беришлари шарт экан-да?!!

У ҳолда ушбу Инсон Ҳуқуқлари ташкилотининг нима кераги бор? Ҳар қандай ҳалол, юриспруденцияга ақли етадиган шахс, ҳар қандай фуқаро манфаатида ишончнома орқали унинг ҳуқуқларини ҳимоя этаверади-ку?!!

6. Модомики Сирдарё вилояти прокуратурасидаги “ғўддайган” мутасаддилар шу даражада қонунларни “сув қилиб ичиб юборишган” бўлса, нега ҳеч бўлмаганда мурожаатимизда кўрсатилган ҳуқуқлари оёқ ости бўлган (бўлаётган) фуқароларни чақиртиришиб бир оғиз суриштириб кўришмади?

Нима учун мурожаат муаллифларини (И.Ризаев ва Ҳ.Алибоев) чақиртиришиб, муносабат билдиришмай, тушунчалар беришмай, ёки белгиланган қонуний муддатда асослантирилган жавоб хати ёзмадилар?!!

Фақат юқори турувчи давлат идораларига, бироқ соҳта ҳисобот юбормоқдалар, бу ҳақда биз фақат 1 ярим (50 кун) ойдан сўнггина ҳабар топмоқдамиз??

Ҳуқуқшуносликда “жиноятни қасддан яшириш ҳам-жиноят” деган ибора бор. Бу ерда масаланинг 2-томони ҳам бор:

- “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзб. Респ. Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги 12.09.2017-йилда эълон қилинган янги таҳрирдаги Ўзб. Респ. Қонуниннг 2-боб, 11-моддасида “...Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатларни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқишни ташкил этиш, тегишлиги бўйича давлат органларига юборилган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли (систематик) назоратни амалга ошириш...” белгилаб қўйилган бўлса, мазкур бобнинг 12-моддасида эса, “мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорларнинг ижросини жойига чиқиб ўрганиш, уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини бузган, ижросини сифатли таъминламаган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш” кўзда тутилган...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони масъуллари, Президент томонидан қабул қилинган Фармон ва Қонун талабларини бажаришмаётишган кўринишади?!!

7. Хулоса ўрнида. Муҳтарам Шавкат Миромонович, бизнингча анъанавий ҳар-бир йилни қандайдир номлаб, шошма-шошарлик билан Давлат дастурлари қабул қилиш каби самарасиз ҳамда ортиқча сарф-харажатлар талаб этмайдиган одатдан воз кечиб, ўтмишдаги каби 5 йиллик Зарбдор дастури яратиб, тизимли стратегик режаларни амалга оширган маъқулроқми деб, ўйламоқдамиз.

Масалан, ўтган йилги “Халқ билан мулоқот ва Инсон манфаатлари 5 йиллиги” каби. Ўшанда балки аҳолининг ижтимоий онг даражаси, ислоҳотлар моҳиятини тушиниб етиш, уларнинг манфаатлари, моддий фаровонлиги ошиб, демакки ижтимоий адолат тўлиқ қарор топармиди?

5 йиллик якунида эса, мамлакат бўйлаб амалга оширилган режали ишлар юзасидан ҳисоботлар (ютуқлар ва камчиликлар) сарҳисоб қилиниб, кейинги Зарбдор 5 йилликка янги ном берилиб, Давлат дастурлари қабул қилинса, эҳтимол ҳар йили йилларга ном қўйишдан кўра яхшироқ самара бериши мумкин...

Ўшанда Прокуратура тизими ва унинг “ғўддайган” мансабдорлари фаолиятларига ҳам ҳуқуқий баҳо бериш, уни назорат қилиш бир мунча соддалашар эди, чамамизда...

Ўшандагина 04.05.2018-йилда Сиз имзолаган “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг (ННТ) ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонингиз мазмун-моҳияти Прокуратура тизимидаги ҳашаматли хар томонлама қулай шароитларга эга сокин кабинетларда ястанишиб ўтиришган, давлат томонидан катта маош тўланаётган ҳамда хизмат машиналарига эга, айрим Сиз таърифлаган “ғўддайган” прокурорлар зеҳниятигача етиб бориши мумкиндир...

Мазкур навбатдаги Сизнинг номингизга йўллаётган такрорий 2-мурожаат, бир вақтнинг ўзидаги очиқ хатимиз ниҳоят Сизнинг эътиборингизгача етиб боришига умид боғлаб, ҳурмат билан:

Илова: 1. Муқаддам 22.06.2018-йилда йўлланган Э/34-сонли асосли мурожаатимиз матни билан қуйида батафсил танишиб чиқишингиз мумкин. (илова 09 вароқда)

(Давоми кейинги мурожаатда)

И.Ризаев, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Тафтиш комиссия раиси

Ҳ.Алибоев, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти фаоли