Ўзбекистон Президенти деҳқонлар билан учрашганда тутзорларни кенгайтириш ва аччиқ гаримдорилар экиш ҳақида, кўприк қурувчилари олдига бориб, кўприкларни сифатли қуриш кераклиги ҳақида берган масхарабозлик руҳидаги маслаҳатлари устидан кулавериб чарчаган эдик, аммо кеча 17 июлда у умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказганда берган тавсиялари ундан ҳам кулгили бўлибди.
Аввалабор айтиш керакки, анчадан бери кўринмай қолган Шавкат Мирзиёнинг шу йиғилиш пайтида олиниб, Kun.uz сайтига қўйилган расми унинг касаллгини кўрсатмоқда. Нима бўлса ҳам, унга тезроқ тузалиб кетишни тилаймиз, аммо бу йиғилиш ҳақида объектив хабар беришдан чекинмаймиз.
Kun.uz сайтида берилган хабарда айтилишича, йиғилишда, табиий, Шавкат Мирзиёнинг маслаҳатлари асосида, таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича фармон ва қарорлар қабул қилинибди. Куласизми, йиғлайсизми. Шавкат Мирзиё кўприқ қурувчиларга сифатли кўприқ қуриш кераклиги ҳақида маслаҳат берган эди, таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил қилшни топширибди. Бироната президент замонавий эмас, кечаги куннинг талаблари асосида иш юритиш кераклигини гапириши мумкинми?
Бундан ташқари, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш орқали таълим сифатини ошириш хусусида ҳам топшириқ берилибди. Яна куламизми? Кулиш мумкин, аммо ҳозир бунинг устидан эмас, ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш кераклиги хусусида берилган топшириқ устидан куламиз.
Ўтган йили Шавкат Мирзиёнинг ўзи қозоқ дворникларидан кам маош оладиган ўзбек профессорларининг маошини 2 бараварча кўпайтириб, қозоқ дворниклариникига тенглаштирган эди. Ўзбекистонда нари борса мингта профессор бўлса керак, уларнинг маошини 2 баравар орттириш катта пул ҳам талаб қилмайди. Аммо, ўн минглаб ўқитувчиларга маошни орттиришга пул йўқ-ку. Шавкат Мирзиёнинг топшириғи қандай бажарилади? Ўзбек ўқитувчиларининг ойлиги қачон қозоқ дворникларининг ойлигига яқинлашади? Бу кетишда, ҳеч қачон.
Шундай экан, ўзбек ўқитувчилари майдонларга чиқиб, ўз талабларини шахсан Шавкат Мирзиё олдига қўядиган вақт келаяптими?