18 July 2018
09:15 - Дадахон Ҳасан: Таржимаи ҳолим маним (1-қисм)

Туғулганим тўғрисидаги гувохномада ёзилишича, мен 1940 йилнинг 15 март кунида Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги Араптеппа қишлоғида туғулган эканман. Орадан ўн тўрт ой ўтгач, Иккинчи Жаҳон уруши бошланган экан, Дадам Шокиржон Ҳасановнинг ёши 38 да эканига қарамасдан 1942 йил май ойида урушга олиб кетилганлар, Дадам 1943 йил 15 март куни Руссиянинг Великий Новгород вилоятидаги Залучи районига қарашли Шотова кишлоғида немис босқинчиларига қарши бўлган жангларда халок бўлган эканлар. Онамдан дадам қани деб сўраганимда онам менга дадангни урушга Райком Шодиев жўнатиб юборган деб жавоб берган эдилар, ўша ўша Райком Шодиевнинг виллис мошинаси кўчамиздан ўтганида мошинага қарата тош отадиган бўлганман.

Уруш йилларида оч ночор ғариб бир аҳволда умр ўтказганимиз ҳали ҳануз эсимда. 1947 йил қишида мен етти яшар бола колхоз даласида киш фаслида кўсак терар эдим, шунда бир одам, бизларга яқин келиб, мана кўринглар янги пул чиқибди деди. Мен яқинда сўраб суруштирсам ўша пул янги бўлиш воқеаси 1947 йил биринчи декабр куни экан. Ўша пул 1961 йилга қадар муомалада бўлди. Мен ўшанда кун бўйи терган кўсагим пулига, ўша куни кечроқ туман марказига бориб бир қора буханка нон олиб келардим ва музлаб колган қора нонни сандалга қўйиб иситиб уни танаввул килар эдик. Мен ўша қора буханка нонни олиб келмагунимча уйимдагилар оч наҳор, туз татмай мени кутиб ўтиришар эди. Эртадан то кечгача терган кўсакнинг пулига бир буханка кора булка нон берарди. Жўҳори ва макка унининг хамири ёйилмас эди, уни думалоқ ҳолида тандирга ёпилаверар эди. Эллигинчи йилларга қадар буғдой нон булмаган, фақат жўҳари ва макка ундан килинган нон бўларди. Буғдой нонни эса эллигинчи йиллардан сўнгра кўрдик.

Қишлоғимдаги етти йиллик мактабни битириб Қўқондаги Темир Йўлчилар билим юртига ўқиш учун ҳужжат топширдим. Менинг билан бирга менинг қариндошим Қосим Чўянов ҳам бор эди. Аммо ҳали ўкиш бошланмай туриб бир ўрис болани уриб бурнини пачақлаганим боис менинг ҳужжатларимни қўлимга тутқузишиб, “бор кишлоғингга пахтангни теравер” дейищди. Қариндошим Қосим Чўянов ҳам менга қўшилиб ҳужжатларини қайтариб олди. Автобусга бергани чўнтагимизда пулимиз йўқ. Қўқондан Масалска бекати орқали Олтиариқдаги қишлоғимизгача пиёда келганимиз эсимда...

Қишлоғимизда ўрта мактаб йўқлиги боис, ўнинчи синфни Олтиариқ туман марказидаги Пушкин номли биринчи сон ўрта мактабда тугатдим. Журналист бўлиш ниятида Тошкент Давлат Университети Журналистика факултетига ҳужжат топширдим. Бу 1959 йил эди. Ўзбек тили ва адабиёти фанидан иншони тўғри ёза билмаганим боис ҳужжатларимни қайтариб олдим. Ўшанда адабиётдан иншони кейинчалик шоир деб танилган Омон Мухторов билан бир столда ўтириб ёзган эдим. 1960 йилда ҳам юкоридаги нохуш ҳолат такрорланди, бу сафар мен биринчи кириш имтиҳони бўлган адабиётдан иншони Эгамназар Худайназар исмли йигит билан бир ўриндикда ўтириб ёзган эдим. Иншони Саида опа Назруллоева олган эдилар. Саида опа Эгамназар Худойназаровнинг ёзган иншосини аудиторияга кириб келган ўқитувчиларга яхши ёзилган иншо деб кўз кўз қилиб мақтагани ҳали хануз кўз ўнгимда. Ниҳоят мен хам шундай иншо ёзаман деб аҳд килган эдим ўшанда.

1961 йили эса қаттиқ тайёргарлик кўрганим эвазига кириш имтиҳонларидан муваффақият билан ўтиб, атестатсия кўригида деканимиз домла Лазиз Пўлатович Қаюмовнинг тавсияси билан Журналистика факултетининг кундузги бўлимида ўқишга кирдим. Биринчи курсда ўқиб юрган пайтларимдаёк Аҳмад Яссавий, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориф ва Рауф Парфиларни танидим. Буларнинг ўзимга ёққан шеърларини қўшиқ қилиб куйлай бошладим. Абдулла Ориповнинг “тўлғаниб гул очилур боғларни гулзор этгали”, Рауф Парфининг “Лайло” шеърини куйга солиб куйлайбошлаган эдим.

Куйлаш менинг қонимда бор эди, туғушган акам Алижон Ҳасанов мумтоз халқ қўшиқларини классик мақом куйларимизни маромига етказиб ижро этувчи халқ хофизи эди. Университетнинг дастлабки йилларида ўқиб юрган пайтларимда мен ўз қўшиқларим билан Университет доирасида анча танилиб қолган эдим. У пайтда Рауф Парфи - Рауф Парфи эмас, Турсун Парпиев эди, у ҳали шоир бўлиб шаклланмаган, танилмаган эди. 1975 йиллардан бошлаб у шоир Рауф Парфи бўла бошлади.

Иккинчи курсда ўкиб юрган пайтларимизда Ўзбекистон халк артисти моҳир рубобчи Қобулжон Усмонов раҳбарлигида факултетимизда бадиий ҳаваскорлик тўгараги иш бошлади. Иктидорлик талаба ўғил қизлар тўгаракка қатнашиб қўшиқ айтардик, соз чалардик. Ўша тўгаракнинг машғулотларида мен Рауфга рубобда Муножот куйини чалишни ўргатган эдим. Тўгарак машғулотларида қатнашиб юрган кунларнинг бирида ўша вақтдаги Турсунбой Парпиев менга “Яна пайдо бўлдим йўлингда” сарлавҳали шеърини кўрсатиб, қўшиқ қилса бўладими деган эди. Шеърни кўриб қўшиқ қилса жуда бўлади-да дегандим ва уни шу ернинг ўзида куйга солиб ғинг қилган эдим. Сўнгра унга нақорат қўшган эдим.

Университетни тугатгач, ўша вақтдаги Совет Ўзбекистони газетасининг бош муҳарири журналист ва ёзувчи Мақсуд Қориев мени газета редаксиясига ишга таклиф этди. Мен у ерда кўп ишлай олмадим. Мени қўшиқчилик ўз домига тортиб улгурган эди.

Мен 1961 йилнинг кузида Университетнинг биринчи курсида ўқиб юрган пайтларимдаёк Туркистон аталмиш буюк ва муқаддас ўлкамиз аввал Чор Руссияси, сўнгра Совет давлати тамонидан зўрлик билан босиб олинганлигини ва биз унинг колонияси эканлигимизни англаб етганман. 1961 йил охирларида факултет қошида “Ҳамзачилар” деган уюшма ташкил килган эдик. Биз уюшмачилар асосан совет ғояларига хизмат қилмайдиган асарлар ёзиб, уни “Ҳамзачилар” номли деворий газетамизда эълон қилар эдик. Уюшманинг мақсад моҳияти эса асосан биринчи галда ёш авлодга Туркистонни танитиш ва уни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш эди. Албатта секин аста ривожланиб, тобланиб, шаклланиб орадан ўнбеш йигирма йиллар ўтиб охир оқибат мустақиллик учун курашни, яъни миллий озодлик курашини бошлаш эди. Бу менинг орзуим эди.

Уюшманинг довруғи тез кунларда Тошкент шаҳри бўйлаб тарқалиб кетди. Уюшмага Тошкент шаҳридаги барча Олий Ўқув юртларидан талабалар келабошлади. Қатнашувчилар сони кун сайин ортиб борарди. Бизга Октябр район маданият уйидан жой ажратиб беришди, бу воқеалар албатта уйғониш ва англаш даврининг бошланишидан дараклар эди. Афсус, уюшмамизнинг умри узоққа бормади. У ҳаммаси бўлиб бир йил яшади. Ниҳоят Совет КГБсининг зарбасига учраб тугатилди. Уюшманинг раиси Бўка туманилик Собир Холбеков бир ой бадалида КГБ идорасида сўроқ қилинди. Мен уч кеча кундуз зиндонда ётдим. Кеч қоронғу тушган пайт эди, ижара уйимга уч киши келишиб, биз билан юрасан сенда ишимиз бор деб, кўзимни боғлашиб мени олиб кетишган эди. Ярим соатча юрганимиздан сўнг мени пастликка қараб туширишди ва бир хонага киритишиб кўзимдаги қора парчани олишди, эшикни ёпиб чикиб кетишди. Бу совуқ хона қамоқхона бўлса керак, мен шу ерда уч кеча кундуз истиқомат қилдим. Ниҳоят бир татар башара одам келиб менинг пешонамга тўппонча кадаб, татарча сўзлаб “Яна “Ҳамзачилар”га борсанг, мана шу таппонча билан сени ўзим отаман” деди. Мени яна мошин билан ижара уйимга элтиб қўйишди. Шу билан ниҳоят “Ҳамзачилар” уюшмаси хам якун топди.

1964 йилнинг охирида Бўка туманидаги пахта йиғим теримидан қайтганимиздан сўнгра Ўзбекистон дfвлат радиоси овоз ёзиб олиш муҳаририятида муҳаррир бoлиб хизмат килувчи шоир акамиз Анвар Исроилов мени қидириб топиб, эртага радиога боришимни, “Лайло” қўшиғимни унолги тасмасига ёзиб олишлари кераклиги хабарини айтди. Унгача мен “Лайло” қўшиғимни Бўка тумани Мичурин номидаги колхози пахта далаларида талабаларга куйлаб юрардим, баъзида кундузи пахта териб оқшом пайти мушоира кечалари уюштирардик, шоирлар шеър ўқишарди. Мен албатта “Лайло”ни куйлар эдим.

Ўзбекистон радио sўмитасидан Рустам Раҳмонов бошчилигида келган “Ёшлик” радиосининг журналистлари бу лирика кечамизни унолги тасмасига ёзиб олишарди ва эртасга “Ёшлик” радиоси эфирида мушоира ва менинг айтган қўшиғим янграр эди. Шу боисдан бўлса керак менинг номим факультетда қўшикчи сифатида анча танилиб колган эди. “Лайло” қўшиғим айникса талабалар орасида машхур қўшиққа айланган эди. Кейинчалик бу қўшиғимни Республикамизда ном чикарган ҳофизлар хам куйлайдиган бўлди. “Лайло” қўшиғим ғоятда оммалашган эди, пахта йиғим теримидан қайтиб келган кунларимиздан бирида, декабрь ойи охирлари эди, шекилли, рубобчи устоз акамиз Қобулжон Усмонов ғижжакчи Шовкатжон ака ва доирачи студент Ғофиржон, демак, уч созанда жўрлигида овоз оператори Набижон Ҳасанов раҳбарлигида радио қўмитанинг катта студиясида унолги тасмасига 1964 йилнинг декабрь ойи охирларида ёзилган эди. 1965 йил январ ойи бошларидан бошлаб “Лайло” қўшиғим Ўзбекистон давлат радиоси эфирларида янграй бошлади.

Етмишинчи йилнинг бошларида Тошкентдаги Свердлов консерт залида Лениннинг туғулганига 100 йил тoлиши муносабати билан “Ленинни шарафлаймиз” шиори билан бўладиғон консерт ҳамда шоир ёзувчилар билан учрашув кечасида иштирок этиб, қўшиқ куйлашга таклиф этишди. Менинг исми фамилиямни афишага ёзиб қўйишган экан. Кеча ҳали бошланмай туриб консерт залида қий чув тўполанг бошланиб кетди. Тамошобинлар оғзида “Дадахон, Дадахон” ва қарсакбозлик, вазият ёмон тамонга ўзгариб кетди. Иззат Султон, Комил Яшин, Уйғун, Назир Сафаров, Ҳамид Ғулом, Рамз Бобожон, Раҳмат Файзий, Шердин, Акмал Пўлат, Туроб Тўла, Ўткир Рашид деган шоир ёзувчи олимлар бу кеча Ленин ҳақида бирон оғиз сўзлай олмай алам ичида саҳнани тарк этишга мажбур бўлишди. Мен ўша “Ленинни шарафлаймиз” деган кечада икки соат ўзимнинг ижтимоий, марифий ҳақиқат қўшиқларимни куйлаб кечани якунладим. Консерт тугагач, Свердлов консерт залининг ўша пайтдаги директори Дадаали Соатқулов қўлимдан ушлаб, “Ука энди бундан буёғига эхтиёт бўласан, булар сени ғажиб ташлашлари мумкин. Душманинг кўпайди” деган эди.

Орадан бир ҳафта ўтар ўтмас, Совет Ўзбекистони газетасида мени аёвсиз танкид килиб Ўткир Рашид имзоси билан фелетон чиқди. Менинг шуҳратим кун сайин ошиб борарди. Мени ниҳоят Ўзбекистон Филармониясига ишга таклиф қилишди. Мен у ерда иш бошлар эканман, консертларда ижтимоий темаларда ўз шеърларимга ўзим куй басталаган, ҳакикат қўшикларимни айтабошлаган эдим. Менинг куйлаётган қўшикларим “Жаннатмакон ватаним”, “Кулган бошқалардир, йиғлаган менман”, “Ватан сени озод кўрсам”, “Она Туркистон”, Амир Темур бобомиз ва озодлик хаққинда эди. Шулар қаторида Чўлпон, Рауф Парфи, Абдулла Ориф ҳамда Туроб Тўла шеърлари билан айтган қўшикларим ҳам бор эди. Менинг куйлаган ижтимоий маърифий ва сиёсий қўшиқларим эшитувчилар учун мутлоқ янгилик эди. Шу боис қўшиқларим эл орасида тез тарқала бошлади. Обрўйим кун сайин ортиб борарди.

1971 йилнинг баҳорида Усмон Юсупов исмли фелетончи менинг қўшиқларим, айниқса, ижтимоий ва диний қўшиқларим омма орасида тез тарқалиб кетаётганини, бу қўшиқлар Эскижува бозорида сотилаётганлигини танқид қилиб, “Лентадаги оғулар” сарлавҳали фелетон эълон қилди. Оқибатда мени Собир Раҳимов район прокуратурасига чақиришиб, терговчи Хусан Мамадалиев бир йил бадалиди тергов қилди. Мен ўшанда Шароф Рашидов шарофати билан қамалмай қолган эдим.

1974 йил 11 февраль кунги ўз консертимнинг бошланишида:

“Амир Темур жахонгирим, Султоним,
Туркистондир маним асли маконим.”

ва:

“Кўзингни оч ўзбегим уйғон энди ён эди,
Қўшил бизнинг сафларга майли кетса жон энди.”

деб қўшиқлар айтганимда консерт залида қий-чув тўполанг, бақир чақир чапакбозлик бошланиб кетган, томошобинлар Амир Темур, Туркистон атамаларини саҳнадан биринчи бор эшитиб, ғоят ҳаяжонланиб, жўшиб кетишган эди. Бундай ҳолатдан қўркиб кетган КГБ ходимлари консертни тўхтатиб қўйишган эди. Стол стуллар ўриндиклар синиб томошобинлар саҳналарга чиқиб кетишган эди, чунки консерт бир неча бор тўхтатилиб бир неча марта қайта бошланганди. Ниҳоят Свердлов консерт залини мелисия наряди ўраб олганди. Мени эса Ленин район ички ишлар бошқармасига олиб кетишди. Мени у ерда суд қилишиб ўн беш кеча кундузга ҳибс этишган эдилар.

Ўша кунлари мен қамоқхонада ётган кунларнинг бирида, мени Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи генерал майор рутбасидаги Ислом Сатторов чақиртириб, “Туппа тузик йигит экансиз, нима sиласиз Амир Темур, Туркистон деб қўшик айтиб, ўзингизни “кўзларинг”, “лабларинг”, “тугмача” ва “Лайло” деган қўшиқларингизни айтиб юравермайсизми? Агар яна Туркистон, “Темур бобом, султоним” деб қўшиқ айтсангиз сизни менинг ўзим узоқ муддатга қаматтириб юбораман”, деб мени қаттиқ огоҳлантирди ўшанда. Шундан кейин ҳам шу ҳақиқат қўшиқларимни айтиб юравердим. Менга бошланган турли шаклдаги ҳужумлар эса тинмай давом этаверди, фелетонлар ҳам.

Совет даврида радиога қўшиқ ёздириш мен учун ғоят мураккаб кечар эди. Ҳар қандай қўшик албатта радио қошидаги Бадиий кенгаш кўригидан ўтказилиб, сўнг унолги тасмасига ёзиб олинар эди. Мен ҳар сафар ҳамма қатори Бадиий кенгашга қўшиқ олиб келганимда менинг қўшиқларим кенгаш кўригидан ўтмасди. Сўнгра мен бир тадбир уйлаб навбатдаги кўрикка бориб, Ленин ҳузурида қўшиқ айтурман деган радифли қўшиқ таёрлаб келдим. Бироқ бу қўшиғим ҳам Бадиий кенгаш кўригидан ўтмади, шунда устоз Ғанижон Тошматов менга қараб туриб: “Дада, сенинг Ленин ҳақида қўшиғингни ҳам булар ўтказишмади, бетда бир гап борга ўхшайди” деган эди. Халқ шоири Туроб Тўла эса, “Сиз қўшикчиликка янги ҳаво олиб келгансиз, Cизни булар тушунмаяпти” деган эди. Кейинчалик менга қўйилаётган бундайин таъқиб тўсиқларнинг сабаби нимадалигини ўрганиб суруштириб билсам, матбуот, радио-телевидение ва нашриёт раҳбарларига КГБ идораси тамонидан Дадахон Ҳасанов пропаганда қилинмасин деган қатъий буйруқ берилган экан.

Етмишинчи йиллардан бошлаб эса, Руссия Чор ҳукумати ва Совет давлати тамонидан Туркистон халқларига юритилган босқинчилик калониал сиёсатга қарши қўшиклар ижод қилиб, уни кенг омма орасида куйлай бошладим: “Ёв бостиё, ёв бости”, “Пўлатхонни ўлдирди Оқ подшо жаллодлари”, Қурбонжон додхо ҳақида, Дукчи Эшон ҳақида қўшиқлар, “Эна юрт”, “Ҳақиқат”, “Сени Озод кўрсам она Туркистон”, “Биз тамонга хуш ҳаво келмайдими”, “Қўрқма болам”,” Бечора халқ”, “Етар бас ҳаддан ошгандир” , “Уйғон ўғлоним”, “Фарғонадан бошланур”, “Ватан вайронадир”, “Сен йиғлама юрагим”, “Зиндонда яшайман”, “Темур бобо байроғингни бер”, “Бечора халқ”, “Ватанда беватан бўлдим”, “Қарзинг кўпмиш давлатдан”, “Мен ҳаргиз тушмадим Қора руйхатдан”, “Вой элим”, “Адо бўлган манзилим”, “Уйғонгин болам” , “Ё фалак бу юртнинг айт ботирлари ҳам борми?”. Бу қўшиқлар Чўлпон, Рауф Парфи ҳамда Юсуф Жума шеърлари ва ўзимнинг шеърларимга ўзим басталаган қўшиқларим эди.

1917 йилларда юртимизда бошланган ва давом этган озодлик учун курашлар ҳамда унинг қаҳрамонлари ҳақида қўшиқлар айтабошладим. Биринчи қўрбошимиз Эргашбек ҳақида, Мадаминбек ва Омон Полвон ҳақида, Шерматбек, Иброҳимбек ва бошка миллий қаҳрамонларимизни мадҳ этиб талай қўшиқлар айтдим . Миллий озодликни орзу қилдим, айниқса, Совет давридаги зулм истибдодга қарши нафратларимни озодликка бўлган интилишларимни доду фарёдлар айлаб куйладим.

Менинг кечмишларимда кўпгина ажойиб ғаройиб ва зиддиятли, тўғрироғи, сиёсий воқеалар ҳам бўлиб ўтган, уларни айтсамми айтмасамми?! Баъзи бирларини айтмасам бўлмас.

1988 йил 11 ноябрь куни мен ўз хонадонимда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, Ватан севарлик руҳида тарбияловчи, охир оқибат Совет тузуми ва унинг босқинчилик сиёсатига қарши курашувчи, кейинчалик Миллий Озодлик Ҳаракатига айланиб кетадиғон бир Халк жабҳасининг Ташабус гуруҳини тузиб, узоқ йиллар миямда ғовланиб юрган режани яхши ният билан амалга оширган эдим. Бу ташабус гуруҳини тузгунча икки йил бадалида қанча азоб укубатларни чекканман, не чоғлик қийналганман, қанча таъна маломатлар эшитганман, фақат ўзимга аён. Менинг мақсадимни кўпчилик тушунмаган хатто, менинг устимдан кулиб мени мазах қилганлар ҳам бўлган. Ҳатто зиёлилар менинг ҳаракатимни тушунмаганлар. Муҳаммад Солиҳ деганлар ҳам менинг бу саъй-ҳаракатимга хайрихоҳлик билдирмаган, мени қўллаб қувотламаган, Болтиқ бўйида Саюдис халқ жабҳаси тузилгандан сўнгина менинг ҳаракатимни озгина тушуниб мени қўллагандай бўлган эди.

Менинг хонадонимга таклиф килинган шоир, ёзувчи, рассом ва олимлардан иборат йигирма кишидан ўнтаси ташаббус гуруҳига аъзо бўлишди, аммо Мухаммад Солих дегани Ташабус гуруҳига ўша куни қўшилса ҳам, 1 ой ўтар-ўтмас, ундан чиқди. У ўша куни йиғинга ҳам кеч келган эди. У ўзи билан бирга Юрий Ласкин деган яхудий шоирни хам етаклаб келган эди. Ўша куни халқ жабҳаси деб аталган ҳаракатимизнинг Ташаббус гуруҳига кирганлар қуйидагилар эди: Рауф Парфи, Дадахон Ҳасан, Муҳаммад Солиҳ, Юрий Ласкин, Ғуломқодир Турсунов, Зоҳир Аълам, Тоҳир Каримов, Аҳмад Аъзам, Абдураҳим Пўлат, Қаҳрамон Ғуломов, Усмон Азим хамда Дилором Исҳоқлар эди.

Ана шу йиғилишдан кейин анча ҳаяжонландим, шекилли, белимни маҳкам боғлаб ишга киришиб кетдим. Водий бўйлаб ҳаракатнинг шўъбаларини туза бошладим. Ишни Қўқондан бошладим, Қўқонда Низомидин Аҳмедов исмли йигитнинг аввал довруғини эшитиб, сўнгра уни қидириб топиб, “Сиз шаҳарда таъсис мажлиси бўлгунга қадар ҳаракатнинг Қўқон шаҳри бўйича раисисиз, атрофингизга хайрихоҳларни йиғаверинг” деб тайинладим. Бу жараёнда менга Фазлиддин укамиз ёрдамчи бўлди. Орадан уч тўрт кун ўтгач Наманган шаҳридан излаб излаб Абдулла Жаббор исмли шоир йигитни топдик. Менга бу жараёнда Обидхон исмли укамиз ёрдам берди албатта. Марғилондан Абдиҳалим номли йигитни топдик ва унга одатдагидай топшириқлар бердим. Фарғонада вилоят бўйича вақтинча раислик қилувчини топиш осон кечмади, кўп қидирдик қидирдик, ниҳоят Олимжон Исмоилов укамиз ёрдамида Баҳромжонни топдик. Ойнинг охирида эса Андижонга ўтдим у ерда вилоят бўйича вақтинча раисликка Бокибилло укамизни тайинлаб кўнглим бироз таскин топиб Тошкентга кайтдим.

Бу тузилаётган ҳаракат ҳали шаклланмай туриб, секин аста ўз тусини ўзгартира бошлади. Ҳаракат, не сўз билан айтайки, мендан тортиб олинган эди. Ҳаракатимизнинг бошланишида ичимизда КГБнинг хуфиялари анчагина бор экан, шу боис ҳаракатимиз амал мансаб учун курашувчи амалпарастлар, зўравон муттаҳамлар ҳаракатига айланиб кетган эди. 1989 йил 28 май куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биносида бўлиб ўтган ҳаракатимизнинг таъсис Қурултойида техника фанлари доктори, профессор Абдураҳим Пўлатов ҳаракатимизга бир овоздан раис бўлиб сайланди. Ҳаракатга Абдураҳимни Рауф Парфи ва Дилором Исоқовалар таклиф килган эдилар. Муҳаммад Солих таҳаллусли Салай Мадамин деганлари ҳаракатга аъзо бўлиб кирди, аммо ўзини анча четда тутди, чунки у пайтда ҳали Совет Давлати кучда эди-да.

Ислом Каримов ҳокимиятга келгандан кейин, Муҳаммад Солиҳ ўзгарди ва лидерликни қўлга олиш ҳаракатига тушди. Тезда маълум бўлдики, у Ислом акаси билан яширинча учрашиб, тўла унинг хизматига ўтган экан. У Совет давлатининг пропаганда идорасида бел боғлаб, сидқидилдан хизмат қилар эди. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котибларидан бири эди. Москвада ўқиб советизм ғояси билан суғорилган байналминалчи эди. У совет одами эди, агар ҳаракатга юқорининг хабарисиз кирса эди, у албатта амал мансабдан хайдаларди, кўчада қоларди.

Хуллас, ўша қурултойда харакатнинг номи “Бирлик” деб номланди. Мен ҳаракатнинг номини МОҲ, яъни Миллий Озодлик Ҳаракати деб номламокчи эдим, аммо менга сўз беришмади. Салай Мадамин Президентнинг қабулида бўлган кунидан бошлаб Президент Ислом Каримовнинг музикасига рақс ўйнаб, унинг югурдагига айланди. У аллақачон акасининг оғушига кириб улгурган эди ва албатта акасига берган ваъдасига биноан харакат ва унинг рахбари Абдураҳим Пўлатга қарши курашни тантанали равишда бошлаб юборди. Каримов уни гипноз килган бўлиши мумкинки, у кўча юришларимизга қарши тиш тирноғи билан курашди. Ҳаракатимизнинг митингларида қатнашмади. Аммо, 1989 йил 10 сентябрга чақирилган 100 минг кишилик митингни, “Бирлик” раҳабариятида ўзига боғлиқ бўлган ёзувчилар кўплигидан фойдаланиб, қолдиришга ва бу ҳақда телевидение орқали эълон берилишига эришди.

Юқорида айтганимдек, Салай Мадамин акахонига кайф устида 10-чи сентябрга белгиланган номойишни тўхтатиб, “Бирлик”ни тарқатиб йўқ қилиб бераман деб сўз берган эди. Чунки Ислом Каримов уни чиройлик қилиб алдаган эди. Мен сенга катта бир амал бераман, унгача сени тарбиялайман, фақат сендан бир хизмат бўлади, анови Бирлик-сирлик деган нарсани ва уни номойишларини йўкотиб берасан, анави Пўлатов деганни раисликдан йўқотинглар, ундан кейин мен сенга дўст ва қадирдон бўламан ва биргалашиб бирга ишлаймиз, кейинги йилларга хоҳласанг сайлов киламиз. Сенинг Президентликка номзодингни ўзим қўяман, мен аллақачон чарчадим, нима дейсан, бу гап сенга маъқулми?! Мана шу максадларга эришмок учун кел юзта юзта отамиз. Ана шундай шакаргуфторликдан сўнг Солихбой эриб кетиб, яйраб яшнаб Каримов акасининг ҳамма илтмосларига “хўп бўлади, бажарамиз” деган бўлиши муқарар. Ниҳоят, Соливой президент акасига берган вадасини адо этишга киришди.

Биринчи галда “Бирлик”нинг Марказий кенгаш мажлисини ўтказишга эришди. 8 октябрь куни бўлган Марказий Кенгаш мажлисида менинг уйимда тузилган Ҳаракат бўлиниб кетди. Абдураҳим Пўлатовга қарши иғвоғорона хат уюштирилди. Бу ёзилган иғвономани кенгаш йиғилишида Тоҳир Каримов қаро терга ботиб аранг ўқиб эшиттирди. Залда бақир- чақир, норозилик, қичқириклар янграб кетди. Бу хатдан барча делегатлар норози бўлишди, мажлис аҳли Соливойдан нафратланди ва Абдураҳимни қўллаб-қуватлашга тушди. Ниҳоят Соливой ва унинг енгилган камандаси мажлисни шармандаларча ташлаб чикиб кетишди.

Курашчи дегани шунақанги сотқин хоин бўладими?!

Муте бўладими бир бутилка ароққа, ёки бузуқ аёлга ўхшаб ширин сўзга эриб, рози бўлиб, майли деб кетаверадими?!

Алҳазар алҳазар, ҳар қандай шароитда халқ билан бирга ҳаракатнинг ичида бўлмайдими?!
Унинг раҳбарлигида Каримовнинг ёрдами билан “Бирлик” ва унинг митинг-номойишлари барбод этилди. “Бирлик” тугатилди ҳисоби, президент Ислом Каримов бизнинг йиғинларимиздан, номойишларимиздаги важоҳатимиздан, кунлар сайин сафларимиз ўсиб боришидан, ҳаракатимиз довруғи ҳатто Ўрта Осиё бўйлаб тарқалиб кетганлигидан ғоятда хавфсираб ваҳимага тушиб кетгандир, балки, шу боис қандай қилиб бўлмасин ҳаракатимизни йўқ қилиш пайига тушган эди. Бунинг учун у биринчи галда қатъиятсиз, йўлга юрғизса бўладиган, алдовга юрадиган, юмшоқ Муҳаммад Солих билан тил бириктириб, уни ишга солишни режа қилгандир. Каримов мақсадига эришди, биринчи ғалаба қўлга киритилди, “Салай қўлимда уни охиригача ўйнатаман” деб хаяжонланди. Ўрток Каримов Салайга ҳиммат қилишни бошлади. Унга мукофотлар берила бошланди, жумладан иккита квартира, енгил автомашина совға қилинди кечагина кўчада юрган латтабош Салай ҳатто учаскалик бўлди. “Бирлик” тугатилди ҳисоб.

1990 йил апрел ойида Каримов кўрсатмаси билан “Эрк” номли партия тузилди. Куйбишев район ижроқўм биносидан хоналар ажратилди, унинг “Эрк” номли чўнтак партияси эрта кунда рўйхатга олинди ва партиянинг “Эрк” деган газетаси нашр этила бошлади. Салай Мадамин раҳбарлигида, Ислом Каримов кўмагида “Бирлик” ҳаракати ва унинг номойишлари қисман тугатилиб, фаоллари қамоқларга ташлангач, президент Каримов Салайнинг хизматларини янада муносиб тақдирлади. Ваъдага мувофиқ келажакдаги президентлик сайлови муқобил шаклда бўлсин дея унинг президентликка номзодини Каримовнинг ўзи қўйди. Ислом Каримов истаги билан Ўзбекистон парламентига депутат этиб сайлантирилди хам. Айникса депутат бўлган кунидан бошлаб, сиздан у гина биздан бу гина деганларидай, Каримовга ўта садоқат билан хизмат қила бошлади. Кўрмаганни кўргани қурсин деганларидай, у Каримов билан апоқ чапоқ бўлиб кетди. Ана шу қадрдончилиги яқинлиги эвазига унга катта бир лавозим таклиф этилди, аммо бу лавозим унга кичиклик қилдими ёки янада каттароғини кўзладими, ҳар ҳолда, у дастёрликда давом этаверди.

Бу унинг энг катта ва мудҳиш хатоси эди. Призидентни кўкларга кўтариб мақтайверди. Солиҳ аллақачон президентнинг суюкли сирдошига, сайроқи маддоҳи, сарой тўтисига, энг яқин дўстига айланган эди. Шу боис у золим президентни чин юракдан ҳар доим ҳимоя қилди, бирга тушлик қилишди, бирга каняк ичишди. Президент йўлланмаси билан ҳукуматнинг шоҳона дам олиш уйларида, санаторияларида эру хотин роҳатижон дам олишди. “Бирлик”ка қарши кураш учун куч йиғиб келди, ниҳоят порламентдаги мухолифатга ҳам қарши астойдил курашни давом эттирди. Президентнинг такдири парламентда танг аҳволда қолиб, унинг келажаги барбод бўлаётган бир пайтда уни ҳимоя қилиб ҳалокатдан қуткариб колди. Шу воқеадан кейин Солихнинг тили янада бурро бўлиб акасининг пинжига чуқурроқ кирабошлади. Телевизор экранида ўзини кўз кўз қилиб биз бирликчиларга қарата тош отди. Бизларни ёмон отлиққа чиқарди, бизларни кўча чангитувчилар, шуҳратпарастлар деб ҳакорат килди. У севикли акаси билан бирлашиб бизнинг барча ҳаракатларимизнинг, айникса, Абдураҳим Пўлатовнинг душманига айланди. Бизга тиш тирноғи билан қаршилик кила бошлади.

Ўша йиллари, емоқнинг қусмоғи бор деганларидай, Тошкентнинг ғалаба боғида қурилаётган Миллий банк курулишида қилган оғир жиноятлари учун, тўғрироғи ўғирликлари учун ўзига қарши жиноий иш очилгач, қурувчи Фахридин Худайкулов эрта кунда хорижга караб биринчилардан бўлиб жуфтакни ростлаб қочиб қолди. Ҳаракатимиз ичида шунақанги ўғри каззоб товламачи фирибгарлар хам анчагина бор экан. Биз соддалар уларни ўзимизга ўхшаган оддий мухолифатчи деб юрган эканмиз.

Алхазар алҳазар…, хуллас Cалайнинг касри ила ўзбек халки йигирма етти йил қулликни бошидан кечирди. Хорижларга чиқиб кетишга мажбур этилди, хору зорликда мардикорлик қилди. Ўзбекистондаги қамоқхоналар маҳкумлар билан тўлиб тошиб кетди. Мамлакатнинг бузилмаган жойи қолмади. Президент Каримовнинг, албатта Салайнинг хам, максадлари айни шу эди. Улар ўз мақсадларига эришдилар. Ўшанда Салай “Бирлик”га ва унинг номойишларига қарши акахони билан бирлашиб, “Бирлик” ва унинг ҳаракатларини барбод этмаганда эди, Салай халқ билан бирга бўлиб элим юртим деганда эди, озгина президентлик лавозимига одамрок, миллатини тайини борроқ, миллиятчироқ, эл юрт ватан учун ўзини фидо қиладиган чинакам президент сайланарди. Ана унда Ўзбекистон гуллаб яшнаб, ҳақиқий Ўзбекистон гулистон бўларди.

Менинг ватанимиз она Туркистон ва ўтмишдаги миллий қаҳрамонларимиз хаққида куйлаган қўшиқларим Америкада яшовчи ўзбекларимизга маъқул бўлган экан, улар мени нихоят Америкага таклиф этишди. Мен уларнинг даъвати билан1991 йилнинг октябрь ойида Америка Қўшма Штатларида меҳмонда бўлдим. Американинг Нью-Йорк, Вашингтон, Нью-Жерси шаҳарларида бўлиб мен ҳамшарларни Ўзбекистонимизнинг мустақиллиги билан биринчи бўлиб муборакбод этдим. Бу ерда яшовчи ўзбеклар билан танишдим, меҳмонда бўлдим. Булар менга кўп эҳтиром кўрсатишди. Ҳамюртларга албатта ўзимнинг ижтимоий-сиёсий қўшикларимдан куйлаб бердим. Мен улардан, улар мендан мамнун бўлишди. АҚШ да бир ойлик сайру саёҳатимдан сўнг ноябрь ойи бошларида Ватанга шод-ҳуррам қайтиб келдим.

Ниҳоят 1991 йил 29 декабрда Ўзбекистонда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Солиҳчилар лозимини ҳўллаб қўйишди. Соливой мағлуб бўлган эди. Соливойни мағлуб бўлиши аён эди, буни ўзи ҳам билганди, лекин начора нотавон кўнгил эканда, Соливойнинг президент бўлгилари келибдида, сайловнинг эртасигаёк “соличилар” президент девонига ишга кириб кетиша бошлашди. Солих жаноблари эса начора кўчада қолди. Устига устак, Каримов ўртадаги “дўстлик кўприги”ни аллқачон бузиб ташлаган эди. Шу боис Каримов кўрсатмаси билан Соливой Ички Ишлар вазирлиги ертўласидаги қамоқхонани уч кун зиёрат ҳам килди.

Ўша ертўлада алам чекиб ўлтирганида у алданганлигини, Каримовнинг қўлида қўғирчок бўлганлигини ниҳоят англаб етгандир. Эшакка хам дўланами деганларидай, тўғрида, Салай Мадаминга ким қўйибди президентликни. У ким ўзи, тўртта мухолифатчининг бошини ковуштиролмайдию 32 милионлик аҳолини кандай бошқаради. У аввал бошдан чучворани хом санаган бўлиши мумкин. Ниҳоят у бу юртда ёлғиз қолганлигини ҳис этиб англаб, орадан бирон йил ўтгач хорижга кетишга қарор қилди. Унинг шотирлари Сариёғоч чегара постидан Қозоғистон ҳудудига ўтказиб қўйишди, кейинчалик Салайни чегарадан ўтказиб қўйган Салайнинг меҳрибонлари қамалиб ҳам чиқишди. Салайнинг ўзи эса Озорбайжон орқали Туркияга қочиб қолди.

(Давоми бор)