“Ўзбекистон 24” телеканалининг “Ахборот 24” дастурига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, ўтган йилнинг июнидан Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Туробжон Жўра мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва жиноий ҳаракатларни амалга ошириш айблари билан лавозимидан озод қилинган ва ҳибсга олинган. У билан бирга унинг ёрдамчиси ва ҳокимликнинг бир қатор ходимлари ҳам ҳибсга олинган.
Хабарда айтилишича, Туробжон Жўра ўз манфаатлари учун бутун бошли вертикал порахўрлик тизимини яратиб, маҳаллийчиликка йўл қўйган, таъмагирлик йўли билан пул маблағларини ўзлаштирган. Жумладан, Самарқанд вилоят ҳокимлигида турар жойлар қуриш учун рухсатнома бериш, ер участкаларини тақсимлашда ўзига хос “ставка” белгилаб қўйилган.
Энг қизиғи, Кun.uz сайти айтишича, телеканалдаги лавҳада Президент Шавкат Мирзиё лавозимига киришганидан сўнг энг биринчи имзолаган қонунларидан бири “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” бўлганига урғу берилган эмиш.
Шу муносабат билан эслатиш керакки, онамухолифат партияси “Бирлик”нинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери ҳар қандай мамлакатда порахўрлик ва коррупция даражаси ўша ердаги демократия даражасига тескари пропорционал эканлигини, Ўзбекистон инсон эркинликлари, яъни демократия даражаси бўйича дунё давлатлари рўйхатида охирги ўринда, демак, порахўрлик ва коррупция даражаси бўйича биринчи ўринлардан бирида эканлигини тўхтовсиз такрорлар ва Ўзбекистонни ҳозирги ғариб ва аянчли аҳволдан олиб чиқиш учун бизда аввламбор фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошлаш лозимлигини айтиб келарди.
Бундан ташқари, биз сиёсий ислоҳотларнинг марказида давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётиши, молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё жинояткорона қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси ётиши кераклигини ҳам айтиб келардик.
Демак, Ўзбекистонда коррупция ва порахўрлик бунчалик илдиз отганининг сабабчиси – бундай нарсаларни билмасдан 13 йил бош вазирлик ва сал кам 2 йил президентлик қилган, ёки билиб туриб, “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг фикрларига эътибор ҳам бермасдан, ишламайдиган қонунлар чиқаришдан бошқа ҳеч нарса қилмаган ва фундаментал ислоҳотлар бошламаган Шавкат Мирзиё бош айбдордир. Хўш, у қачон ҳибсга олинади?