10 July 2018
16:41 - АҚШ Давлат Котиби Қобулда баландпарвоз гаплар гапирди. “Ҳаракат”: Ислом терроризмини “Бирлик” таклиф қилаётган йўл билангина тўхтатиш мумкин

АҚШ Давлат Департаментининг бизнинг адресга ҳам келадиган дайжестидан тушуниш мумкинки, Давлат Котиби Майк Помпео кеча Афғонистонда бўлган ва Президент Ашраф Ғани ҳамда Афғонистон Миллий Хавфсизик Кенгаши аъзолари билан учрашган. Табиий, ҳамма ерда Афғонистоннинг хавфсизлиги ва террористлардан қандай қутилиш масалалари муҳокама қилинибди. Сўнгра улар ўта қисқа матбуот конференцияси ўтказибдилар.

У ерда аввал Ашраф Ғани сўзлаган ва асосан америкаликларга, хусусан, Президент Доналд Трампга бераётган ёрдамлари учун миннатдаорчиликлар билдириш билан бирга, Толибон билан вақтинча оташкеслик келишуви узоққа боролмаганини афсусланиб гапирган. У Исломнинг муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларида имомлар Афғонистонда тинчлик бўлишини истаб фатволар беришаётганидан, айни замонда, куласизми, йиғлайсизми, афғон халқи демократия принципларига содиқлигини кўрсатаётганидан, Афғонистонда демократик сайловлар бўлаётганидан мамнун эканлигини ҳам алоҳида урғулаган.

Ундан кейин сўзга чиққан Майк Помпео афғон халқига ва бу ердаги АҚШ аскарларига Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун қилаётган ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирган. Бундан ҳам муҳими, фақат Афғонистонда эмас, бутун Жанубий Осиёда ҳақиқий тинчлик ўрнатиш учун 1 йилча аввл Доналд Трамп таклиф қилган янги стратегия муваффақиятли ишлаётганини уруғлаган, аммо бу янги стратегия нимадан иборат эканлигини умуман тилга олмаган. У “ислом терроризми” ифодасини ишлатмасдан Афғонистон ҳамма соҳада ғалаба қозонишига, кузда бўладиган президент сайловлари яхши ўтишига ишонишини билдирган. Гап орасида Афғонистоннинг феълан Бош вазири, тожик аслли Абдулло Абдуллоҳга бир неча марта миннатдорчилик ҳам билдириб ўтган.

Кейин савол-жавоблар бўлибди. 3-4 та савол фақат Майк Помпеога берилган. Уларнинг биттаси Шимолий Кореяга оид. Аммо, саволларнинг 2 таси отилган ўқдек кескинлиги билан “Ҳаракат” Агентлигининг услубини эслатади. У саволларда Толибон билан оташкес (тинчлик) келишуви натижасиз тугагани, АҚШ ҳарбий кучлари 17 йилдан бери шу ерда бўлишига қарамасдан, ҳозир Толибон назорати остиги ҳудудлар кенгайиб бораётгани эслатилган ва энди нималар қилиш кераклиги сўралган.

Майк Помпео ҳақиқий сиёсатчилигини кўрсатиб, бу найзали саволларга жавоб беришдан қочибди ва Толибон энди ҳеч нарса қилолмаётганини ўзи тушунишга бошлаганини урғулаб, у айнан куч билан йўқотилишига имо ишора қилибди.

Хуллас, дейди “Ҳаракат” мухбири, Давлат Департамантининг дайжестидан ҳам кўриниб турганидек, аслида, АҚШ ислом терроризмини куч билан йўқ қилишдан бошқа йўл кўраётгани йўқ. Аммо, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” йиллардан бери айтиб келаётганидек, бу йўл – боши берк йўлдир.

Ҳа, шубҳасиз, Толибон, ИШИД ва улар каби бошқа исломий террористик ташкилотлар куч билан йўқ қилинади, аммо, бошқалари ўртага чиқаверади. Чунки, Ислом терроризмининг илдизлари Қуръоннинг 8 асрда қилинган хато тафсиридан келиб чиқувчи хато, аммо ҳозир тан олинган тушунчалардадир. Шундай экан, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиб, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш лозим. Ана ўшандагина ислом терроризми ўз-ўзидан битади.

Бу масалада муҳим роль ўйнаши муқаррар бўлган Ғарб ва ислом уламолари шу оддий нарсаларни тушунмагунларича, дунёда ҳамма исломий терроризм ва турли терактлар хавфи остида яшашга мажбур бўлади.