Ўзбекистон Марказий Банки 2018 йил 12 июндан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматларини белгилади. Унга кўра, АҚШ доллари ўтган ҳафтадаги курсга қараганда 34,70 сўмга арзонлаган ва 1 доллар 7909 сўму 37 тийинни ташкил қилган. Евро курси эса 43,37 сўмга кўтарилиб, 9306.16 сўмни ташкил қилган.
Февраль ойи бошида “қора бозор”да 8200 сўм бўлган доллар курси ўшандан бери “қора бозор”да ҳам, биржада ҳам узлуксиз тушиб борди, яъни доллар арзонлашди. Марказий Банк белгилаган қиймат динамикасига монанд тушиб бораётган валюта курсларини таҳлил қилиб, Ўзбекистон ҳукуматининг “қора бозор” курсларини вақтинчалик бўлса ҳам жиловлай олганини таъкидлаш керак. Аммо бу қачонгача? Соғлом ҳамда ҳақиқий бозор иқтисодиёти ва бозор муносабатлари бўлмаган ўлкада бу қўлбола механизм қачонгача ишларкин?
Шавкат Мирзиё ва унинг тақими тушуниши керакки, сўмнинг курси ортиши билан ҳозир тушиб бораётган иқтисодиётимиз барқарорлашмайди, том аксинча, иқтисодиёт барқарорлашса, сўмнинг курси ортади. Бу – иқтисодий-молиявий дунёнинг қонуни.
Ҳозир эса, бизда иқтисодиётнинг тушиши, тўғрироғи, чўкиши давом этмоқда. 2018 йилга Давлат Бюджети ўтган йилга нисбатан 3 баравар кам қилиб режалаштирилган. Ялпи Ички Маҳсулот ҳам 2017 йилдагидан 2 баравар кам бўлади. Аммо сўмнинг курси ортмоқда эмиш. Нима, Шавкат Мирзиёнинг тақими фақат бизга хос бўлган янги иқтисодий-молиявий қонунлар яратмоқдами? Нима қиламиз, илжаямизми, куламизми ёки йиғлаймизми? Нима бўлганда ҳам, бир нарса аниқ - бундай жараён узоқ давом этолмайди.