Ўзбекистонда доллар илк бор 7900 сўмдан паст даражада - 7896 сўмдан савдо қилинмоқда. Бундан Ўзбекистон Республика валюта биржасининг маълумотлари дарак беряпти.
Сўм 2018 йил февралидан бошлаб фаол мустаҳкамланиб борди – бунга қадар у бир долларга 8190 сўмгача арзонлашиб кетганди. Апрель ойи охирларидаги бироз пасайишдан сўнг валюта яна мустаҳкамланиб борди ва 7900 сўмга яқинлашди.
Евро билан вазият эса бироз бошқача, у ўтган ҳафта нархда кескин ўсди ва 9765 сўмгача чиқди. Масалан, май ойи охирларида у 9395 сўмдан савдо қилинган. Шу ҳафтада эса евро яна пастлади ва икки кун ичида 397 сўмга арзонлашди - 9398 сўмгача.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ биржада доллар 7900 сўмга яқинлашгани, евро кескин равишда 9795 сўмгача кўтарилгани хабар берилганди. // kun.uz
“Ҳаракат” таҳририятидан: Сўмнинг долларга нисбатан курси ортаётгани яхшилик белгиси. Аммо, бу жараён қанчалик жиддий эканлигига мутахассисларгина баҳо берадилар. Қолаверса, қора бозорда нималар бўлаётгани ҳам муҳим. Биз бу ҳақда ўз хабарларимизни беришга ҳаракат қиламиз.