26 March 2018
20:35 -
Журналист Бобомурод Абдулла: Усмон Ҳақназаров номи остида мақолалар ёзганимни икки киши биларди

Мажлисда асосан журналист Бобомурод Абдулланинг кўрсатмаларини тинглаш бошланди. Бобомурод Миллий Хавфсизлик Хизматининг бир неча ходими уни бир неча маротаба қийноққа солганини, калтаклаганини, жисмоний зарар етказганини, жисмоний ва руҳий зўравонлик қўллаганини, уни ўзи содир этмаган жиноятларда иқрор бўлишга мажбур этганини хабар қилди.
“Мен «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси остида мақолаларни 2003 йилдан 2005 йилларгча ёзганман. Сўнг Андижон воқеалари бўлиб, ишларим ортга кетди. Менинг “Озод овоз” лойиҳам учун олинган грантлар солиққа тортилди. Кайфиятим бўлмай ёза олмадим. Бу орада Усмон Ҳақназаровнинг бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари, хусусан, Елена Урлаевани бадном қилишга қаратилган мақолалари менга тегишли эмас. Мен 2012 йилда Солих билан Туркияда учрашганимда Усмон Ҳақназаров эканимни айтдим. Шундан сўнг Усмон Ҳақназаров тахаллуси ортида яна ёза бошладим” деди у.
“Менинг бу тахаллус ортида ёзганимни бугунги судда жиноий шерикларим сифатидла кўрилаётган шахсларнинг бирортаси билмаган. Хатто ўтган йил ёзида уларга айтсам, устимдан кулишган. Бу ерда буларнинг нега ўтирганига ҳайронман. Менинг яширин ном остидаги фаолиятимдан икки киши - АҚШда яшаётган шоир Юсуф Жума ва Туркияда истиқомат қилувчи Муҳаммад Солиҳ биларди. Мен бу сирни очмагани учун фақатгина Юсуф Жумага раҳмат айтаман” деди Бобомурод Абдулла.
Суд мажлисидан сўнг журналист Бобомурод Абдулланинг хотинига эрининг мукофоти - Андрей Сахаров номидаги “Мардлик учун” ордени топширилди.