07 February 2018
13:48 - Хусусий SpaceX компанияси фазога дунёнинг энг кучли ракетасини учирди. Ўзбекистонда қачон катта корхоналар хусусийлаштирилади? Қачон ўзбеклар майдонларга чиқади?

АҚШ миллардери Илон Маскнинг SpaceX компанияси 2012 йил 22 майда Фалкон-9 ракетаси билан тарихда биринчи марта “Дракон” номли хусусий фазовий кемани фазога олиб чиққан эди. Ўшанда фазони хусусийлаштириш амалда бошланганди.

Кеча яна ўша SpaceX компанияси дунёнинг энг оғир юк таший оладиган Falcon Heavy ракетасини фазога учирди. Шу кунгача дунёдаги мавжуд ракеталар фазога 27 тоннагача оғирликдаги юк олиб чиқолардилар. Falcon Heavy кемаси эса, Ер атрофи орбитасига 64 тоннагача юк олиб чиқолишидан ташқари, Марсга 16,8 тоннагача, Плутонийга 3,5 тоннагача юк олиб боролади.

2012 йилдан бери SpaceX компанияси ўзинингФалкон-9 ва ёки унга ўхшаш ракеталари билан Халқаро Фазовий Станцияга юклар ташиш бизнеси билан ҳам шуғулланар эди. Хуллас, бир оғиз сўз билан айтсак, ФАЗО хусусийлашмоқда.

“Ҳаракат” Агентлиги 2012 йил 22 майда “Дракон” номли хусусий фазовий кема фазога олиб чиқилгани ҳақида хабарига “Фазо хусусийлашмоқда, Ислом Карим корхоналарни хусусийлаштиришдан қўрқади” деб сарлавҳа қўйган эди. Қаранг, орадан сал кам 6 йил ўтди, аммо “Фазо хусусийлашмоқда, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг мотори бўлган катта корхоналар қачон хусусийлаштирилади?” деган савол актуаллигини йўқотмади ва йўқотмайди. Чунки, бозор иқтисодиётига ўтилмаса, хусусий тадбиркорликка тўла йўл берилмаса, СССР ва Хитойнинг тажрибаси кўрсатиб бўлганидек, мамлакт иқтисодиёти тез риволана олмайди, демак, қашшоқликка маҳкум бўлиб қолаверамиз.

Мана, Шавкат Мирзиё Ўзбекистонда ҳокимиятни феъелан қўлига олиб бўлганига 1,5 йил бўлди. Аммо, хусусийлаштириш масаласида ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Ўзбекистонда катта маҳаллий инвесторлар, яъни бойлар яратилиши йўлида Ислом Карим қўйиб кетган тўсиқлар олиб ташлангани йўқ. Ўзбекистонда бир қатор катта корхоналар хусусийлаштирилса ҳам, улар чет эллик бойларга сотилиши муқаррага ўхшаб кўринмоқда. Бундай қилиш эса, мамлакт манфаатлари, ўзбек миллати манфаатларига нисбатан хоинликдир.

Шу йил 2 февралдаги хабарларимиздан бирида Тошкентдаги “Ўрикзор” улгуржи ва чакана савдо бозори сотувга қўйилганини билдирар экан, “жуда катта эҳтимоллик билан тахмин қилиш мумкинки, бозорнинг янги эгаси чет эллик бўлади - чет эллик ўзбек бўлмаган шахс ёки эгаси ўзбек бўлмаган чет эллик ширкат” деб таҳлил берган эдик. Кўрамиз, айнан, шундай бўлади. Бунақада, Ўзбекистоннинг келажаги бўлмайди.

Ўзбеклар, кўзинигизни очинг, майдонларга чиқиб, Шавкат Мирзиёни Ўзбекистон давлати ва ўзбек миллатининг келажагини ўйлашга мажбур қилишдан бошқа йўлингиз йўқ.

Расмда – “Бирлик”нинг озодлик, ҳурриёт, мустақиллик талаби билан 1989 йили ўтказган намойишларидан бири. Намойишчилар Навоий кўчасидан кетмоқдалар.