![](/photo/mardikorlar-2014.jpg)
21 декабрь куни Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим кучга кирди, деб хабар берди Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигининг “Жаҳон” агентлиги. Ҳужжат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 апрелда Россияга амалга оширган давлат ташрифи чоғида имзолангани алоҳида урғуланган.
Хабарда айтилишича, мазкур битим ишчи кучи ҳаракатланиши жараёнини тартибга солиш ва уни ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш ҳамда Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнаткаш-мигрантларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш заруриятидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди. Бу ҳужжат Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш бўйича томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги тартиби ва шартларини белгилаб беради. Россиянинг ваколатли органлари томонидан меҳнат мигрантларига энг кам иш ҳақи талабларига риоя этиш, муносиб турмуш шароитларини яратиш, тиббий ва ижтимоий суғурта билан таъминлаш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий кафолат тақдим этадиган тартибни жорий қилиш кўзда тутилган.
Бу яхши хабар, аммо, унутмаслик керакки, мухолифатдаги “Бирлик” Партиясининг лидери Абдураҳим Пўлат 1995 йилдаёқ жуда кўп ўзбеклар Россияга бориб ишлашга мажур бўлишларини башорат қилиб, Ўзбекистон ҳукумати уларга ёрдам бериши кераклигини айтган, 2007 йили эса, ўша пайтдаги Президент Ислом Каримга мактуб ёзиб ва айнан Россияда ишлаётган ўзбекларнинг ёрдами билан Ўзбекистоннинг Давлат бюджети оёқда турганини эслатиб, бундай масалалар билан шуғулланадиган вазирлик тузишни таклиф қилган эди.
Буни ҳозирги Президент, ўша пайтдаги Бош вазир Шавкат Мирзиё билмаслиги мумкин эмас. У ҳокимиятга келгач, вазирлик бўлмаса ҳам, Агентлик тузгани олқишга сазовор. Шундай экан, у мухолифат партияси ва унинг лидерига раҳмат дейиши керак эди. Аммо, бундан ҳам муҳим бўлгани, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги Ўзбекистон ва ўзбек миллатининг ҳозирги аянчли аҳволига тўғри баҳо бериш билан биргаликда, бу аҳволдан чиқиш йўлларини ҳам кўрсатмоқда. Наҳотки, “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг таклифларини тушуниб етиш ва уларни ҳаётган жорий қилиш учун ҳозир Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимига яна 10-20 йил вақт керак?
Эй, ўзбеклар! Жорийдаги ҳокимиятдан мухолифатдаги “Бирлик” Партиясининг фикрлари билан ҳисоблашиш кераклигини эслатинг ва ҳатто талаб қилинг. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёнинг Виртуал қабулхонасига ёзинг.