Ўрисларнинг Иқтисодий Тараққиёт Вазири машҳур Алексей Улюкаев (расмда) бу мамлакатнинг энг катта компанияси “Роснефть” директоридан 2016 йил 14 ноябрь куни нақд 2 миллион долларлик пора олаётган пайтда қўлга олингани ва бу иш юзасидан тергов бошланганини биз 2016 йил 15 ноябрь куни “Бечора Россияда бугунги бош хабар: Иқтисодий Тараққиёт Вазири Алексей Улюкаев $2 млн пора олаётганда қўлга олинди. Ўзбекларга нима?” сарлавҳали хабарда билдирган эдик.
Ўша хабаримизда Алексей Улюкаевнинг қўлга олиниши ҳақида шундай таҳхлил берилганди:
“Россиянинг ҳамма ахборот воситалари бу хабарни ёйиш ва турли кўзга кўринган сиёсатчи ҳамда бизнесменларнинг изоҳларини тарқатиш билан оворалар. Алексей Улюкаевнинг қўлга олиниши – Россияда коррупцияга қарши самарали кураш олиб борилаётганининг кўрсатгичи эканлигини гапираётганлар ҳам кўп.
Аммо, “Ҳаракат”нинг фикри мутлақо бошқача. Оллоҳ яратган одамлар бор экан, коррупция ва порахўрликни йўқотиб бўлмайди. Оллоҳ одамларни ичидаги шайтони билан яратган, ҳар бир одамнинг ичида шайтони бор ва ҳамманинг ҳам, қайтариб айтамиз, ҳамманинг ҳам, ўз ичидаги бу шайтон билан курашишга кучи етмайди. Буни одамзоднинг тарихи кўрсатиб турибди.
Автомобиллар бор экан, автоҳалокатларни йўқ қилиб бўлмаганидек, одамлар бор экан коррупция ва порахўрликни мутлақо йўқ қилиб бўлмайди. Уларни минималлаштиришнинг ягона йўли – демократиядир. Россия эса, КГБчи Путин ҳокимиятга келгандан бери демократиядан узоқлашиш билан машғул. Бу давлат ҳозир коруппция ва порахўрлик ботқоғида эканлигини ақлсиз одам ҳам билади.”
Мана орадан тўппа-тўғри бир йил ўтиб, 2017 йил 15 декабрда Москва шаҳар Басманний туман суди 1956 йили туғилган Алексей Улюкаевни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиниши, қамоқ жазоси қаттиқ тартибли колонияда ўтиши ва айбланувчидан 130 млн рубллик жарима ундирилиши ҳақида ҳукм чиқарди. У отаси тарафидан татар эканлиги тилга олинмади. Аслида, бунинг ишга алоқаси йўқ эди.
Бир йил аввалги хабаримиздан маълумки, пора олиш вақти видеога олингани туфайли, Улюкаевнинг айби тўла исботланган. У ва унинг адвокатлари бу ишни сиёсийлаштириб, яна бир қатор расмийларни бу ишга тортмоқчи бўлдилар, масалан, порани берган “Роснефть” директори Игорь Сечинни. Аммо Игорь Сечин Алексей Алексей Улюкаев ўзидан катта миқдорда пора талаб қилаётганини керакли органларга билдирган ва пора бериш воқеаси ўша органларнинг назорати остида бўлгани туфайли тўла исботланган.
Басманний суди ҳам юқорининг кўрсатмаси билан бу ишга бюошқа ҳеч кимни қориштирмади. Ҳатто Сечинни гувоҳ сифатида судга олиб келишга ҳам ортиқча ҳаракат қилмади. Суднинг ҳамма мажлислари Сечинсиз ўтди.
Хуллас, адолат ғалаба қозонгандек кўринади. Бу иш бўйича адолат ғалаба қозонган бўлса керак, аммо Россия порахўрлик ботқоғидан чиқиши учун мамлакатни демократиялаштириш керак, Путин буни ўйламайди ҳам. Айниқса, Украина ва кейин Суриядаги вақтинчалик ва нисбий ғалабалардан боши айланиб қолгандан кейин.
Ўтган йилги хабаримзда шундай изоҳ ҳам берган эдик: “Коррупция ва порхўрлик ҳақидаги фикрлар жонажон Ўзбекистонимизга ҳам тегишли. Демократия йўқ экан, коррупция ва порахўрлик гуллайверади, давлатимиз қолоқлик ва қашшоқликдан чиқолмайди. Россияни қолоқлик ва қашшоқликдан қутқариб турган нарса – катта нефть ва газ заҳираларидир. Бизда улар ҳам йўқ.”
Хуллас, бизда президент ўзгаргани билан, мамлакатда ҳеч қандай жиддий ўзгариш йўқ. Демак, Ўзбекистон диктатура даражаси пасаймайди, иқтисоднинг чўкиши давом этаверади. Демак, авваламбор мавжуд режимни ўзгартириш керак.