04 September 2017
19:21 - Шавкат Мирзиёнинг кадрлар сиёсати эскича: Ҳоким вазирга, миршаббоши эса ҳарбий вазирга айлантирилди. “Ҳаракат”: Мавжуд режим ислоҳот қилинмаса, аҳвол яхши томонга ўзгаролмайди!
Президентнинг бугунги фармони билан шу йил бошидан бери мамлакат Ички Ишлар Вазири лавозимида ишлаб келаётган генерал-майор Абдусалом Азиз Ўзбекистон Мудофаа Вазири этиб тайинланди. Аввалги Мудофаа Вазири, генерал-полковник Қобул Берди эса Ўзбекистон Қуролли Кучлари Академияси раҳбари лавозимига ўтказилди.

2012 йилдан бери Хоразм вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Пўлат Бобожон эса Ички Ишлар Вазирлигига раҳбар этиб тайинланди. Марҳум Ислом Карим томонидан улоқтирилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг собиқ раиси Илгизар Собирга ўзи туғилиб ўсган Хоразм вилоятини вақтинча бошқариб туриш топширилди.

“Ҳаракат” йиллардан бери айтиб келаётганидек, Ўзбекистонни ҳозирги аянчли аҳволдан олиб чиқиш учун инқилобий, фундаментал сиёсий-иқтисодий-ижтимоий ва диний ислоҳотлар ўтказиш лозим. Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, ўзбек профессорларининг маоши қозоқ дворниклариникидан камлигича, бизда ўртча ойлик кулгили даражада оз, яъни 90 долларлигича қолаверади. Ҳеч қандай истиқболимиз бўлмайди, бўлолмайди.

Шавкат Мирзиё, "отаси" Ислом Карим каби, шу каби оддий нарсаларни тушунмайдими, демак, мухолифат буни тушунтириши керак. Шу маънода “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги ўз вазифаларини мукаммал бажармоқдалар. Навбат Сизга - Шавкат Мирзиё жаноблари!!