![](/photo/yusuf-juma.jpg)
Бор жонзотлар тўпланишиб
Тилга кириб кетдилар.
Шўрлик булбул қўшиғини
Муҳокама этдилар.
Кучук деди: Хатоси кўп,
Ҳеч бирини кўрмабди.
Энг ёмони қўшиғида
Бирор марта хурмабди.
Бойқуш деди: қўшиқми бу,
Кимга ёқар нимаси?
Инсоф керак, қўшиғида
Йўқ зарра ваҳимаси.
Мушук деди: қўшиқчида
Мендек бўлса мўйлови.
Булбул тузат, фалон ерда
Бўлсин миёв миёви.
Эчки деди, қўшиқ ёзган
Бундоқ ўйлаб қараса.
Зўр бўларди, анов байтда
Уч-тўрт марта маъраса.
Туя деди: Тикан қолиб,
Гул деб битдинг баётни.
Мавзунг майда, куйлаш учун
Аввал ўрган ҳаётни.
“Бу дунёда ҳақиқат йўқ,
Мени кўмдилар ғамга” -
Шундоқ дея шўрлик булбул
Йиғлаб борди Одамга.
Қўшиғининг тақдирини
Инсон дадил этди ҳал:
“Ҳақ сўз эрур менинг сўзим
Сенинг куйинг мукаммал”.
Енгил тортди шўрлик булбул
Адо бўлди аламлар.
Хайриятки, бу дунёда
Одамлар бор, одамлар!
1985