01 August 2017
17:11 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Ўзбекнинг шоири Юсуф Жумадан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёга очиқ хат

Юсуф Жума: Кўзингизни очинг, Шавкат, ажалингизни кўрасиз!

Инсон бир умр уйғоқлигига шубҳада яшаши шарт, йўқса адашади, фожеалар гирдобида қолади. Аслида Тангридан бошқа ҳамма уйқуда: ғафлат уйқусида, ҳасад уйқусида, ғийбат уйқусида, манфаат уйқусида, жаҳолат уйқусида. Оқиллар шу боисдан оқилларки, ҳаммадан уйғоқроқ бўлсаларда, мен нодон уйқудаман, уйғонишим керак деб безовта яшайдилар. Очунга янада кенгроқ қарашга уринадилар. Мен Сизга юртнинг, элнинг "мотор"ини - мактабни - ўқитишни янгитдан яратиш тўғрисида очиқ хат ёза бошладим. Бирдан қўлим совуди: Шавкат юракдан истайди, лекин амалга ошира оладими?! Афсуски, у ҳақиқий Президент эмас, юрагидаги гапларни гапиряпди, бирортаси амалга ошмади.

Энг оғир кунларимда илтимосим билан қишлоққа канал чиқартириб бергансиз, одамгарчилиги бор экан деб ўйлаганман. Лекин мақсадларимиз бир бўлиши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаганман.

Ҳалима опани йўқлашингиз, эл ичига кириб боришинингиз, бугунки интилишларингиз остидаги кўзланган манзиллар - муродларимиз бирлигининг белгиси. Элу юрт манфаати.

Сизнинг ҳақиқий Президент бўлишингизни юракдан истайман. Агар Сизни йўқотсалар иккинчи бир Шавкатнинг президентликка келиши яқин ўртада имконсиз.

Энди кўзингизни очиб қаранг. Сиз Президентми?!
Йўқ!!!

Президент ким - Каримов арвоҳлари - Гулнора, Лола, Татяна - Оқсаройдагилар ва Каримовнинг миллатдошлари - алмисоқдан қолган иблис сафдошлари - тубчак турк элининг ёвлари - Сизнинг ажалларингиз!

Улар нега Сизнинг Президентлигингизга рози бўлишди: Юрт ва Халқ хоини Ислом Каримов оиласи жиноятларини ёпти-ёпти қилиш учун.

Ўттиз йиллик тиллонинг ўзи тан олингани йилига юз тоннадан ортиқ - демак уч минг тоннадан ошиқ тилло қани?!

Аслида тан олинганидан кўп қазиб олинади.

Бошқа бойликлар-чи?!

Бир телефондан шўрлик мардикор қул халқ чўнтагидан миллиардлаб долларлар ўғирлабди. Минглаб тармоқлардан таланган пуллар сонга сиғмайди!

Бечора Ўзбекистоннинг валюта заҳираси 20 миллиард. Нақадар даҳшат!

Сиз номига бўлса ҳам амалдасиз. Сизга хизмат этадиганлар бор, Оқсаройни тозаланг, бир кечада ҳаммасини Жаслиққа даф этинг. Йўқса эртага кеч бўлади. Амалдан кетсангиз ёнингизда куёвларингиз қолиши ҳам гумон. Болалигимдан элимизни яхши биламан, 99. 99 фоизи сотқинликка мойил.

Бу сўзимдан ўпкаланадиганлар кўп, уларни Жаслиққа ташлашса бир кунда оналарини ҳам сотадилар. Беш вақт номоз ўқийдиганлари ҳам, кўчада қаҳрамон бўлганлари ҳам бирдай сотади, қамоқларда. Бу қавм кўчада ҳам шу...

Турмаларда Ота ўғилни, ўғил отани сотаяпди...

Ҳозирликча Сизда имкон бор - дунё бор - Гугушанинг жинояти бўйнида, улар Сизга очиқ ташлана олмайди, фойдаланинг. Эгинларидаги куйлак иштонигача, Каримовнинг кафанигача элники, уларда бир тийин ҳам тоза бойлик йўқ. Ечинтириб, бор бойлигини тортиб олиб, Жаслиққа юборинг - Татяна, Лола, Гулнораларни умрбод. Ҳамтовоқларини ҳам.

Ислом Каримовни гўридан олиб чиқиб Суд эттиринг, токи келажакда сотқинларга сабоқ бўлсин!

Гугуша қамоқда эмиш!
Ғирт ёлғон!
Гугуша Оқсаройда, дунё буни яхши билади, фақат гўл ўзбекни алдаш мумкин.

Қўли қон - Бухорода ёш ёш йигитларни сўйдириб тана аъзоларини соттирган Бухоронинг собиқ ҳокими Самоиддин Ҳусеновга ўхшаган жаллод, ўғриларни Гугуша зиндондан амалга қайтаряпди.

Чуқур илдиз отаяпди.

Нега Ўрис депутати Гулнорани йўқлади?!
Москва ашаддий сотқин Ислом Каримовни аллақачон соғинди.

Сиз ҳалигача кўпчилик умид билан кутаётган Мавлон Умрзоқовни ўз ишига қайтара олмадингиз. Юртдаги энг тоза Генерал, Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси Ўткир Комиловни ишга олинг. Ёвузлар билан курашишни билади. Самоиддин Ҳусеиновнинг қонхўрлигини фош этгач, шундай ягона тоза инсонни Ислом Каримов ишдан ҳайдаган. Менга қолса МХХга бошлиқ қилишингизни истардим.

Кўзингизни очинг Шавкат!!!
Имконни бой бераяпсиз!!!

Юсуф Жума

“Ҳаракат”: Хатнинг шаклидан кўринадики, Юсуф Жума ва Шавкат Мирзиё эскидан танишлар ва ўзаро гаплашганда расмиятчиликни четга суриб, гапнинг пўст калласини гапирадилар.

Шоиримизнинг хати “Ҳаракат” сайти тарафидан ҳам тан олинган “шок терепияси” усулида ёзилиши ҳам тушунарли. Ўзбекистон давлати ва Ўзбек миллати шундай ғариб аҳволдаки, ўраб-чирмаб ёзилган гаплар билан узоққа кетиб бўлмаслигини, шок терапияси усулларии билан нафақат гапириш, ишлаш ҳам кераклигини айнан биз ёзмоқдамиз.

Аммо, нима бўлганда ҳам, бу хатга баҳо берадиган юксак инстанция – Ўзбек миллатидир!