![](/photo/A-Polat1.jpg)
“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг “Ҳаракат” сайтида кўп марта айтган қуйидаги сўзлари диққатга сазовордир: “Ислом дунёси жаҳоннинг энг қашшоқ ва қолоқ қисмига айланиб бўлди. Агар ҳозир Ғарб ўз эшикларини очса, мусулмонларнинг мутлақо кўпчилиги ўз динидан ҳам воз кечиб, Оллоҳнинг ёрдамида яратилган, ҳамма нарса Оллоҳданку, жаннатсимон Ғарбга кўчиб кетадилар. Бунинг олдини олишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва аввалабмор Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир.”
Туркиянинг энг катта “Миллиёт” газетасинининг хабарига кўра, бу мамлакатнинг Президенти ва ислом фанатиги Ражаб Эрдўғон кеча Анқарадаги ўз Саройида ўтказилган “Ислом Дунёсида Олий Таълим Майдони Яратиш Мажлиси”да Исроил давлати мусулмонларнинг кучсизлигидан, парам-парчалигидан фойдаланиб, Қуддуснинг тарихий исломий руҳини йўқ қилишга ҳаракат қилаётганини айтиш билан бир қаторда, Ислом дунёсида олий таълим системасининг бир тийинга қимматлигини ҳам гапирибди.
Мана унинг ўша йиғилишдаги сўзлари: “Дунёнинг энг яхши 500 университети ичида бир нечтагина Ислом давлатларининг университетлари бор. Ислом ўлкаларининг энг ёрқин ўқувчилари ва энг порлоқ ақллилари Ғарбнинг таълим муассасаларига кетмоқдалар. Ёшлар ўз ўлкаларида, ўз давлатларининг университетларида порлоқ келажак кўрмаётганлари сабабли борган сари кўпроқ Ғарбга кетмоқдалар. Биз уларнинг ўқиши учун Ғарбга кўп пул ҳам тўламоқдамиз. Биз бу ўқувчилар университетни битиргандан кейин ўз мамлакатларига қайтиб, ўз халқларига хизмат қилишларини кутмоқда эдик. Аммо, уларнинг кўпчлиги орқага қайтмаяпти, таълим олган ерларида ишлашга қолмоқда. Улар ўша ерда ўрганган ҳаёт стандартларидан воз кечишни истамаяптилар. Аммо, ислом давлатларини бошқараётган бизлар ва университетларни бошқараётган сизлар, нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлашимиз лозимлигини ўйламоқдаман. Илмий ҳаётимизнинг чўлга айланиши ва ақлнинг у тарафга оқиш йўлини тўсиш ва бунинг учун нима қилиш кераклиги устида ўйлашимиз керак.”
Қаранг, Ражаб Эрдўғон Абдураҳим Пўлатнинг Ислом дунёсининг умумий аҳволи ҳақидаги гапларини мусулмон талабаларнинг мисолида хусусийлаштириб гапирмоқда, холос. Аммо, у ҳалигача “нима қилиш кераклигини” билмаслиги устида куласизми ёки йиғлайсизми? Абдураҳим Пўлат нима қилиш кераклигини ҳам айтиб бўлдику: “Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва аввалабмор Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир.”
Ражаб Эрдўғон эса, Ислом дунёсининг тарих бўйича энг улуғ инсони Отатарк яратган жаҳондаги биринчи дунёвий/секуляр ва шу сабабли энг ривожланган Туркия давлатини исломлаштириш ва ўрта асрларга судрашга интилиш билан овора эканлигидан ташқари, мусулмон ёшлар Ғарбга қочишининг сабабчиларидан бири бўлмоқда.
Аммо, ҳеч шубҳасиз, вақти келади ва Ислом дунёсида янги сиёсий лидерлар ўртага чиқадилар ва Ислом дунёсини қолоқлик ва қашшоқликдан қутқаришнинг ягона йўли - Абдураҳим Пўлат ўртага отган “Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва аввалабмор Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир” шиорида айтилганини тушунадилар ва шу шиор остида фаолият олиб борадилар. Бошқа йўл йўқ.