05 June 2017
23:17 - Хонандаларга президентни улуғлаб қўшиқ айтиш таъқиқланди, Ислом Карим ўзига ҳайкал ҳам қурдирмаганди. Нимага?
"Ўзбекконцерт” ширкати хонадаларга президент ва давлат раҳбарларини олқишловчи, кўкларга кўтарувчи ашулалар айтишни таъқиқлади. Бунга хонанда Дилфуза Исмоилованинг Шавкат Мирзиёга бағишлаб "Шу юрт султони бор бўлсин", деб қўшиқ айтгани сабаб бўлди. Мазкур қўшиқда президент султонга тенглаштирилади ва унда султон улуғланади.

“Ўзбекконцерт" давлат муассасаси директор вазифасини вақтинча бажарувчи Азамат Ҳайдар: "Сўнгги пайтларда айрим хонандаларимиз билиб билмай, чала шоирларга шеър заказ қилиб, клиплар қилаяпти. Айниқса шахс билан боғлиқ, давлат раҳбарларининг фаолияти билан боғлиқ нарсаларни монтаж қилиб клипларига... бу ҳеч қандай одоб-аҳлоққа тўғри келмайди" деди. Азамат Ҳайдарогв кўра, ҳозир Ўзбекистонда ҳамма нарса ошкора бўлаяпти ва бу каби клиплар чиқариб обрў олмаслик керак.

Маданият вазири ўринбосари Минҳожиддин Ҳожимат ҳам сиёсат ҳақида куйловчи қўшиқчиларни танқид қилиб, "Сен ўзинг сиёсатни тушунмасанг, мамлакатда бўлаётган ислохотлар мазмун-моҳиятини билмасанг, нима қиласан сиёсат тўғрисида ашула айтиб", - деди.

Хабар сарлавҳасида саволга “Ҳаракат” сайтида бир неча марта эълон қилинган қуйидги латифа билан жавоб берар эдик.

* * * * *

Икки одам бир-бири билан гаплашмоқда.

- Нимага Ислом ака ўзига ҳайкал қўйдирмайди?

- У киши “Бирлик”нинг Тошкентдаги кўп минг кишилик митингларидан кейин одамларнинг бир ерга тўпланишидан қўрқиб қолган. Шунинг учун Тошкент марказидаги ҳамма майдонларни ҳам йўқ қилиб ташлади.

- Ҳайкал очилишига келадиган одамлардан ҳам қўрқади демоқчимисиз?

- Йўқ, ҳайкал бузилаётганда йиғиладиган оломондан қўрқади.

* * * * *

“Минҳожиддин Ҳожиматнинг ўзи сиёсат нима, ислоҳот нималигини биладими?” саволини четга қўйиб, Шавкат Мирзиё нимадан қўрқиб, ўзини улуғлаш истаганларга қўшиқ айтишни тақиқлантиргани ҳақидаги латифани ўқувчиларимиздан кутамиз.