01 June 2017
21:34 - Ўзбекистон эҳтимолий тошқин ва селларга тайёргарлик кўрмоқда
Ўзгидромет маркази маълумотларига кўра, республикада июнь ва июл ойларида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, сел тошқинлари содир бўлиш хавфи мавжуд. Тез кунда сел тошқини билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш ва Чирчиқ дарё қирғоғи атрофида истиқомат қилувчи аҳолини муҳофаза қилиш мақсадида турли вазирлик ва хизматлар мутахассислари иштирокида махсус комиссия тузилади.

Комиссия томонидан тез кунларда Чирчиқ дарё атрофидаги вазиятни чуқур таҳлил қилиниб, салбий ҳолатларни олдини олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрилади. Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимияти томонидан дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш ва хавф зонасида қурилган уйларни бошқа жойларга кўчириш ишлари билан шуғулланади.

Эслатиб ўтамиз, 18 май куни тоғлардаги қорларнинг эриши, ёғингарчиликнинг кўп ёғиши туфайли "Чирчиқ" дарёси Қуйичирчиқ тумани ҳудудининг чап қирғоқларни эмирилиши ва қисман қирғоқларга сув чиқиши кузатилган. Бу эса "Абай" ҚФЙ "Тожик овул" маҳалласидаги 28 та хонадонга (132 нафар фуқаро) сув босиш хавфи келиб чиққан. Шунингдек, "Янги ҳаёт" ҚФЙ "Охунбобоев" аҳоли яшаш пунктидаги 8 хонадоннинг ҳовлиларига сув кирган. Республика тегишли хизматлар томонидан содир бўлган вазиятни бартараф этиш мақсадида тезкор равишда махсус техника воситалари жалб этилиб, Чирчиқ дарё қирғиқлари 35 метрга мустаҳкамланди.