30 May 2017
21:18 - Ўзбекистон Олий Судига раис ва ўринбосарлар сайландими ёки Шавкат Мирзиё тарафидан тайинландими?

Бугун тарқатилган маҳаллий матбуот хабарларига кўра, 27 май куни Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатида Олий Суд раиси ва унинг ўринбосарларини сайлашибди. Шундай қилиб, Олий Суд раиси беш йил муддатга Козимжон Комил бўлибди. У шу пайтга қадар Олий Хўжалик Судининг раиси лавозимида ишлаб келаётган экан.

Бундан ташқари, Холмўмин Ёдгор муддатсиз даврга Олий Суд раисининг ўринбосари - Фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига, Баҳодир Деҳқон беш йил муддатга Олий Суд раисининг ўринбосари - Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 1 июнидан Олий Суд ва Олий Хўжалик Суди бирлаштирилиши, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд жараёнлари соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий Суди иш бошлаши аввал хабар қилинган эди.

Ўзбекистонда Олий Мажлиси ва унинг Сенати оддий қўғирчоқ театри эканлигини ҳисобга олсак, ўз-ўзидан маълумки, Олий Суд раиси ва унинг ўринбосарлари Президент Шавкат Мирзиё тарафидан тайинланган. Балки, бу яхшидир, балки, ёмондир, кўрамиз. Аммо, Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар қилинмаса, кадр алмаштириш билан давлатда жиддий ўзгаришлар қилиб бўлмаслиги – исбот талаб қилмайдиган, инсоният тарихидан келиб чиққан аксиомадир. Эй, худо, Шавкат Мирзиё инсонитянинг тарихида кўрилмаган янгликлар қилса-я!

Маҳаллий хабарларда Козимжон Комилнинг расми ҳам йўқ, қозоқларнинг сайтидан олинган Олий Судимиз биносининг расми бор. Хабар ҳам қозоқлардан олинган бўлса ажаб эмас.