Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари Бош Прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимлари билан ҳамкорликда пул эвазига суд органига ишга жойлаштиришни ваъда берган фирибгарни қўлга олдилар. Тошкент шаҳри Олмазор тумани суд ижрочилари бўлимининг жамоатчи ёрдамчиси Муроджон Миранвар фуқаролардан бирини шу бўлимга суд ижрочилигига ишга жойлаштиришда ёрдам беришини айтиб, у билан 5000 АҚШ долларига келишган экан.
"Муроджон Миранвар сўралган пулни олаётган вақтда қўлга олинди. Товламачи дастлабки терговда айбига иқрор бўлмади. Бироқ рад қилиб бўлмайдиган далиллар кўрсатилганидан сўнг у айбига тўлиқ иқрор бўлди", - дебди МХХ вакили. Афтидан, 5000 АҚШ доллари эгаси шу пул билан ишга киришни кўзлаган, аммо киролмагач, кўпчилик ўзбеклар каби хуфяларга мурожаат қилган.
Аслида, бу воқеанинг хабарга арзийдиган жиҳати ҳам йўқ. Инсон эркинликлари бўйича жаҳонда охирги ўринни эгаллаб турган, коррупция ва порахўрлик ботқоғида ботаётган Ўзбекистон учун навбатдаги оддий воқеа бўлибди, содда Муроджон Миранвар қўлга тушибди. Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари шу қилган ишлари билан мағрурланаётган бўлсалар, бу уларнинг аҳмоқлигидир. Улар миллий хавфсизликни ўйласалар эди, авваламбор юқоридагилар билан шуғулланишарди.