![](/photo/kloun-bururn.jpg)
АҚШнинг сиёсий элитаси ва оммавий ахборот воситаларининг сал кам ҳаммаси ўтган йили бўлиб ўтган президентлик сайловларида Доналд Трампга қарши бўлганларига қарамасдан, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат башорат қилгандек (унинг башорати 2016 йил 2 февралда ўша пайтдаги Президент Барак Обамага ёзган хатида ҳам бор, хатнинг инглизчаси “Ҳаракат” сайтининг инглизча саҳифасида турибди), айнан Доналд Трамп президент бўлди. АҚШнинг оммавий ахборот воситалари алам ичида ҳалигача Доналд Трампга қарши ҳужумлар уюштириш билан оворалар.
Ҳужум учун жиддий сабаб бўлмагани сабабли, улар Доналд Трампга масхарабозлик даражасидаги айбномалар қўйиш билан оворалар. Масалан, улар Трампнинг маслаҳатчилари сайлов олди кампанияси даврида, сайловдан кейин, аммо ҳали инуагурация бўлмасидан олдин, Россиянинг АҚШдаги элчиси билан учрашганларини гапирмоқдалар. Балки, улар учрашгандирлар, аммо у учрашувларда АҚШнинг зарарига ишлайдиган бирон нарса бўлгани айтилмайдику. Демак, бундай нарса йўқ. Демак, ҳужумлар масхарабозликдан бошқа нарса эмас.
Абдураҳим Пўлат яқинда Доналд Трампга ёзган хатида “бундай ҳужумлар ўзбек тилида тирноқ остида кир қидириш деб айтилишини” урғулаб, масхарабозлар устида кулди.
Ҳозир масхарабозлик Россиянинг сиёсий саҳнасига ўтди. Бир вақтлар гўёки мухолифатчи сифатида ўша пайтдаги режим тарафидан яратилган қўғирчоқ Россия Либерал-Демократик Партиясининг раиси Владимир Жириновский Давлат Думасининг бугунги мажлисида ўз партиясига ҳокимиятдаги “Бирлашган Россия” Партияси тарафидан жойларда босим бўлаётганини айтиб, у партияга қарши шундай сўзлар айтди: “Санларни судга бераман. Келаси йил Кремлга кириб келаман (у келаси йил бўладиган президентлик сайловларида ғалаба қозонишини айтмоқда – “Ҳаракат”), ундан кейин сан ярамас ва аблаҳларни отаман ва осаман.”
Унинг бу сўзларидан кейин бу партия депутатлари Жириновский билан бирга мажлисни намойишкорона тарк этдилар. Путиннинг қўғирчоғи бундай ишлар қилиши, парламент минбаридан бундай сўзлар айтиши масхарабозликдан ҳам баттар нарсадир.
Ўзбекистонимизда бўлаётган сиёсий масхарабозликларнинг АҚШ ва Россиядагидан фарқи бор. Ва катта фарқи бор.
Ҳаромий Ислом Карим 1990 йил январь ойининг охирги кунларидан бирида “Комсомольская правда” газетасига интервью бериб “Шаҳар бедарвозами, ким хоҳласа мухолифат ташкилоти тузаверадими, мухолифатни ҳам биз ўзимиз яратамиз” деди. Табиий, у “Бирлик”га тош отаётган эди. Энг қизиғи, бир неча кун ўтар ўтмас, “Бирлик”дан чиққан сотқин Салой Мадамин ва унинг ялтоқлари мухолифат ташкилоти тузиш қарорларини эълон қилдилар, кейин “Эрк”ни туздилар. Расман “Эрк” газетаси чиқабошлади. Яъни, Ислом Карим мухолифатни ўзи яратишга бошлади.
Бу партия раиси 1991 йили бўлган биринчи президент сайловларида қўғирчоқ номзод сифатида иштирок этди. Ўша пайтда АҚШнинг Хельсинки Комиссияси бу сайлов бўйича тайёрлаган ҳисобатида, бу сайловнинг асосий камчилиги, унда “Бирлик” номзодининг иштирок этишига йўл берилмаганидир, деб хулоса чиқарганди. Тўғри, кейинчалик Ислом Карим “Эрк”ни бир тепиб улоқтирди ва бир эмас, 4 та янги қўғирчоқ партиялар қуриб, сиёсий махарабозлик анъанасини давом эттирди. У анъана ҳалигача давом этмоқда. Айнан уларни Шавкат Мирзиё ўша эскича усул билан ишлатишни давом эттирмоқда.
Сиёсий саҳнада масхарабозлик давом этар экан, Шавкат Мирзиё иқтисодда ўзгаришлар қилишга ваъдалар бериш билан машғулигига нима дейсиз? Бунга ишонадиган биронта ақлли одам борми? Бу вазиятда янги президент иккита йўлдан бирини танлаши керак: Демократияга йўл очиб, “Бирлик” ва “Эрк”ни расман рўйхатдан ўтишга йўл бериш ёки ҳаромий Ислом Карим яратган диктатурани сақлаб қолиш. Иккинчи йўл танланса, яқинда қўғирчоқ партиялар парламент минбаридан расмдагидек бурунларини кўрсатишга бошлайдилар.
Шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, ўша пайтда эркин матбуот, сўз эркинлиги ва ошкоралик бўлмагани сабабли, жойларда одамлар “Эрк” Партияси қўғирочоқ ташкилот эканлигини билмасдан унга қўшилганлар. Айнан улар ҳозир “Эрк”нинг қўлга олдилар ва ҳақиқий мухолифатчилик қилиш ниятида эканликларини кўрсатишга бошладилар. Масалан, партиянинг ҳозирги раиси Самад Мурод 28 январда Тошкентда ўтказилган “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг мажлисида қатнашиб, демократик мухолиф ташкилотлар биргаликда ишлашлари кераклиги ҳақида сигнал берди.