14 June 2009
00:50 - Фарғоналик “Бирлик”чилар Янгиқўрғонда йиғилишди

Бугун “Бирлик” Партияси Фарғона вилояти кенгаши фаоллари Янгиқўрғонда йиғилишди. Вилоятнинг Фарғона, Ўзбекистон, Риштон, Бувайда туманлари, Яйпан ҳамда Қўқон шаҳар кенгаши аъзоларидан иборат 16 нафар бирликчи мавжуд ижтимоий сиёсий вазиятга баҳо бераркан, бугун партия сафларини мустаҳкамлаш асосий вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлашди. Партия раисининг ўринбосари Ҳамдам Сулаймоннинг таъкидлашича, мазкур йиғин расмий конференция ёки кенгаш мажлиси бўлмаса-да, унда муҳим масалалар муҳокама қилинган. Улар - яқин келажакдаги Қурултойга тайёргарлик, мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятга баҳо бериш, сафларга янги аъзолар жалб қилиш масалаларидир.

Вашингтондан бу ерга телефон орқали боғланган партия раҳбари Абдураҳим Пўлат жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинган “Юзга юз минг” кампаниясига фаолларнинг муносабати билан қизиқаркан, уларни яна-да фаолликка даъват қилди. Мажлис иштирокчилари, хусусан, қўқонлик кекса бирликчи Эргашали Қўшматов партия раҳбарияти ташаббуси билан олиб борилаётган “Юзга юз минг” кампанияси шунчаки хабаркашлик эмас, балки юртимиз, кишиларимизнинг юрак уришини ўрганиш борасидаги улкан бир тадқиқотга киришиш экани, бу иш мухолифатнинг фаолиятни жонлаштиришга қаратилган механизмлардан бири бўлиб қолишини эътироф этди.

- Биз жамоатчиликка етказаётган ҳар бир хабар орқасида реал кундалик ҳаёт воқеалари, уларнинг вужудга келиш сабаблари ва омиллари ётибди. Афсуски, айрим кишилар оддий дараклардан иборат йирик бир тадқиқотнинг стратегиямизни шакллантириш, кишилар орасига кириб бориш борасидаги аҳамиятини тушунмаяпти, - деди партиянинг Фарғонадаги лидери Адҳам Муҳиддин.

Мажлис сўнгида хорижда истиқомат қилаётган айрим партия вакиллари, хусусан, “Эрк”нинг собиқ лидери ислом фанатиклари билан шубҳали битимларга қўл ураётгани - мамлакатимизда ҳали тўла оёққа туриб улгурмаган демократиянинг оёғига болта уриш демократия душмани бўлган жорийдаги режим тегирмонига сув қуйиш деб баҳоланди, бир демократнинг буқаламундек ҳар куни ранг ўзгартириб туриши бошқаларга сабоқ бўлиши лозимлиги таъкидланди.