09 February 2017
22:32 - Руслар турклардан ўч олгандек бўлди: Россиянинг ҳарбий учоғи янглишиб Сурияда турк аскарлари турган бинони бомбалади, уч турк аскари ҳалок бўлди
Туркия матбуотининг шу соатлардаги асосий хабари – русларнинг ҳарбий учоғи Суриянинг яқинда турклар тарафидан катта қисми ИШИДчилардан озод қилинган Эл Баб шаҳридаги бир бинони янглишиб бомбалагани ва бу бинода бўлган турк аскарларидан 3 нафари ҳалок бўлгани, 11 нафари ярадор бўлганидир. Яраланганларнинг биттаси оғир аҳволда эканлиги айтилмоқда.

Эл Баб яқин кунларгача бутунлай ИШИД қўли остида эди. Аммо, Туркия қўшинлари Суриядаги дунёвий мухолифатчиларнинг жангчилари билан унинг катта қисмини террористлардан тозалашган ва тозалаш давом этмоқда эди. Туркия Суриядаги урушда Россия билан иттифоқчи эканлиги маълум, айнан шу иттифоқчилик доирасида рус ҳарбий учоғи ИШИДчиларни бомбалаш ниятида ҳужумга қиришган ва янглишиб туркларни урган кўринади.

Россия Президенти Владимир Путин бу воқеа бўйича турк халқига таъзияларини изҳор этди.

Минг афсуски, урушларда бундай исталмаган воқеалар бўлиб туради. Аммо, 2 йил аввал турклар Сурия осмонида бир рус ҳарбий учоғони уриб туширишгани, яқинда Анқарада бир турк террористи Россия элчисини отиб ўлдиргани каби воқеалар соясида бугун уч турк аскарининг ўлдирилишини русларнинг қасоси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилувчилар ҳам топилса керак. Аслида, ундай эмас.

Шундай қилиб, Туркия армияси 2016 йил 24 августда “Ефрат Қалқони” номли оперция бошлаб, Сурияга киргандан бери бу ерда ҳалок бўлган турк аскарларининг сони 64 га чиқибди.