07 February 2017
17:24 - Шавкат Мирзиё: Ўзбекистонда раҳбар ходимларнинг этика кодексини ишлаб чиқарамиз. “Ҳаракат”: Раҳбарларни сайловчилардан қўрқадиган қилиш керак!!
Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, давлат раҳбари Шавкат Мирзиё томонидан ҳукумат вакиллари, давлат ҳокимяти органлари раҳбарларининг этика қоидаларини ишлаб чиқиш ва шу йилнинг ярмига қадар барча раҳбар-ходимларнинг ахлоқи юзасидан мониторинг ўтказиш бўйича топшириқ берилган. Президент ўз виртуал қабулхонасига аҳолидан тушаётган шикоятларни ўрганиш ва унинг хулосаларидан келиб чиқиб, шундай кўрсатма берган. Аҳолидан тушаётган шикоятларнинг аксариятида давлат ҳокимяти органлари вакилларининг фуқароларга қўпол ва дағал муомалада бўлиши таъкидланган.

Спутник нашрининг хабар қилишича¸ 2018 йил июлига қадар Бош прокуратура¸ Адлия ва Меҳнат вазирлиги амалдорларнинг ахлоқ қоидаларига қандай риоя қилаëтгани юзасидан мониторинг ўтказади.

Этика ҳаммада бўлиши керак, фақат раҳбар ходимларда эмас, дейди мухбиримиз. Аммо, кўриниб турибдики, Шавкат Мирзиёнинг асл мақсади раҳбар ходимлар ўз хизмат вазифаларини яхши бажаришига эришишдир. Буни этика билангина қилиб бўлмаслигини ҳар қандай ақли бор одам яхши тушунади.

Раҳбар ходимлар ўзларини сайлаган ёки ўзларини тайинлаганларни сайлаганлардан, яъни сайловчилардан, таъбир жоиз бўлса, қўрқадиган бўлишлари керак. Ўшандагина улар ҳамма вазифаларини тўлиқ бажарадилар.

Демак, сайловлар демократик шаклда ўтказилиши керак. Ўшандагина сайловчиларнинг ғазабидан қўрққан раҳбар ходимлар ўз хизмат вазифаларини тўла бажарашга бошлайдилар.