
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Аъзам Фармон ўзининг галдаги амнистиядан маҳрум қилинганини шу йилнинг 3 февраль куни рафиқаси Озода Ёқубовага қўнғироқ қилиб билдирибди. (Маҳкумнинг 2 ойда бир марта уйига қўнғироқ қилиш ҳуқуқи бор – “Ҳаракат”). “Аъзам ака 3 февраль куни кечқурун уйга қўнғироқ қилиб, ўзининг амнистиядан маҳрум қилинганини айтдилар. “Озода, мени амнистия комиссияси яна “за борт” қилди” дедилар. Чиқишларига умид қилиб тургандик” дейди Озода.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 1 май куни жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани суди 9 йиллик жазо муддатини тўлиқ ўтаган Аъзам Фармоновни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасалари тартибини бузиш) айби билан яна 5 йилу 26 кун муддатга озодликдан маҳрум қилганди.
Журналист Дилмурод Саид амнистиядан маҳрум қилинди
Шу йилнинг 2 февраль куни журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саид Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистиядан маҳрум қилинди. Умумий авф бўйича махсус комиссия журналистга оид жиноят иши ва унинг хулқига нисбатан ижобий баҳо бермаган.
Ҳолбуки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова шу йилнинг 20 январь куни Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида ўтказилган тақдимот маросимида Дилмурод Саиднинг февраль ойи бошларида озод қилиниши борасида тахмин борлигини айтганди.
“Эзгулик” жамиятига кўра, бир неча кун аввал журналист ўзи сақланаётган қамоқдан ҳамкасбларига хат чиқаришга эришган. Мактубда унинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев номига йўлланган шикоят хатлари ўз манзилига етиб бормагани айтилган.Мактуб давомида Дилмурод Саидов ўз вақтида манзилига етиб бормаган шикоятларини бундан бир неча кун аввал электрон шаклда мазкур инстанцияларга йўллашга муваффақ бўлганини айтади.
Шунингдек, журналист шикоятда ўзига очилган жиноят иши сохта экани, тергов ва суд жараёнларида қўпол процессуал хатоликларга йўл қўйилганини исботлашга ҳаракат қилган. Аммо бу шикоятларнинг тўлиқ ўрганилиши ва жиноят ишининг бекор қилинишига нисбатан унда умид қолмаган.
Эслатиб ўтамиз, Дилмурод Саид 2009 йили уйдирма айблар билан 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Уни қамоқхонада кўриш учун йўлга чиққан турмуш ўртоғи ва қизчаси йўлда автоҳалокатда ҳалок бўлганлар. Ўшанда Дилмурод ёзган қуйидаги сатрлар ҳар қандай одамнинг юрагига уради. Аммо, Ўзбекистондаги режимининг бошида турганларда юрак йўқ-ку.
Қўш тобутда енгилгина тебраниб,
Ёрим кетди, болам кетди Ўша кун.
Алам тўла кўксимда қалб инграниб
Жон тўлғониб мотам тутди Ўша кун.
“Алвидо!”лар айтолмадим ёш тўкиб,
Тобутларга чирмашмади қўлларим.
Кишан бандлаб, тиканли сим йўл тўсиб -
Боролмадим…Сирғанч эди…йўлларим.
Сўнги манзил - Ужмаҳ томон демай сўз
Ёрим кетди боламни ҳам етаклаб!..
Неча йилки, кундузлари узмай кўз,
Тун қўйнида қон йиғлайди телба қалб!.
Қўш тобутда енгилгина тебраниб,
Қизчам кетди, оқ йўргакка ўраниб.
Гўдак Руҳи бу ёзмишдан ҳайронли,
Ёрим кетди - шаҳид, Руҳи исёнли!
Маним қалбим қонга тўлди аламдан,
Мазлум қисмат Нафрат бирла қалашди.
“Ал-қасосу мин ал-Ҳақ!”ни билмаган -
Разил у кун қон тўкди-ю Адашди!!!
* * *
Таҳририятдан: Даҳшат! Бу сатрларни ўқиш даҳшат –
"Қўш тобутда енгилгина тебраниб,
Қизчам кетди оқ йўргакка ўраниб."