01 February 2017
21:18 - Трампнинг мусулмонларни АҚШга келишини қийнлаштирувчи фармонининг Ўзбекистонга дахли йўқ эмиш, бунга ёш бола ҳам ишонмайди
Бугун Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси президент Доналд Трампнинг 7 мамлакат фуқароларининг Қўшма Штатларга киришини вақтинча тўхтатувчи фармони Ўзбекистон фуқароларига тегишли эмаслиги ҳақида баёнот берди. Башарти, Ўзбекистон фуқароси айни пайтда Эрон, Ироқ, Сурия, Судан, Ливия, Яман ва Сомали фуқаролигига ҳам эга бўлса, унда бошқа гап.

Юқорида тилга олинган давлатлар билан қўш фуқаролиги бўлмаган ўзбекистонликларга эса президент Трампнинг АҚШга киришни тақиқловчи фармони таалуқли эмас.

Ўз-ўзидан тушунарлики, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқарллик тўғрисида”ги қонунида қўшфуқаролик мавжуд эмас. Демак, Ўзбекистон фуқаросига Трамп фармони дахл қилмайди, дейди мухбиримиз. Ўзбекистон фуқаролари “Суҳбатсиз визага мурожаат этиш дастури”да иштирок этишлари мумкин. Ушбу дастур муайян визага ариза берувчилар учун консул билан суҳбатдан ўтмасдан визага мурожаат қилишларига имкон беради.

АҚШ элчихонасинининнг баёнотисиз ҳам Доналд Трампнинг фармони Ўзбекистон фуқароларига тўғридан-тўғри тегишли эмаслиги маълум эди. Ҳа, тўғридан-тўғри тегишли эмас, аммо ҳар қандай ақли бор одам тушунадики, бу фармон ҳамма мусулмон давлатларидагиларга АҚШ визаси олишни шак-шубҳасиз қийинлаширади. Қолаверса, Доналд Трампнинг нияти айнан шундай. У ўз фармони билан Ислом дунёсига сигнал бермоқда: “Ислом терроризмини тўхтатиш йўлида ўзингиз бир нарсалар қилмасангиз, бунинг охири ўзларингиз учун ёмон бўлади.”

Жойи келгани учун такрорлаш керакки, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат айнан шу фикрни йиллардан бери айтиб келиш билан бирликда, ислом терроризмининг маркази яқинда Туркия ва Марказий Осиёга ўтишини урғулар эди. Марказ Туркияга кўчиб бўлди, энди навбат Ўзбекистонгами? Истанбулда янги йил кечаси 39 кишини ваҳшийларча ўлдирган террорист қўқонлик ўзбек бўлиб чиққанини АҚШ элчихонасидагилар билмайди деб ўйлайдиган аҳмоқ бормикан?