19 January 2017
18:17 - Қизиқ: Россия ва Ўзбекистоннинг бош прокурорлари Москвада учрашибдилар
Россиянинг Бош Прокурори Юрий Чайка ўзбекистонлик ҳамкасби Ихтиёр Абдуллаев билан ўзининг Москвадаги қароргоҳида 16 январда учрашгани, бу ҳақда Россия Бош Прокуратурасининг сайтида хабар ўша куниёқ берилганини кечроқ билиб қолдик.

Умумий гаплардан иборат хабарда икки мамлакат прокуратураларинининг ҳамкорлигини янада ривожлантириш муҳокама қилингани айтилади. У ерда диққатга сазовор бўлган икки тафсилот бор.

Биринчиси. Учрашувда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг МДҲга аъзо давлатлар бош прокурорларининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши фаолиятидаги иштироки ҳам муҳокама қилинибди. Қаранг, бош прокурорларнинг Мувофиқлаштириувчи Кенгашида Ўзбекистон Бош Прокурорининг эмас, Бош прокуратурасининг иштироки ҳақида гапирилмоқда. Демак, Ихтиёр Абдуллаевнинг ўзи у Кенгаш мажлисларида иштирок этмоқчи эмасми?

Иккинчиси. Учрашув пайтида кадрлар тайёрлаш соҳасида прокуратураларга оид ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Меморандум имзоланибди. Табиий, Ўзбекистонда Россия учун прокуратура соҳасида кадрлар тайёрланиши мумкинлигига аҳмоқ ҳам ишонмайди. Демак, гап Россияда бўлажак ўзбек прокурорларини ўқитиш ҳақида кетмоқда.

Аслида, бундай учрашув олқишланиши керак. Россияда турли маълумотларга қараганда 1 миллиондан 2 миллионгача Ўзбекистон фуқароси ишлаётгани, уларнинг катта қисми нолегал эканлигини ҳисобга олсак, прокуратураларнинг ҳамкорлигидан қочиб бўлмайди.

Қолаверса, аввалги хабарларимда кўп марта тилга олинганидек, Ўзбекистон ҳукумати тарибида чет элларда ишлаётган ватндшларимизнинг муаммолари билан шуғулланадиган вазирлик тузиш кераклиги ҳақидаги “Бирлик” Партиясининг таклифини тезроқ амалга ошириш лозим.