22 December 2016
14:34 - Берлиндаги теракт ва Анқарада рус элчиси ўлдирилишининг ҳеч ким эътибор бермаётган 2 та муҳим тарафи ва Ислом динининг ислоҳотлар қилишдан бошқа йўли йўқлиги

19 декабрда иккита воқеа юз берди, иккаласи ҳам теракт, тўғрироғи, исломий терактдир. Германиянинг пойтахти Берлинда Покистонлик ёки Афғонистонлик деб ҳисобланаётган қочқин катта юк машинасида Исо пайғамбарнинг туғилиш куни муносабати билан очилган ярмаркага бостириб кириб11 ёки 12 кишини ўлдирди. Туркиянинг пойтахти Анқарада эса, русларнинг фотакўргазмасини очилишида нутқ сўзлаётган Россия элчиси отиб ўлдирилди (расмда).

Кейин Германия расмийлари Берлинда теракт қилган одам Тунислик қочқин эканлигини, у ҳали ҳам топилмагани ва қўлга олинмаганини билдирдилар.

Анқарадги қотил эса, давлат полициясининг Россиядаги ОМОН (Отряд Мобильный Особого Назаначени) каби бўлимининг ходими бўлиб, кўргазма очилишига фуқаро кийимида келган, ўша куни хизматда бўлмаган 22 яшар Мевлют Мерт Олтинтош (Mevlüt Mert Altıntaş) исмли одам экан. У “Оллоҳу Акбар” деб ҳайқиришдан ташқари, Россия элчисининг ўлдирилиши Алеппода тинч аҳолини ўлдираётган руслардан қасос олиш эканлиги ҳақида ҳам бақирган. Бу ерга етиб келган хизматдаги полициячилар уни отиб ташлаганлар.

Жаҳонннинг ахборот воситалари б уикки теракт ҳақида сон саноқсиз таҳлиллар тарқатмоқдалар. Аммо, у таҳлилларда иккита нарса нима учундир йўқ.

Биринчиси. Бу икки теракт Ислом динининг юзига туширилган қора доғ ёки тамға сифатида қолади, Ислом динига салбий муносабат янада ортади, мусулмон бўлмаганлар ичида мусулмонлардан қасос олиш ҳаракатлари жиддий бичимда шаклланишга бошлайди.

Иккинчиси. Шу йил 14 июлда Франциянинг Ўрта Ер денгизи бўйидаги Ницца шаҳрида асли тунислик бўлиб, ҳозир Ницца шаҳрида яшаётган бир мусулмон ўз бошқарувидаги юк автомобилини денгиз соҳилида байрам қилаётган минглаб одамларнинг устига юрғазиб, 80 кишини ўлдирган эди. Мана энди Берлинда айнан шундай қилинди. Тунисли йигит бир катта юк автомашинасининг ҳайдовчисини ўлдириб, унинг автомобилини қўлга олди ва одамлар устига бостириб, 11 ёки 12 кишини ўлдирди.

Туркияда эса, полиция хизматчиси, яъни қўлида қонуний қуроли бор одам теракт уюштирди.

Қаранг, энди терактлар уюштириш учун араблар ихтиро қилган белига бомбачалар боғлаб ўзини ўзи портлатиш усули ҳам керак эмас. Ҳозир катта юк машиналари билан кўчалар тўла, улардан биттасини қўлга олиб, кўплаб одамларни босиб ўлдириш мумкин.

Террорчилар давлатнинг хавфсизлик хизматчилари ичида етиштирилса, улар қўлларидаги қурол билан, расмий жойларга полициячи сифатида текширувсиз кириб, кофир деб ҳисоблаган одамларини ўлдираверадилар.

Баъзи аҳмоқлар миллионлаб мусулмонлар жуда яхши одамлар эканлигини, улар ҳеч қачон террорга аралашмасликларини гапирмоқдалар. Улар ҳақ, сони 1,5 миллиардга етиб қолган мусулмонларнинг мутлақо кўпчилигини намоз ўқиш, рўза тутиш, имкон бўлса ҳаж қилишдан бошқа нарса қизиқтимайди. Аммо, Ислом динининг ҳамма талабларини бажариш, жумладан, мусулмонлар яшайдиган жамиятларда шариатни жорий қилиш, исломий давлатларни Халифаликка бирлаштириш, кофирларни ёки ислом динига ўтказиш ёки йўқ қилиш устида ишлаш Оллоҳ олдидаги вазифаси деб ҳисоблайдиган ва шу ҳақда ўйлайдиган, балки, 1 фоиз, яъни 15 миллион мусулмон бор.

Тўғри, уларнинг кўпчилиги шуларни ўйлайди, аммо ўзича амалий иш қилмайди. Шу бир фоиз ичидаги бир фоиз мусулмон эса, ўлса жаннатга тушишига ишониб, кофирларга қарши ҳар нарса қилишга, ўлимга кетишга ҳам тайёр. 15 милионнинг бир фоизи 150 мингдир. Табиий, бу тахминий, ҳатто минимал рақамлардир. Аммо, шунча мусулмон ҳам, дунёни даҳшатли қўрқув ичида ушлаб туришга кучи етади. Қолаверса, юқорида айтилган 15 миллион мусулмон 150 минг террористга қўшилишга маънавий тайёр.

Бугун бўлмаса ҳам, аста-секин бу нарсаларни тушуниб етадиган номусулмонлар, яъни кофирлар, мусулмонларга қарши уруш бошлашлари ва қолоқ ҳамда қашшоқ мусулмонлар устидан ғалаба қозонишлари муқаррардир.

Мана шу ҳақда мусулмонларнинг ўзи ҳам ўйлаши керак ва ҳатто шарт. Агар ўйлашга бошласалар, Исломда фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, Қуръонни қайтадан тафсир қилиш ва ҳозирги хато тафсирдан келиб чиқувчи ва терроризмга йўл очувчи тушунчалардан қутилиш кераклигини тушунадилар.

“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат айтаётгандек, бундай ислоҳотлар натижасида, биринчи навбатда, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши керак, охир оқибатда, Исломнинг ягона фарзи Имон бўлиб, намоз, рўза, ҳаж (закот гапириб ўтиришга ҳам лойиқ бўлмаган нарсадир) фарз эмас, қилинса савоб, қилинмаса, гуноҳ бўлмаган амалиётлар эканлиги ҳам тан олинади.