
Бугун Тошкентда “Бирлик” Партияси Бош котиби, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси вакиллари Стефан Сжвид (Stefan Szwed) ва Инта Ласъе (Inta Lase) билан учрашди. Ўзбекистондаги президентлик сайловларини кузатиш миссияси билан келган делегация мамлакатдаги муҳим сиёсий анжуманнинг пухта ташкил этилганига қарамай у демократик қадриятларга зид ўтганини таъкидлашган. Хусусан, сайловларда бирорта мухолиф партия номзодининг қатнашмагани, сиёсий партиялар ўртасида айнан сиёсий рақобатнинг мавжуд эмаслиги барча даъволарни чиппакка чиқаришини айтган.
“Айни хулосаларга ҳамоҳанг равишда “Бирлик”нинг сайловларда иштирок эта олмагани, бир неча йиллардан бери етарлича имзолар йиғиб, топширганимизга қарамай рўйхатдан ўтказишмаётгани ҳақида гапириб бердим. Улар бу фактга қизиқиб қолишди. Мен Адлия вазирлиги билан рўйхатга ўтиш масаласида тўхтовсиз иш олиб борганимиз, президент Ислом Каримов даврида айнан “Бирлик”нинг реал оппозицион кучга эга эканини мисоллар билан тушунтирдим. Бу борада ЕХҲТ сингари тишсиз халқаро ташкилотларнинг ҳам иккиюзламачилик сиёсатига урғу бердим” дейди Васила Иноят.
Маълум бўлишича, ҳуқуқ ҳимоячиси ва халқаро ташкилот вакилларининг сиёсий ҳуқуқлари борасидаги фикрлари ўзаро ҳамоҳанг чиққан. Бюронинг масъул ходимлари бўлган бу одамлар мамлакатда “Бирлик” Партиясининг рўйхатга олиниши борасида ўз раҳбарларига махсус ҳисобот тайёрлашларини айтишган.
Расм "Ҳаракат" сайтида 2016 йил 14 июлда эълон қилинган "Буюкбританиянинг янги Бош вазири этиб Тереза Мэй тайинланди, у ўзбекнинг Васила Инояти даражасига чиқоладими, “темир леди” бўлоладими?" сарлавҳали хабардан олинган. У ерда Тереза Мэй ва Васила Иноятни кўрмоқдасиз.